Мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиёдаги биринчи азот заводи ҳисобланган «MAXAM-CHIRCHIQ» акциядорлик жамиятининг тарихи 1932 йилдан бошланган. Корхона 1940 йилда ишга туширилган бўлиб, у дастлаб Чирчиқ электр кимё комбинати, деб номланар эди. Ўша вақтда завод Чирчиқ шаҳри шаҳарсозлигининг вужудга келиши ва ривожланишида асосий ролни ўйнади.
Бугунги кунда «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик корхона саналади. Ўтган давр мобайнида корхонанинг аъло даражадаги ишчанлик обрўси шаклланди, шу билан бирга унинг ишончлилиги ортди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг юқори сифатлилиги жиҳатидан маҳаллий ҳамда хорижий шериклар ва истеъмолчилар орасида ҳурмат қозонди.
«MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ бошқаруви раиси Ҳотам Анварович САЙДАҲМЕДОВ корхонанинг кейинги ривожланиш истиқболлари ҳамда олдинда турган вазифалар ҳақида «ЎзИА» мухбирига сўзлаб берди.
– 2007 йилда Испаниянинг Maxam Corp S.A.U. компанияси корхона акцияларининг 49 фоизини сотиб олиши муносабати билан корхона «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ деб қайта номланганлиги маълум. Испаниялик инвесторлар корхонага келган вақтдан бошлаб унинг номидан ташқари яна нималар ўзгарди?
– Ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги, маҳсулотнинг юқори сифати ва истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариш бу – ҳамиша корхонамизнинг иш услубини белгилаб берган асосий принциплар саналади. Ҳозирги кунда корхонада ишлаб чиқаришда жаҳон стандартларига мос келадиган, Ўзбекистонда ҳам, чет элда ҳам барқарор талабга эга бўлган сифатли маҳсулот тайёрлаш имконини берувчи замонавий технологиялар қўлланилмоқда. Заводимизнинг устав фондидаги улуши Maxam корпорацияси томонидан сотиб олинганидан кейин мавжуд ишлаб чиқаришларни реконструкция ва модернизация қилиш ҳамда қўшимча инвестиция маблағларини жалб этган ҳолда янги ишлаб чиқариш жараёнини барпо этиш борасида бир қатор ишлар қилинди. 2013 йилда карбамид ишлаб чиқаришнинг реконструкция қилиниши, 2014 йилда Кичик зичликдаги аммоний нитрати қурилиши, АК-72 ва АК-72М азот кислотаси ишлаб чиқаришнинг модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши, 2015 йилда минерал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлаш учун хомашё ишлаб чиқаришнинг реконструкция ва модернизация қилиниши шулар жумласига киради. Амалга оширилган ишлардан кўзланган мақсад мавжуд ишлаб чиқаришлар қувватини ошириш ва барқарорлаштиришдан иборат эди.
Бундан ташқари корхонада корпоратив бошқарув тизими амалга оширилмоқда.
– Бозор иқтисодиёти шароитида сифат – бу ҳар қандай компания фаолиятининг асосий устуворлиги ҳисобланади. Заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятлари ва уларнинг рақобат жиҳатдан устунликлари нималардан иборат? Ниманинг ҳисобидан юксак сифат кўрсаткичларига эришилмоқда?
– Шуни эътироф этиш керакки, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати – бозор шароитида фаолият юритишнинг муҳим омили ҳисобланади. Чунки нафақат бозор сегментларининг кенгайишини ва рақобатбардошликнинг ошишини таъминлайди, балки корхонанинг янада ривожланишига ва фойданинг ошишига хизмат қилади. Корхонамиз минерал ўғитлар ва кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бу борада сифат жуда муҳим. Ташкилот менежмент тизимининг мақсади истеъмолчиларнинг юқори талабларини қондиришдан иборат.
«MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ фаолиятининг асосини комплекс ёндашув – стратегия ва бизнес-режани шакллантиришдан тортиб то якуний натижа – юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ишларнинг тўлиқ циклини бажариш ташкил этади. Бунга келиб тушадиган хомашё ва материалларнинг кириш назорати ҳамда маҳсулот сифатини синовдан ўтказиш, шунингдек, ўлчашни амалга ошириш имконини берувчи энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ўз лабораториясининг мавжудлиги ёрдам бермоқда. Жараёнларнинг самарадорлигини ва белгиланган мезонларга мос келишини – маҳсулот ҳаётий циклининг барча босқичларида ISO 9001; ISO 14001; ISO 50001 и OHSAS 18001 халқаро стандартларига мос келишини баҳолаш учун жараёнларнинг таҳлили, мониторинги ва назорат қилиш мунтазам амалга ошириб турилади.
– Айтингчи, корхона учун халқаро сертификатлашнинг устунликлари нималардан иборат?
– Менежмент тизимини сертификатлаш корхона учун муҳим қадам бўлди. Заводда биринчидан, ижро интизоми яхшиланди, бу нохуш ҳолатлар ва бузилишлар юзага келишининг олдини олишга ёрдам беради. Иккинчидан, ишлаб чиқаришнинг хавфли участкаларини назорат қилиш ва ишлаб чиқариш фаолияти жараёнида юзага келадиган таваккалчиликларни бошқариш кучайди, демак, минтақадаги экологик вазият ҳам яхшиланди. Учинчидан, бу корхонанинг рақобат жиҳатдан устунликлари, инвестициявий жозибадорлиги, шу жумладан тендерларда иштирок этишда, бизнеснинг бевосита ва билвосита харажатлари, хусусан, йўқотишларни компенсациялаш учун харажатларнинг камайиши, ички бозорнинг кенгайиши ва экспорт имкониятларининг ортишида ҳам кўзга ташланди.
Пировардида, менежмент тизими корхонани бошқаришнинг ходимлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишидан ёки унинг эришилган даражада сақлаб турилишидан манфаатдор бўладиган механизмини яратади.
– Ҳозир жаҳонда ишлаб чиқаришнинг экологик хавфсизлиги масаласи ўта долзарб бўлиб турибди. Айтингчи, бугунги кунда айнан сизнинг корхонангизда атмосферани, атроф-муҳитни ифлослантиришга қарши курашиш борасидаги ишлар қай даражада амалга оширилмоқда?
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда экологик хавфсизликни таъминлаш учун табиатни муҳофаза қилиш бўйича учта асосий йўналишни ўз ичига олувчи комплекс иш тизими ишлаб чиқилиб, фаол қўлланилмоқда. Булар:
● мунтазам жорий иш (кузатиш, назорат, тезкор чоралар кўриш, ҳисоб юритиш, ҳисоботлар ва ҳоказо);
● ташкилий иш (нормативларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, экологик ўқитиш ва тарғибот);
● истиқболли йўналишлар (чиқиндилар, ташламаларни камайтириш юзасидан қарорлар қабул қилиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш босқичида қарорлар қабул қилиш ва бошқалардан иборат).
Ҳар куни корхонада санитария лабораторияси томонидан қуйидаги йўналишлар бўйича таҳлилий назорат ва доимий мониторинг ўтказиб турилади: иш зонасининг ҳаво муҳити; санитария-иҳота зонасининг атмосфера ҳавоси; корхоналар манбаларидан газ чиқиндилари, корхоналарнинг оқова сувлари, корхона томонидан оқова сувлар чиқариб юборилгунга қадар ва ундан кейин сув объектларининг сифат таркиби; сизот сувлар (кузатув қудуқлари тармоқлари мавжуд).
Корхонада нормал экологик вазиятни сақлаб туриш мақсадида ҳар йили атмосфера ва сув объектларига ифлослантирувчи моддаларни чиқариш (ташлаш)ни камайтириш, ишлаб чиқаришнинг қаттиқ чиқиндиларини жойлаштириш бўйича табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг режалари ишлаб чиқилиб, бажарилади. «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ишлаб чиқариш цехлари ва бўлинмаларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун 2018 йилда 307,3 миллион сўм ва 76 минг АҚШ доллари қийматидаги тадбирлар бажарилди.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олтингугурт кислотаси ишлаб чиқаришининг ванадийли катализаторини ишлаб чиқариш бўйича тажриба-саноат қурилмасининг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги баёнот лойиҳаси, мавжуд турар-жой комплексларини мукаммал таъмирлашнинг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги баёнот лойиҳаси, азот кислотаси ишлаб чиқариш бўйича АК-72М агрегатини реконструкция ва модернизация қилишнинг табиатга (атроф-муҳитга) таъсири тўғрисидаги баёнот лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Техник сув аммиаки, суюқ техник аммиак, концентрациялашган азот кислотаси, «КАС» суюқ азот ўғити, универсал тўйинтириш эритмалари ишлаб чиқариш технологик жараёнлари учун экологик сертификатлар олинди.
Жорий йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича 597,2 миллион сўм умумий қийматдаги 19 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилган. 2019 йилнинг 1-чорагида ташламаларнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори (ТЧМ) нормативларини қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш учун корхонада 48,1 млн сўмдан ортиқ қийматдаги тадбирлар бажарилди.
2019 йилнинг 1-чораги якунларига кўра «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ташламаларининг манбалари томонидан атмосферага 508,43 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилди, бу йил чораги учун белгиланган ТЧМ нормативидан 1271 тоннага кам. Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлари талабларига мувофиқ чиқиндиларнинг қуйидаги турларига экологик сертификатлар олинди: ишлатилган катализаторлар, ишлатилган мой, ишлатилган автошиналар, металл парчалари, моноэтаноламин тозалаш куб қолдиқлари ва бошқалар.
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ таркибида Ўзбекистон ҳудудидаги ягона катализаторли ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатиб турибди. Ушбу ишлаб чиқариш цехи жарёни ҳақида сўзлаб берсангиз. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга бўлган талаб қанча?
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг катализатор цехи 1949 йилда фойдаланишга топширилган. Ўшанда собиқ иттифоқда биринчи марта кислороддан водородни юпқа тозлаш ва азот алмашинуви учун никель-хром катализаторини ишлаб чиқариш бошланган эди. Никель-хром катализаторини ишлаб чиқариш услуби ҳозирги вақтда МДҲнинг бошқа заводларида ҳам қўлланилмоқда. Фаолият йиллари мобайнида ушбу цехда катализаторларнинг 15 дан ортиқ қуйидаги турлари ишлаб чиқарилди, жумладан, ОХК-2Э углерод оксидининг ўртача ҳароратли катализатори, ЧПС-03, АНМ, ЧКР-03, ЧКГ, НТК-4у, ТО-2, СА-С, СА-СВ, ГИАП-8, ГИАП-14 олтингугуртли бирикмаларни ютувчи моддалар. Шу билан бирга катализаторлар ажойиб фойдаланиш хусусиятларини кўрсатмоқда. Масалан, ЧПС-03 юткичи «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ва «Farg‘onaazot» АЖда 2011 йилдан буён АМ-76 да фойдаланилмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган катализаторларнинг сифати кўп йиллик синовлар ҳамда республикамиз ва хорижий кимёвий саноат корхоналарида фойдаланиш орқали тасдиқланган. Солиштирма юзаси ва таркибидаги хомашё миқдори бўйича хорижий аналоглардан устун туради. Катализаторларни ишлаб чиқариш технологиялари Ўзбекистон Республикасининг патентлари билан ҳимояланиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Ҳар йили биз ишлаб чиқариш суръатлари ҳамда экспорт улушини ошириб бораяпмиз. Асосий катализаторлардан ташқари цехда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Полимерлар физикаси ва кимёси институти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тажриба катализаторлари чекланган партияларда ишлаб чиқилади. Яқин вақт ичида катализатор цехи ускуналари негизида ванадийли катализаторларини ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, унинг ишлаб чиқариш қуввати Ўзбекистон кимё саноатининг эҳтиёжларини тўлиқ қоплаши ва импортнинг ўрнини босиши мумкин.
– Сўнгги йилларда корхона ўз ишлаб чиқариши ҳажмини фаол тарзда оширмоқда. Бугунги кунда маҳсулотларингиз қайси мамлакатларга экспорт қилинмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3246-сонли «Кимё саноати ташкилотларининг экспорт-импорт фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ корхонамизда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотлар «Ўзкимёимпэкс» МЧЖ ташқи савдо компанияси ҳамда Maxam Corp корпорацияси, CR Capital Resources компанияси ва «Максам-Қозоғистон» МЧШнинг аффилланган шахслари орқали экспортга сотилади. Бугунги кунда тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Монголия, Россия, Молдова, Руминия, Болгария ва Корея каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
– Экспертларнинг ишонтиришларича, кимё тармоғи кўплаб бошқа бозорлардан фарқли ўлароқ иқтисодий беқарорлик таъсирига унчалик ҳам дучор бўлавермайди. Бундан ташқари кимёвий маҳсулотлар жаҳон нархининг кенг кўламли пасайиши ҳам кузатилмаяпти. Балки айнан шунинг учун мазкур соҳа инвестициялар учун энг жозибадор соҳалардан бири бўлиб қолаётгандир. Корхона ҳозир қандай инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда ёки амалга оширишни режалаштирган? Инвестициялар аниқ нималарга йўналтирилмоқда?
– Охирги 10 йил мобайнида инвестиция дастурига мувофиқ корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш, унинг таннархини пасайтириш, энергия ресурслари сарфини камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда фаолият кўрсатиб турган ишлаб чиқаришларнинг ишлашини барқарорлаштиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 июлдаги ПҚ-677-сонли қарорига мувофиқ «Аммиак-76» аммиакининг йирик тоннали агрегатини реконструкция қилиш ва модернизациялаш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бу агрегатнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, энергия истеъмолини камайтириш ҳамда атмосфера ва сув ҳавзаларига ифлослантирувчи моддаларни чиқариш (ташлаш)ни камайтириш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 12 мартдаги ПҚ-1072-сонли қарорига мувофиқ корхонада иккита инвестиция лойиҳаси тугатилди. 2011–2012 йилларда карбамид ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш ҳисобидан йиллик ишлаб чиқариш қуввати оширилди, бу мамлакатимизнинг ички эҳтиёжини қондириш, корхонанинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда карбамид ишлаб чиқариш учун хомашё ва энергия ресурсларининг сарфи нормаларини камайтириш имконини берди. 2012 йилда корхонада экспортга йўналтирилган маҳсулот – асосан тоғ-қазиб чиқариш корхонлари томонидан қўлланиладиган паст зичликдаги аммоний нитрат ишлаб чиқариш бўйича янги қурилманинг қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 октябрдаги ПҚ-1623-сонли қарорини бажариш мақсадида «Минерал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг барқарор ишлашини таъминлаш учун хомашё ишлаб чиқаришларни реконструкция қилиш ва модернизациялаш» лойиҳасининг амалга оширилиши ҳисобидан олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми бир йилда 140 минг тоннадан 165 минг тоннагача оширилиб, хомашё истеъмоли сарфининг нормалари камайтирилди, шунингдек, аммиак ишлаб чиқариш цехида табиий газ сарфи ҳам камайтирилди. 2016 йилда яна бир энергиявий самарали лойиҳанинг амалга оширилиши ниҳоясига етказилди. У табиий газга бўлган йиллик эҳтиёжни 3,9 млн. м3га камайтириш ҳамда атмосферага зарарли моддаларни ялпи чиқариш (ташлаш)ни камайтириш имконини берди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2692-сонли қарорига мувофиқ «БНГ-172 (газларни қиздириш блоги) технологиясидан чиқариб ташлаган ҳолда ишланган газларни қиздириш усулини модернизация қилиш, АК-72М ««MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда концентрациялашмаган азот кислотасини ишлаб чиқариш» лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Унинг тахминий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Лойиҳани Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағларини қисман жалб қилиш йўли билан амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2019–2020 йилларга мўлжалланган.
– Фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиётнинг барча тармоқлари, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни жорий этиш мамлакатимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бугунги кунда корхонангизнинг фан билан ўзаро ҳамкорлиги қай даражада?
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг фан билан ўзаро ҳамкорлиги корхонани ривожлантиришнинг асосий бўғини ҳисобланади. Бугунги кунда республикамизнинг етакчи институтлари, корхоналари ва илмий-тадқиқот муассасалари: Тошкент кимё-технология институти, ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Умумий ва ноорганик кимё институти, ЎзР ФА «Физика-Қуёш» ИИЧБ материалшунослик институти, ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институти, «Хоразм антикорр инвест» ИЧК, Автомобиль йўллари ИТИ, «Магистр» ИИЧБ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.
Масалан, маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ўз саъй-ҳаракатларимиз билан ҳамда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. 2010 йилдан бошлаб фаол цинк оксиди, карбонат аммоний тузлари, КАС (карбамид-аммик аралашмаси) суюқ ўғитлари, ОХК-02 маркали СО углерод оксиди ўрта ҳароратли конверсияси катализатори, АНМ маркали углеводородлардан олтингугуртли бирикмаларни гидролаш катализатори, ЧПС-03 маркали олтингугуртли бирикмаларни ютувчи модда, азот-олтингугуртли гранулланган ўғит, ЧАС-13 маркали аммиак селитраси учун маҳаллий антислеживатель, Novo Flow маркали аммиак селитраси учун антислеживателлар, магний нитрат, калий сульфат, магний сульфат ўғитлар, универсал озиқлантирувчи аралашма (суюқ комплекс ўғитлар), фосфомочевинлар, сульфомочевинлар, модификацияланган пўк селитра, таркибида олтингугурт-магний микроэлементлари мавжуд бўлган карбамид, антинакипин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ҳозирги вақтда корхона мутахассислари республикамизнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва корхоналари билан бирга импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотларнинг қуйидаги янги ва яхшиланган турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича фаол илмий ва техник ишларни олиб бормоқда: олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш учун ванадийли катализаторлар, хелат шаклларидаги микроэлементлар, таркибида хелат шаклларидаги Fe, Cu, Zn микроэлементлари мавжуд бўлган КАС анъанавий минерал ўғитлар, NPKS сувда эрийдиган комплекс ўғитлар, оқ қурум ва бошқалар.
– Келаси йил «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг ташкил этилганига 80 йил тўлади. Бизнеснинг қанақа асосий тамойиллари корхонангизга бугунги кунда ҳам бутун Марказий Осиёдаги етакчи кимёвий корхоналардан бири бўлиб қолиш имконини бермоқда? Корхонангизнинг келгусида қай даражада ривожланиши хусусида ҳам тўхталсингиз.
– «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ ўз фаолиятида бизнеснинг истеъмолчини ўйлаб, яъни унинг талаб ва эҳтиёжини назарга олиб иш тутиш, ходимларни жалб этиш, жараёнли ва бошқарувга нисбатан систематик ёндашув, шериклар билан ўзаро фойдали муносабатларни доимий равишда такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш каби асосий тамойилларига амал қилади.
– Суҳбат учун ташаккур.