Rivojlanish istiqbollari

Геология қидирув — уран саноатининг муҳим босқичи

3-4/2024

 
     Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базаси ривожида уран саноати ҳам му­ҳим ўрин тутади. Хусусан, Рес­публикамиз уран хомашёси захиралари ва уни қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қатори­дан жой олган. Маълумки, уран захираларини аниқлаш ва ўрганишда геология-қидирув ишларининг ўрни беқиёс.
     Уран фойдали қазилма сифатида атом энергетикаси, тиббиёт, илмий тадқиқотлар ва бошқа соҳалар учун муҳим хомашё манбаи бўлиб, бугунги геосиёсий вазият ҳамда энергоресурсларга бўлаётган юқори эҳтиёждан келиб чиқиб мазкур фойдали қазилма учун талаб янада ортиб бормоқда.
     Уран захираларини тайёрлаш ва қазиб олиш жараёнларида гео­логия қидирув босқичида аниқланган маълумотлар асосий аҳамиятга эга бўлиб, бу босқич­да захираларни аниқлаш, уларни баҳолаш ҳамда кондан самарали фойдаланиш бўйича барча зарурий маълумотлар тўпланади.
     Ўзбекистон Республикаси ҳуду­дида уран минерал хомашё базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Уранкамёбметгеология» АЖ (собиқ «Қизилтепагеология» ДГК) томонидан амалга ошириб келинган.
     Сўнгги йиллар республикамизда геология соҳасида туб бурилишлар, янгиланишлар даври бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Соҳани модернизация қилиш ва рақамлашти­риш, геологик қидирув кўлами ва самарадорлигини ошириш, янги гео­логия тизимини яратиш ва уни ривожлантириш, табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, биринчи навбатда, геологик илм-фанни янада ривожлантириш ва замонавий кадрлар тайёрлашга замин яратишни мақсад қилган бир қатор қарорлар қабул қи­линиб, замонавий бурғи­лаш ва лаборатория ускуналари ишлаб чиқаришга жорий этилди. Хусусан, Ўзбе­кистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳам­да уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-319-сонли қарори билан «Уран­камёбметгеология» АЖ «Уран ва камёб металлар геологияси» илмий ишлаб чиқариш маркази сифатида «Навоийуран» давлат корхонаси таркибига киритилди ҳамда корхона бугунги кунда уранга геология-қидирув ишларидан тортиб уни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби барча босқич­ларни ўз ичига олган яхлит корхонага айлантирилди.
     Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни бажариш ва кўрсатмаларни амалиётга жорий этиш натижасида 2022 йил 1 ноябрда асосан уранга геология-қидирув ишлари билан фаолият юритиб келаётган «Уранкамёбметгеология» АЖ «Навоийуран» ДК таркибига «Уран ва ноёб металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази (Марказ) сифатида бирлаштирилди. Натижада «Навоийуран» давлат корхонаси уран захираларини излаш, баҳолаш, қазиб олишдан тортиб, уран чала оксидини ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олган тўлақонли ташкилотга айлантирилди.
     Бугун «Уран ва ноёб металлар геологияси» илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибида республиканинг шимолий, марказий ва жанубий қисм­ларида алоҳида геология-қи­дирув ишларини олиб борувчи Навоий ва Самарқанд вилоятларида жойлашган 3 та – «Букантау», «Нурота» ва «Зирабулоқ» геология-қиди­рув экспедициялари ҳамда Геология қидирув партияси фаолият юрит­моқда. Шунингдек, мазкур экспедицияларнинг дала геологик лойиҳа­лари натижалари асосида олинаётган тоғ жинслари, маъдан таркибларини, технологик эритмаларнинг аналитик таҳлилларини амалга ошириб келаётган Геологик лаборатория мажмуаси геология-қидирув ишларида хизмат қилиб келмоқда.
     Бир сўз билан айтганда, респуб­ликанинг барча ҳудудларида хусусан, Марказий Қизилқум, Зиявутдин-Зирабулоқ, Сирдарё ботиқликлари каби уранга ихтисослашган минтақаларида машаққатли ва шарафли касб соҳиблари бўлган геологлар, геофизиклар, геотехнологлар, бурғи­ловчи мутахассислар ва топограф-маркшейдерлар ўз тажриба билимлари асосида меҳнат қилишмоқда.
     Геология-қидирув экспедицияларининг мутахассислари томонидан уран минерал хомашё базасини мус­таҳкамлаш ва уран ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун геология-қи­дирув ишларининг барча босқичла­рида корхонанинг 70 йиллик таж­рибаларида тўпланган малакалар­ни қўллаган ҳолда амалга оширил­моқда.
     Юртимиз ҳудудларида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ­ерости бойликларининг захира ва прогноз ресурслари йилдан-йилга ошириб борилмоқда.
 
 
Шерали ЖЎРАЕВ, «Навоийуран» ДКнинг Геология бўйича директори
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.