2025 йил Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси учун юбилей сана. 30 йилдирки, мамлакатларимизни дўстлик ва ҳамкорлик кўприги боғлаб турибди. Ташкилотнинг мақсад ва ютуқлари, унинг ривожланиш даври ҳақида UTID раиси жаноб Давут Азми ЭРБАШ ҳикоя қилади.
– UTID қачон ва ким томонидан ташкил этилган? Унинг яратилиши ва ривожланиши тарихи ҳақида билмоқчи эдик?
– Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTID) 1995 йил 1 майда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расман маъқуллаши билан, иккала мамлакатнинг 10 га яқин давлат муассаси ва хусусий компанияси вакиллари иштирокида ташкил этилган. Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган турк компаниялари бизнесни ривожлантириш учун старт майдончаси сифатида UTID уюшмасидан барча зарур ахборот ва ёрдамни олиши мумкин. Шунингдек, у бизнес-қарор учун шерик излаётган ўзбек компаниялари учун ихтиёрий мувофиқлаштирувчи вазифасини ўз зиммасига олган.
Ушбу нотижорат ташкилотининг мақсади бизнес-шериклик ва ижтимоий-маданий муносабатларни ривожлантириш учун икки мамлакат ўртасида кўприк яратиш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, Туркия ва Ўзбекистон халқлари ўртасида дўстлик ва ўзаро фойдали савдо муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.
– UTID фаолият йўналишлари ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Нега Уюшма Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари учун энг жозибадор майдонча саналади?
– Бугун UTID аъзолари 120 кишига етган, улар қурилиш ва қурилиш материаллари, тўқимачилик ва мебелсозлик, туризм ва ресторан-меҳмонхона бизнеси, қишлоқ ва иссиқхона хўжалиги, қишлоқ хўжалиги техникаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари, банк иши, экспорт-импорт амалиётлари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, авиация ва транспорт-логистика инфратузилмаси, кўргазмалар, телекоммуникациялар, реклама фаолияти каби тадбиркорликнинг кўплаб соҳаларида иш олиб бормоқда. Аввало айтиш керакки, Уюшма нотижорат, ноҳукумат ташкилотидир. Бинобарин, бизнесдан, биз алоқа ўрнатган одамлардан бирор даромад кўриш мақсадимиз йўқ. Уюшманинг ҳамкорлик учун жозибадорлиги сири ҳам шунда, чунки у компанияларга афзалликлар тақдим этади. Уюшма аъзолари мунтазам равишда учрашувлар ташкил этмоқда, шунингдек, ҳамкорликда муваффақиятли бизнес юритиш учун турли имкониятларни ишга солмоқда.
– UTID доирасида Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доираларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилган энг муҳим лойиҳаларни айтиб ўтсангиз.
– Биз Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган тадбирларни энг муҳим тадбирлар сирасига киритиш мумкин. Туркия савдо палаталари билан алоқа қилиш орқали Ўзбекистон уларнинг фаолияти билан танишади, турк савдо палаталари аъзоларига эса Ўзбекистонга ташриф буюриш имконияти тақдим этилади. Бундай учрашувлар натижасида ўзаро бизнес юритиш учун қулай имкониятлар яратилади.
Фаолиятимизнинг яна бир муҳим жиҳати – маданият, фан ва таълим соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш, Туркия университетлари ва ўқув юртлари билан алоқалар ўрнатиш, ишбилармонлик муносабатларини ривожлантириш учун зарур мавзулар бўйича экспертлар билан семинарларни ташкил этиш. Бу йўналишдаги ишларга биз яқинда ташкил этган икки тадбирни: МЕТУ ўқитувчилари, Тошкент лойиҳалаш институтларининг мансабдор шахслари ва шу соҳадаги экспертлар иштирокида Қурилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган «Тупроқ ва зилзила»; Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда ўтказилган «Халқаро савдонинг ҳуқуқий жиҳатлари» мавзуларидаги семинарларни мисол келтириш мумкин.
Бундан ташқари биз турли ижтимоий тадбирларни уюштирамиз, уларга эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатишга тайёр барча одамларни таклиф қиламиз, болаларни турли байрамларда хурсанд қилишга интиламиз.
– Келгуси даврда UTIDнинг режа ва вазифалари қандай?
● Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо, саноат ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга ёрдам бериш.
● Уюшма аъзоларини долзарб ахборот билан таъминлаш, Ўзбекистон қонуний ва меъёрий ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида тезкор хабардор қилиш.
● Иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, банк иши ва суғурта каби UTID аъзоларини қизиқтирган масалалар юзасидан конференция, семинар ва мунозарали давра суҳбатларини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлик дунёси вакиллари учун муассасалар ва ноҳукумат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган учрашув ва тадбирларни фаол қўллаб-қувватлаш.
Fikr bildirish