Mutaxassis fikri

«Навоийуран»: Қизилқум бағридаги мўъжиза

3-4/2024

 

     Юртимизда неча-неча минг йиллик сирларини бағрида сақлаётган, ерости захирасига бой ва шунинг учун ҳам дунё сайёҳларию йирик инвесторларни ўзига жалб этиб келаётган манзиллар бисёр. Мин­тақамизнинг Саҳройи кабирга қиёс этилувчи, Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг аксарияти мавжуд бўлган Қи­зилқум чўллари ва айнан Зарафшон воҳаси бунга бир мисолдир. Бугун бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамият касб этаётгани барчамизга яхши маълум.
     Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ўтган йили ноябрь ойида Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилгани ва юрти­мизда уран саноатига асос солинганининг 65 йиллиги муносабати билан соҳа ходимларига юборган табригида шу хусусида сўз борар экан, Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда 5-ўринни эгаллаб тургани, «Навоийуран» давлат корхонаси эса ўз маҳсулотини юз фоиз экспортга йўналтираётгани келтириб ўтилди. Қирқдан ортиқ миллатга мансуб қа­рийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган НКМК ва уч йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан «Навоийуран» давлат корхонаси миллий саноатимиз фахри экани алоҳида қайд этилди.
     Чиндан ҳам ҳозирги кунда мамлакатимиз иқтисодий юксалишига салмоқли ҳисса қўшаётган гигант корхоналар қаторидан жой олган «Навоийуран» ДКни том маънода Қи­зилқум кенгликлари бағридаги мўъжиза, десак янглишмаймиз. Ер остидаги табиий уран захираларини излаб топиш, янги конларни ўзлаш­тириш, уран ишлаб чиқариш ҳажми­ни ошириш, замонавий технологияларни жорий қилишда ушбу корхона нафақат минтақамизда, балки дунё миқёсида алоҳида мавқе ва ўринга эга.
     Ушбу улкан салоҳиятли корхона фаолиятида, айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори янги даврни бошлаб берди. Айни ҳужжат ижроси доирасида корхона негизида уран хом ашё базасини барқарор ривожлантириш, уни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш, соҳани трансформация қи­лиш ҳамда унга инвестицияларни ва замонавий технологияларни жалб этиш, пировард натижада геологик ўрганишлардан чуқур қайта ишланган маҳсулот олишгача бўлган жараённи қамраб оладиган замонавий кластер фаолияти йўлга қўйилмоқда.

 

     Энергетик ресурслар тақчиллигида энг тўғри ечим

 

     Жаҳон экспертларининг бонг уришича, бир неча йиллардан сўнг инсоният учун сув ва ҳаводек зарур бўлган энергетик ресурслар, хусусан, нефть, газ ва кўмир захиралари тугайди. Бинобарин, ҳозирнинг ўзида сайёрамизнинг қарийб 2 миллиард аҳолиси замонавий энергетика хизматларидан фойдалана олмайди. Яшил иқтисодиётга ўтиш, ишлаб чи­қариш ва ижтимоий соҳаларда, турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш айни шароитда энг тўғри ёндашувлардан ҳисобланмоқда. Бугун ривожланган ва ривожланаётган давлатларда бу йўналишларда йирик-йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиняпти ҳамда уларга салмоқли капиталлар киритилмоқда. Шу билан бир қаторда атом электр станцияларини барпо этиш кўплаб мамлакатлар учун муҳим иқтисодий-сиёсий стратегик масала сифатида кун тартибига чиқаётир.
     Тарихга назар ташласак, 1954 йилда собиқ Иттифоқ ҳудудида дун­ёдаги илк атом электр станцияси ишга туширилиши билан энергетика соҳасида янги давр бошланди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошига келиб эса ўттизга яқин давлатда 430 дан ортиқ ядро реакторлари ишлар эди. Ҳозирга келиб АҚШ, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия каби давлатлар атом энергостанциялари ҳисса­сини мунтазам ошириб боришга ҳа­ракат қилмоқда. Ядро энергетикаси энг самарадор манба сифатида қа­ралаётир. Чунки ноядровий энергия­ни сарфлаш табиий ресурсларнинг сезиларли даражада камайиши ва иқлим исишига олиб келишини инобатга олган ҳолда ядро энергетикасини ривожлантириш энг оқило­на ечим бўлиб қолмоқда. Ушбу ечим инсониятни яна бир неча ўн йиллардан сўнг глобал энергетик етишмовчиликдан асраб қолади, деган ишонч бор.
     Ядро энергетикаси ривожи эса, сўзсиз, уран захираларини излаб топиш ва уни саноат даражасини ўзлаштиришни ошириб боришни та­қозо этади.
     Мана шу факт ва далилларнинг ўзиёқ «Навоийуран» давлат корхонасининг мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётида нечоғлик ҳал қилувчи таъсирга эга эканига ишора қилади.

 

     Корхона фаолиятида янги босқич

 

     Президентимизнинг юқорида кел­тирилган тегишли қарорига муво­фиқ, 2030 йилга қадар «Навоийуран» ДКда уран минерал хомашёси базасини 100 минг тоннага етказиш, янги конларни очишни таъминлашга йўналтирилган геология-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Корхона трансформациясини жадаллаштириш орқали замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиш, шунингдек, геология-қиди­рув ишларидан бошлаб юқори қў­шилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча бўғин­ларда ягона рақамлаштирилган тизимни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалар сирасига киради. Ҳозирда ўзлаштирилмаган ва саноат даражасида ўзлаштиришга тайёрланаётган конларда уран ва йўлдош металларни ажратиб олиш, шунингдек, ўзлаш­тирилаётган конларда уран ажратиб олиш даражасини ошириш эвазига яқин 5-6 йил ичида жаҳон бозорида ғоятда талабгир ушбу хом ашёни қа­зиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини икки бараварга кўтариш олдинда турган стратегик мақсад­лардан саналади.
     Бундан ташқари ишлаб чиқариш жараёнига замонавий, ресурстежамкор рақамли технологияларни киритиш, корхонанинг атроф-муҳитга зарарли таъсирларини камайтириш учун илмий пухта ўйланган, инновацион лойиҳаларни амалиётга йўналтириш, уран хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларида энг илғор халқаро тажрибаларни қўл­лаш, фан ва ишлаб-чиқариш ўртасидаги интеграцияни такомиллашти­риш ҳамда, табиийки, соҳада чуқур билимли, изланувчан, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва жалб қилиш «Навоийуран» ДК фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш­нинг зарурий мезонлари сифатида белгиланган. Бугун корхонада рўёбга чиқарилаётган янги ўзгаришлар, техник ва технологик янгиланишлар ушбу вазифаларнинг ижроси ўлароқ бардавомлик касб этяпти.

 

Анвар ЭРГАШЕВ, «Навоийуран» ДК Харидларни режалаштириш ва маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи

 

 

Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.