Rivojlanish istiqbollari

Жаҳон бозорига рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим вазифа

1-2/2025

 
     Маълумки, дунё тарихида давлатлар ривожланишида илм-фаннинг тараққиёти ва кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши муҳим ўрин тутган. XXI аср бошидан буён жаҳон иқтисодиёти ва саноатида кечаётган ўзгаришлар бунинг исботидир. Шу боис кейинги йилларда давлатлар асосий эътиборни илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан орқали ишлаб чиқариш, саноат ва бошқа тармоқларни юксалтиришга қаратмоқ­далар.
     Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлиши билан бир қаторда, республикамизнинг бой табиий ресурслари, ишлаб чи­қариш ва илмий-техник салоҳиятини ошириш мақсадида инновацион ривожланишга катта эътибор беришимизни даврнинг ўз талаб этмоқда.
     Жаҳон иқтисодиётида кучли рақобат, глобаллашув ва интеграция жараёнлари кучайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида, давлатларнинг барқарор ривожланиши учун доимий равишда изланишда бўлишни талаб эт­моқда. Шу билан бирга сўнгги йилларда барча соҳаларга рақамлаштириш ва роботлаштириш ҳамда сунъий интеллект каби юқори технологиялар жадаллик билан жорий этилмоқда. Жаҳон иқтисодиёти интеграциялашувнинг чуқурлашуви шароитида саноат корхоналарининг молиявий аҳволига таъсир этувчи омилларни кенгроқ ўрганиш, рақобат кучайиб бораётган бозор талабларига мос ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва самарали бошқариш заруратга айланмоқда.
     Жаҳон иқтисодиётида кейинги вақтда «яшил» иқти­содиёт концепцияси устувор вазифага айланмоқда. Бу соҳада кўплаб давлатлар томонидан аниқ дастурлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг ресурсларини тежайдиган ва экологик тоза моделига ўтиш ишлари олиб борилмоқда.
     Жорий йилнинг 5 апрелида Самарқанд халқаро иқ­лим форумида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтганидек, 2030 йилга бориб мамлакат энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга етказиш, 24 минг мегаватт «яшил» қувватларни ишга тушириш режалаштирилмоқда.
     Зеро, «яшил» иқтисодиёт – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқтисодий ривожланишни мувозанатли тарзда таъминлашга қаратилган муҳим йўналишдир. Саммитда давлатимиз раҳбари «яшил» энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма ва аграр соҳадаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.
Прагматик сиёсат туфайли Янги Ўзбекистон юксак марраларни забт этиш йўлида бунёдкорлик салоҳиятини бутун дунёга намоён қилмоқда. Юртимиздаги тинчлик-тотувлик, аҳиллик, давлатимизнинг халқпарварлик сиёсати мамлакатимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигига асос бўлмоқда.
 
Халқаро рейтинг олиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги ишлар
 
     Навоий кон-металлургия комбинати бугун геология, кончилик, металлургия, энергетика, маҳаллийлаштириш, транспорт, қурилиш каби йирик соҳаларни мужассам этган кўп тармоқли стратегик ишлаб чиқариш кластери ҳисобланади. Бу тармоқларнинг ҳар бири бўйича кенг қамровли ишлар, лойиҳалар, дастурлар амалга оширилмоқда. Бу эса комбинатни барқарор ривожлантириш, келгуси истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
     Ҳар қандай корхонани ривожлантиришда Инвестиция дастури алоҳида роль ўйнайди. 2016-2024 йилларда бундай лойиҳаларни амалга оширишда биз катта тажрибага эга бўлдик. Жамоамиз ўз кучи ва сало­ҳияти билан ҳар қандай йирик ҳажмдаги лойиҳаларни муваф­фақиятли амалга ошириб, билдирилган юксак ишончни оқлаб келмоқда.
     Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилин­ган Қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш дастури доирасида кейинги саккиз йилда умумий қиймати 3 миллиард долларлик 24 та йирик инвес­тицион лойиҳа ишга туширилди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, комбинатда инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш эвазига 2026 йилгача мўлжалланган дастур ижросини 2024 йилда, муддатидан икки йил олдин бажаришга эришдик. Шунингдек, дастурда белгиланган ишлаб чиқаришни 30 фоиз ошириш режаси ҳам 32,2 фоизга бажарилди. 2024 йилда олтин ишлаб чи­қариш ҳажми 3.10 млн. унцияга етди ва 2023 йилга нисбатан 5.4 фоизга ошди. Бу янги конлар ва қайта ишлаш қувватларининг ишга туширилиши ҳисобига амалга оширилди. Шу билан бирга корхона энг паст таннархга эга олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар қаторида қолмоқда ва 2024 йилда «All-in sustaining cost» (AISC) усули бўйича 979 АҚШ долларини ташкил этди.
     Бу рақамларни сўзда айтиш осон. Аммо унинг замирида жуда катта машаққатли меҳнат ётибди. Жамоамизнинг юқори малакали муҳандис ва мутахассисларининг ҳамжиҳатлиги ва катта тажрибага эга эканлиги эришаётган муваффақиятларимизнинг асоси бўлмоқда.
     Комбинат томонидан 2024 йилда иккита йирик – «Пистали» конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасининг инфратузилма объектларини қуриш ва «Амударё-Зарафшон» сув қу­вурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш лойиҳаларининг ишга туширилиши ҳам жамоамизнинг катта ютуғи бўлди.
     Бугунги кунда ҳар бир корхона жаҳон иқтисодиётига интеграция жараёнларини тизимли равишда олиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Негаки, дунёдаги турдош корхоналар билан рақобат қилишда кўплаб тадбирларни амалга ошириш зарур. Жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиш аввало, корхона нуфузини оширади, мавқе­йини мустаҳкамлайди, фаолияти шаффофлигини таъминлайди.
     Бунинг учун корхона халқаро рейтингларга эга бўлиши керак. Бу эса энг аввало, корхонанинг олтин қазиб олувчи компаниялар ўртасидаги ўрни, халқаро рейтинг ва кўрсаткичларда тутган мавқейи билан белгиланади. Бу борада ҳам кейинги йилларда яхши натижаларга эришмоқдамиз.
     Комбинат 2024 йилда «S&P Global Ratings» ва Fitch Ratings» рейтинг агентликлари томонидан биринчи халқаро кредит рейтингини олди. Бу – Ўзбекистон компанияларига берилган энг юқори рейтинг эканлиги катта ютуғимиздир. Бунинг узвий давоми сифатида илк бор 1 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги халқаро корпоратив облигацияларни чиқариб, Лондон фонд биржасига жойлаштирилди. Жорий йилнинг май ойида Лондон фонд биржасига яна 500 миллион долларлик халқаро корпоратив облигациялар жойлаштирилди.
     2025 йилнинг февраль ойида комбинатга «Sustainable Fitch» халқаро рейтинг агентлиги томонидан илк бор корпоратив ESG-рейтинги берилди ва Ўзбекистон тоғ-кон саноатида ESG-рейтингини олган биринчи компания бўлди. Бу компаниянинг соҳадаги етакчилиги, барқарор ривожланиш тамойилларига риоя қилишимизни ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув омилларининг фаолиятимизга қанчалик интеграция қилинган­лигини тўла акс эттиради. Шунингдек, комбинат Гендер тенглигини қўллаб-қувватлаш доирасида «International Women in Mining» халқаро уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. «CERT International» ташкилоти томонидан корхонамизга «Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими» ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати берилди.
     Ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қи­лиш, уларни рақамлаштириш корхона олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Бу борада завод ва конларда турли йўналишлар бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводида сунъий интеллект (AI) технологияларини қўл­лаш орқали автоматлаштириш бўйича пилот лойиҳаси ишга туширилди.
     «Зармитан» конида ер ости ишчи-ходимлари ва техникаларнинг жойлашишини назорат қилиш, алоқа ва огоҳлантириш тизими»нинг жорий этилиши туфайли бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтириш, маъдан қазиб олиш жараёнини бошқариш орқали самарадорликни ошириш ва техникаларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш (тўхтаб қолиш вақтини қисқартириш), тезликни меъёрлаш ва бузилиб қолишнинг олдини олишга эришилади.
     Комбинатда «Ақлли видеотаҳлил (AI) тизимини қўл­лаган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини ҳисобга олишнинг ягона ахборот тизими»ни жорий этиш билан замонавий усулда шахсий муҳофаза воситаларини қўллашни назорат қилиш, камералар ва сунъий интеллектдан фойдаланиб, ҳар бир ходимнинг хавфсизлиги реал вақтда мониторинг қилинмоқда. Тизим хавфли ҳолатларни аниқ­лаб, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бў­йича масъул шахсга (SMS, мессенжер, электрон почта ёки онлайн хабарнома орқали) сигнал юбориши таъминланаяпти.
     Сунъий интеллект технологиялари гидрометаллургия заводларида технологик жараёнларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш учун катта имкониятларни тақдим этади. Бу тизимлар реал вақт режимида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва технологик жараёнларнинг боришини олдиндан билиш имкониятини беради. Бу эса ўз навбатида заводлар технологик жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларни оптималлаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради. Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида завод технологик ускуналарининг (майдалагичлар, тегирмонлар, насослар ва бошқалар) иш ҳолатини кузатиш ва юзага келиши мумкин бўлган носозликларни олдиндан айтиш мумкин. Бу ускуналарнинг тўхтаб қолиш вақтини ва таъмирлаш харажатларини камайтиради ва ускуналарнинг хизмат қилиш муддатини узайтиради.
     Бир сўз билан айтганда, сунъий интеллект технологиялари – бу нафақат замонавий технология, балки гидрометаллургия заводларининг ишлашини сезиларли даражада ўзгартира оладиган кучли воситадир. Унинг жорий этилиши нафақат самарадорлик ва иқтисодий даромадни ошириш, балки янада барқарор ва экологик хавфсиз ишлаб чиқаришни яратиш имконини беради.
 
«Яшил» иқтисодиёт сари
 
     Соҳа мутахассисларининг фикрича, техника ва технологияларнинг жуда катта тезлик билан ривожланаётганлиги кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Дунё аҳолиси йил сайин кўпайиб бориши билан бир қаторда табиий ресурслар захираси қисқариб бормоқда. Ичимлик суви масаласи дунё бўйича глобал муаммога айланиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
     Шу маънода олимлар бу муаммоларни ҳал этиш учун «яшил» иқтисодиётни кенг жорий этиш таклифини беришмоқда. «Яшил» иқтисодиёт энергия ва ресурсни тежашга, атмосферага углерод каби зарарли моддаларни чиқаришни камайтиришга, соф энергиядан фойдаланувчи транспортга, энергиянинг муқобил манбаларига, органик қишлоқ хўжалигига олиб келади, демакки, табиатга зиён етказмай иқтисодиётни ривожлантиришга имкон беради, табиий ресурсларни асраш ҳисо­бига ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади, атмосферага заҳарли моддалар чиқарилишини камайтиради.
     Экспертлар томонидан ҳар бир корхона учун «яшил иқтисодиёт»нинг муҳим компоненти сифатида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш му­ҳим аҳамиятга эга бўлиши айтилмоқда. Ва бу – жуда тўғри таклифдир. Айни пайтда жаҳоннинг нуфузли ва йирик компаниялари қайси соҳада фаолият юритишмасин, ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда «яшил» энергетикадан фойдаланишга етарли эътибор бериб, катта маблағ ажратмоқда. Уларнинг маҳсулотларидаги ёрлиқларда «яшил» энергетикадан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқарилганлиги тўғрисидаги ёзувлар мавжудлиги унинг харидоргирлигини оширмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг ҳам салоҳияти юқори. Соҳа экспертларининг ҳисоб-китобига қараганда, республикамизда муқобил энергия, айниқса, қуёш энергиясининг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёқилғи эквивалентига тенг.
     Бу борада корхонамизда кенг қамровли ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан комбинат ишлаб чиқариш объектларида 2024 йилга қадар ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қуввати 1450 кВт.ни ташкил этган бўлса, йил охирига келиб қўшимча 5800 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялар ишга туширилди ва уларнинг қуввати 5 баробарга ошди.
     Бугунги кунда комбинатнинг барча маъмурий бинолари тўлиқ фотоэлектр станциялардан олинадиган электр энергия билан таъминланди. Жорий йилнинг январь ойида Нурота туманидаги «Пистали» кони майдонида умумий қуввати 2300 кВт.дан ортиқ бўлган фотоэлектр станциясининг қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилди ҳамда тўлиқ ишга туширилди ва бу билан комбинатда фотоэлектр станциялари қуввати 9550 кВтга етказилди. Натижада фотоэлектр станциялардан йилига 14,3 млн. кВт · соатга электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
     Ҳозирда комбинат электр энергияси истеъмолининг бир қисми Томди туманида (НКМК ишлаб чиқариш объектлари яқинида) ишга туширилган 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясида ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳисобидан қопланмоқда. Олтин ишлаб чиқаришда «яшил «энергиядан фойдаланиш улуши йил сайин ортиб бормоқда ва ушбу кўрсаткич 2024 йилда 15,2 фоизни ташкил этди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил ноябрь ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида Давлат раҳбари томонидан 15 дан ортиқ лойиҳалар, шу жумладан, Томди туманидаги 500 МВт қувватга эга фотоэлектр станция қурилиши лойиҳасига старт берилди. Ушбу ФЭС ишга туширилгандан сўнг йилига 1 млрд.кВт · соатга яқин электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу эса комбинатнинг йиллик электр энергияси истеъмолининг 20 фоизига тўғри қелади.
     Комбинат объектларида 4993 дона қуёш сув иситиш қурилмалари (гелеоколлекторлар) ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида бир кунда 723 985 литр ҳажмда иссиқ сув ишлаб чиқарилмоқда. Мавсумда (апрель-октябрь ойларида) комбинатнинг барча объектларида иссиқ сувга бўлган эҳтиёж 100 фоиз ушбу қурилмалар ҳисо­бидан қоплашга эришилмоқда. Бунинг натижасида йилига 1,7 млн. кубометр табиий газ ёки электр энергияси эквивалентида 11 млн. 683 минг кВт · соат электр энергияси тежаб қолинмоқда.
 
Сувни тежаш ва самарали фойдаланиш
 
     Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси­даги давлатлар ичида аҳолиси энг кўп, сув ресурслари эса энг ками ҳисобланади. Сув эҳтиёжининг 18 фоизигина юртимиз ҳудудида шаклланади. Қолган 82 фоизга яқин сув қўшни давлатларда шаклланиб, Амударё ва Сирдарё дарёлари орқали юртимизга кириб келади. Кўриниб турибдики, сув масаласи ҳам юртимизда катта муаммолардан биридир.
     Комбинатнинг сувга бўлган йиллик эҳтиёжи 130 млн. кубометрни ташкил этади. Унинг асосий қисми, яъни 81 фоизи (105 млн. кубометр) Амударёдан олинади. Дарёдан оби-ҳаёт «Амударё-Зарафшон» сув иншоотининг 9 та насос станциялари орқали ишлаб чиқариш объектлари ва аҳоли яшаш пунктлари бўлган Учқудуқ ва Зарафшон шаҳарларига етказиб берилади.
     «НКМК» АЖда сўнгги йилларда ер ости ва ер усти манбаларидан олинадиган чучук сувларни тежаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича муайян лойиҳалар, илмий ишланмалар ва бир қатор чора-тадбирлар режаси олиб борилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»­ги қарорида комбинат учун катта марралар белгилаб берилган. Ана шу мақсадда «Амударё-Зарафшон» сув иншоотида «2018-2024 йилларда Амударё-Зарафшон сув иншоотининг 3-сув тармоғини тортиш ва насос станцияларини реконструкция қилиш» инвестицион лойи­ҳаси амалга оширилгани бунинг биргина исботидир.
     Комбинатда сувни тежаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида гидрометаллургия заводларида бир тонна маъданни қайта ишлаш учун сарфланадиган тоза сув сарфи 2020 йилда 1,05 кубометрни ташкил қилган бўлса, 2024 йил келиб ушбу кўрсаткични 15 фоизгача (0,92 кубометргача) камайтиришга эришилди.
     Шунингдек, гидрометаллургия заводлари ишлаб чи­қариш жараёнларида ишлатилган иккиламчи (технологик айланма сувлар, карьер ва шахта сувлари, оқова сув иншоотларининг қайта тозаланган сувлари, юқори минерализацияга эга ер ости сувлари) сувларидан фойдаланиш улуши 2020 йилда 16 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2024 йилга келиб 25 фоизга етказилди.
     Сувни тежаш ва сувдан самарали фойдаланиш билан боғлиқ ислоҳотларни янада такомиллаштириш мақсадида, 2024 йил 9 июлда Навоий кон-металлургия комбинатида сув ресурсларини тежаш ва сувдан оқилона фойдаланиш бўйича 2024-2030 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Дастурга мувофиқ 2024-2030 йиллар давомида қиймати 176 млрд. сўмлик, жами 36 млн. кубометр тоза сувни тежаш режалаштирилган. Бу Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари аҳолисини қарийб уч йил давомида узлуксиз сув билан таъминлаш имконини беради.
     Дастурни амалга оширишдан асосий мақсад 2030 йилга келиб гидрометаллургия заводларида бир тонна маъданни қайта ишлаш учун сарфланадиган тоза сув сарфини 0,8 кубометргача тушириш ҳамда ишлаб чи­қариш жараёнларида ишлатиладиган айланма, тозаланган ва шахта сувларининг улушини 35-40 фоизгача етказиш ва бу орқали Амударёдан олинадиган сувни шунга мос тарзда тежашдан иборат.
 
Барқарор ривожланиш йўлида
 
     Дунёда кечаётган глобаллашув жараёни доим изланиш ва интилишда бўлишини талаб қилади. Мутахассисларимиз комбинатни барқарор ривожланиш омилларининг энг асосийси ишлаб чиқаришни рақамлаш­тириш ва сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш кераклигини яхши тушунишади. Шу мақсадда комбинат мутахассислари «Boston Consulting Group» компанияси билан ҳамкорликда «НКМК» АЖни 2030 йилгача рақамли трансформация стратегияси» ишлаб чиқилди. Стратегияда корхонани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб геология-қидирув ишларида рақамли технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини сунъий интеллект асосида бошқариш тизимларини жорий қилиш, комбинатни 2030 йилгача ривожлантиришнинг такомиллашган инвестицион дастурини ишлаб чиқиш белгиланди.
     Комбинатда жорий йил апрель ойида яна бир йирик лойиҳа – «Зармитан» конида муҳандислик жиҳатдан ноёб бўлган «Скипли» шахта стволи ишга туширилди. Унинг чуқурлиги 1000 метр бўлиб, шахтанинг келгусида йиллик олтин таркибли маъданларни қазиб чиқариш қуввати 1,4 млн. тоннага етказилади. Шунингдек, ушбу йилда «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг кейинги босқичи, шунингдек, «Довғизтов» ва «Қоқпатас» конларидан олтин маъданларини қазиб олишнинг 3-бос­қичи бошланади. 7-гидрометаллургия заводининг технологик маъданларни қайта ишлаш йиллик қувватини 25 млн. тоннага, 3-гидрометаллургия заводининг қайта ишлаш йиллик қувватини 10 млн. тоннага етказиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
     Комбинатни 2030 йилгача барқарор ривожлантириш дастури доирасида яна кўплаб вазифалар турибди. Бу вазифалар кўлами ва масъулиятини чуқур англаган корхона жамоаси Янги Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантириш, жаҳон бозорига рақобатбардош, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлида фидокорона меҳнат қилади ҳамда юксак марраларга эришадилар.
 
 
Қувондиқ САНАҚУЛОВ, «Навоий КМК» АЖ Бошқарув раиси, Бош директори

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.