Qishloq xo‘jaligi

«ТДТда ишлаб чиқарилган»: аграр ҳамкорлик сари қадам

1-2/2025

 
     Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Иқлим ўзгариши, глобал таҳдидлар ва маҳсулот етказиб бериш беқарорлиги шароитларида агросаноат комплексининг барқарор ривожланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Қиш­лоқ хўжалигида катта салоҳиятга эга Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатлари учун бу соҳада кучларни бирлаштириш стратегик аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалиги вазирлари мажлиси якунлари ва ­келгуси ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири жаноб Айдарбек САПАРОВ билан суҳбатимиз айнан шу ҳақида бўлди.
 
     – Айдарбек Сейпеллович, 2024 йил мартида Қозо­ғистонда Сизнинг раислигингизда Туркий давлатлар ташкилоти қишлоқ хўжалиги вазирларининг учинчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу учрашувда эришил­ган натижалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Туркий давлатлар ташкилоти доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 2024 йил 19-21 март кунлари Тараз шаҳрида «ТДТ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулот­ларининг ўзаро савдосини ривожлантириш» мавзусида ТДТ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг 3-мажлиси ўтказилган эди. Мазкур мажлисда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғи­зистон, Туркия ва кузатувчи мамлакат Венгриянинг аграр идоралари раҳбарлари иш­тирок этди.
     ТДТ вазирларининг 3-мажлиси якунларига кўра Коммюнике имзоланиб, унга кўра томонлар қишлоқ хўжалигини юритиш усулларини такомиллаштириш ва ҳосилдорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини юритишнинг иқлимий барқарор усулларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш учун ҳам ички, ҳам ташқи инвестицияларни жалб этишга ёрдам берадиган тадқиқотлар, ишланмалар ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувларни мустаҳкамлаб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳ­сулотлари учун «ТДТда ишлаб чиқарил­ган» ғоясини қўллаб-қувватлади.
     Шунингдек, 3-мажлис доирасида 2024 йил 20 март куни уруғчилик мавзусида Туркий агробизнес-форум ва ЕСОSA 8-конгресси ташкил этилди.
     Маълумот учун: ECOSA – нотижорат ташкилоти бўлиб, уруғ ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва янги технологияларни ривожлантириш билан шуғулла­нади. Унинг мақсади – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ўртасида уруғлар савдосини ривожлантириш.
     ЕСОSA уруғчилик конгресси илк бор Туркиядан таш­қарида ўтказилиб, анжуманга қарийб 80 хорижий компания вакиллари ташриф буюрди. Қозоғистон томонидан конгрессда қарийб 50 компания ва Миллий аграр илмий-маърифий марказининг илмий-тадқиқот институтлари иштирок этди.
     – Учрашувда ТДТ мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжларини аниқлаш ва бу маҳсулотга талабни асосан ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан қаноатлантириш зарурияти ҳақида сўз борди, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ тажриба-синов лойиҳаси таклиф этилди. ТДТ бренди остида қаерда ва қандай маҳсулотни ишлаб чиқариш мумкин, бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қандай таъсир кўрсатади?
     – «ТДТда ишлаб чиқарилган» ташаббуси ТДТ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг 3-мажлиси якунларига кўра қўллаб-қувватланди. Умуман олганда бу ташаббусни турк томони илгари сурди.
     Бугун мазкур ташаббусни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, бу масалани муҳокама этиш учун ТДТ мамлакатлари вакиллари ўрин олган эксперт ишчи гуруҳи ташкил этиш жараёнида турибди.
     Қозоғистон қишлоқ хўжалиги салоҳиятини эътиборга олсак, бизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларимиз келгусида «ТДТда ишлаб чи­қарилган» бренди остида иштирок этиши мумкин, барча талабларга мос келса, албатта.
     Умуман олганда, ҳозир мазкур ташаббус фақат назарияда мавжуд ҳамда ТДТ мамлакатлари билан биргаликда қўшимча муҳока­малар ва ишлаб чиқишни талаб қилади. Шу муносабат билан ҳозирча унинг мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига эҳтимолли таъсирини баҳо­лашнинг имкони йўқ.
     – Ташкилот ичида умумий агросуғурта тизими истиқболлари қандай?
     – Қозоғистонда 2020 йилдан эътиборан агросаноат комплексида ихтиёрий суғурта­лаш тизими амал қилмоқ­да, унга кўра 80% миқ­дорида суғурта мукофотларини субсидиялаш тарзида давлат томонидан қўллаб-қув­ватлаш назарда тутилган (2022 йилдан субсидиялаш нормативи 50% дан 80% гача оширилди), бу эса агросаноат комплекси со­ҳасида суғурталаш тизимини қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун янада қулай ва фойдали қилади.
     Ҳозир 16 суғурта маҳсулоти (ўсимликшуносликда – 7, чорвачиликда – 9) мавжуд бўлиб, «Аграр кредит корпорацияси» АЖ су­ғурталаш соҳасида оператор ҳисоб­ланади.
     Қозоғистонда агросуғурта аста-секин ривожланиб, қишлоқ хўжалигининг тобора кўп йўналишларини қам­раб олиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари эъти­борини торт­моқда. Суғурта мукофотларини субсидиялаш бўйича замонавий механизмлар ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш иқлим ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликлардан ҳимоялашнинг самарали воситаси бўлган суғурталашга қизиқиш ортишига ёрдам бер­моқда. Бу эса агрокорхоналар барқарорлиги ва даромадларини ошириш учун қулай шароитлар яратмоқда.
     Агросуғурта тизимида самарадорликни ошириш ва илғор амалиётларни жорий этиш мақсадида аграр су­ғурта кўп йиллар давомида муваффақиятли ривожланаётган Туркия билан тажриба алмашиш режаланган. Турк мутахассислари билан ҳамкорлик нафақат уларнинг қишлоқ хўжалигида таваккалчиликларни бошқариш усулларини ўрганишга, балки Қозоғистоннинг жанубий ҳудудлари учун суғурта маҳсулотларини яратганда таж­риба ўзлаштиришга имкон беради (боғлар, иссиқхо­налар).
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.