Manfaatli hamkorlik

ИҲТ ва ТДТ: ҳамкорликнинг асосий соҳалари

1-2/2025

 
     Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг ўз таъсирини кучайтириши мумкин бўлган асосий соҳа­лардан бири бошқа минтақавий ташкилотлар билан ҳам­корликдир. ИҲТ бош котиби жаноб АСАД Мажид Хон билан суҳбатимиз чоғида Ташкилот келажаги, унинг минтақада барқарор ривожланишни шакллантиришда тутган ўрни, хусусан, ИҲТ ва Туркий давлат­лар ташкилоти (ТДТ) ҳамкор­лигини муҳокама этиб, ушбу ташкилотлар аъзоларининг умумий мақсад ва вазифалари ҳақида ўртоқлашдик.
 
     – ИҲТ 1985 йилда, катта геосиёсий ўзгаришлар юз берган даврда ташкил этилган. Сизнингча, ИҲТ ташкил этилишига туртки берган муҳим омиллар қандай ва Ташкилотнинг илк мақсадлари минта­қадаги вазиятга қараб қандай ўзгарди?
     – ИҲТ – минтақада ва ундан ташқарида илк ташкилотлардан бири, фақат айрим минтақавий ҳукуматлараро тузилмаларгина ундан аввал ташкил этилган. Биз мус­тамлакачиликдан озод бўлган ва Жануб – Жануб ҳамкор­лигини ривожлантиришга интилган қатор янги мамлакатлар пайдо бўлгандан сўнг, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қарор топган концепция доирасида мин­тақавий ҳамкорликни биринчи бўлиб бошладик ва ри­вожланаётган мамлакатлар иштирокида тараққий этишни мақсад қилдик. Жануб – Жануб ҳамкорлиги ИҲТ­ни янгилашда асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди. ИҲТ эса 1977 йилда уч таъсисчи мамлакат – Эрон, Покистон ва Туркия имзолаган Измир шартномаси асосида фаолият юритган Тараққиёт учун минтақавий ҳамкор­лик ташкилоти (ТМҲТ)нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. ИҲТ ва ТМҲТ фаолиятининг турли даврларида минта­қавий савдо ва транспорт интеграцияси икки асосий устувор йўналишга айланди.
     1964 йил июлида Эрон, Покистон ва Туркия иштирокида ТМҲТ сифатида иш бошлаган, сўнгра 1985 йилда ИҲТ, деб номи ўзгартирилган Ташкилот ҳаётида 1992 йил катта бурилиш бўлди: Марказий Осиё ва Кавказдан 7 янги мамлакат: Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ўз таркибига киритиб, анча кенгайди. ИҲТ турли-туман аъзолари ёрдамида кенг миқёсли инфратузилма лойиҳаларига диққат қаратди. Аъзо давлатларнинг ўзгарувчан эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида, ИҲТ изчил ривожланди. Бугун Ташкилот савдо амалиётларини соддалаштириш, транспорт интеграцияси, туризмни ривожлантириш, энергетика ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодиёт­нинг умумий барқарор ривожланишига алоҳида аҳамият бермоқда. ИҲТ таркибида 24 ёрдамчи орган, 3 кузатувчи ва қўшма тузилма бўлиб, улар қарийб 40 минтақавий ва халқаро ташкилот билан ҳамкорлик қилмоқда.
     – ИҲТга аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари турли муаммоларга, шу жумладан, геосиёсий беқарорлик ва иқтисодий волатилликка дуч келмоқда. ИҲТ мин­тақасининг ҳозирги иқтисодий ҳолатини қандай баҳолайсиз ва ривожланишнинг қандай муҳим масалалари алоҳида диққат-эътиборни талаб қилади?
     – ИҲТда минтақавий ташкилот муваффақиятига ёрдам берувчи барча компонентлар, яъни ҳудудий низолар йўқ, умумий чегаралар, умумий тарих, маданият ва азалий иқтисодий алоқалар мавжуд. ИҲТ ҳудудида 550 млн. киши яшайди, майдони 8 млн. квадрат километрни ташкил қилади, 78 объект ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ташкилотга аъзо барча мамлакатлардан 3 таси (Покистон, Эрон ва Туркия) улкан умумий соҳил чизиғига эга, ИҲТнинг қолган 7 мамлакатида денгизга чиқиш йўли бўлмаса-да, аммо жуғ­рофий жи­ҳатдан соҳилбўйи мамлакатлар билан боғ­ланган, бу эса ўзаро фойдали минтақавий ҳамкорлик учун ягона майдонни яратади. Аммо ўхшашликлар ва салоҳиятга қа­рамай, бошқа минтақавий иқтисодий ит­тифоқлар билан қиёслаганда, ИҲТ ички савдоси кўрсаткичлари ҳамон ўртача. Буни қатор омиллар билан изоҳлаш мумкинки, улар алоҳида муҳокамага лойиқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ИҲТнинг бор салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳам катта имконият, ҳам ҳал этишимиз зарур бўлган муаммодир. Биз бу ташкилотнинг бор салоҳия­тини рўёбга чиқаришга қатъий аҳд қилганмиз.
     Биз ИҲТда биринчи навбатда «3Ts» стратегиясини амалга оширишга эътибор берамиз – савдони соддалаштириш, транспорт интеграцияси ва туризмни ривожлантириш кенг қамровли минтақавий интеграциянинг энг муҳим масалалари бўлиб, маҳсулотлар, хизматлар, сармоя ва одамларнинг бехалал ҳаракатини таъминлашга қарати­лади. Бу уч соҳа ўзаро чамбарчас боғланган ва минтақа салоҳиятини намоён этиш учун асосий ҳаракатланти­рувчи куч бўлиб хизмат қилади. Минтақавий интеграцияни амалга ошириш ва «3Ts» стратегиясини жадаллаштириш мақсадида биз савдо тўсиқларини бартараф этиш, инвестиция иқлимини яхшилаш, кўп сармоя талаб қиладиган транспорт йўлакларини молиялаштириш, виза чекловларини юмшатиш, хавфсиз ва барқарор тўлов механизмларини яратиш, экология муаммоларини ҳал этиш ҳамда малакали ва рақобатбардош ишчи кучини ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратамиз.
     – ИҲТ ўз аъзо давлатлари ўртасида иқтисодий интеграция даражасини ошириш, шу жумладан, савдо алоқалари ва инвестиция иқлимини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш учун қан­дай аниқ чоралар кўрмоқда?
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.