«Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журнали таҳририяти Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси жаноб Гусейн ГУЛИЕВ билан интервьюни эътиборингизга ҳавола этади, унда Ўзбекистон ташқи сиёсий устуворликлари қаторига кирадиган қардош давлат билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш ёритилади. Туркий дунё интеграциясининг янги даври остонасида, халқлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг илгари кўрилмаган даражага етган вақтда жаноб Гулиев савдо, иқтисодий ўсиш, маданият ва гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги кўламдор лойиҳалар ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га тааллуқли муҳим саволларга жавоб беришга лутфан рози бўлди.
– Жаноб Элчи, суҳбатимизни олий даражали дипломатларга бериладиган анъанавий саволдан бошлашга ижозат берсангиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатини қандай баҳолайсиз? Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун қайси соҳалар устувор ҳисобланади?
– Шу йилнинг 2 октябрида Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилишининг 30 йиллиги нишонланади. Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиёдаги биринчи элчихонаси айнан Тошкентда очилган. Тарихий ва маданий ўхшашлик, этник илдизлар, тил, дин – буларнинг бари бугун кўриб турганимиз юксак муносабатлар учун мустаҳкам асос яратди. 2016 йилдан эътиборан, Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангач, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифатан янги босқичга кўтарилди. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Ҳайдарович Алиев каби жаноб Мирзиёев ҳам ижтимоий-иқтисодий, гуманитар, экологик ва бошқа соҳалардаги янгиланишлар, халқ турмушини яхшилаш ва мамлакатни узлуксиз ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар тарафдоридир. Икки давлат турли халқаро ташкилотлар ишида фаол қатнашиб, тинчликпарвар ташқи сиёсат юритмоқда. 2024 йил 23 августда президентларимиз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани – икки давлат ўртасидаги олий халқаро ҳужжатни имзолади. Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт ва маданият, шу жумладан, гуманитар, ижтимоий, ҳарбий-техника ва бошқа кўп соҳаларда узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси улкан шартномавий-ҳуқуқий негизга таяниб, мамлакатларимиз раҳбариятларининг доимий эътиборида туради.
Саволингизга жавоб бера туриб, унинг иккинчи қисмидан бошлашни хоҳлардим. Назаримда, иқтисодиётнинг барча соҳалари икки томонлама иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун устувор ҳисобланади. Иқтисодиётларимизнинг ўзаро тўлдирувчанлиги, ҳар бир мамлакат саноат ва қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида тўплаган тажриба, жуғрофий жойлашув, табиий захиралар – булар мамлакатларимиз ривожланиши учун чексиз имкониятлар яратади.
Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон йирик иқтисодий ҳамкорлар бўлиб, улар ўртасидаги алоқалар узлуксиз мустаҳкамланиб, ҳам кичик, ҳам йирик бизнес ривожланиши учун хизмат қилмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда Озарбайжон сармояси иштирокидаги қарийб 240 корхона, шу жумладан, 60 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, Озарбайжонда эса Ўзбекистоннинг 70 компанияси фаол ишламоқда. Қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик юк ташувларининг деярли барча турларини, энергетика, улгуржи ва чакана савдо, автомобиль саноати, нефть-газ соҳаси, таълим, фармацевтика, туризм, молия соҳаси, ахборот-коммуникация технологиялари, ресторан ва меҳмонхона бизнеси ҳамда қишлоқ хўжалигини қамраб олган. Буларнинг бари 2024–2025 йиллар даврида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро «йўл харитаси» доирасида амалга оширилмоқда.
Ўзаро тажриба асосида Озарбайжонда автотранспорт ишлаб чиқариш (Ҳожиқабул туманида енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи завод қурилмоқда, автобус, юк машиналари ва қишлоқ хўжалик техникасини чиқариш режаланмоқда), тўқимачилик ва ипакчилик корхоналарини ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишга туширилди, Ўзбекистонда гипсокартон ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва бошқа кўп лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, Ўзбекистон тарафи мамлакатимиз ҳудудида фойдали қазилмаларни олиш ва қайта ишлашни, Қорабоғдаги тикланиш ишларида фойдаланиш учун қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни режаламоқда. Озарбайжон компаниялари Ўзбекистондаги рангли металлар, шу жумладан, мис конларини ишлашда қатнашишни мўлжалламоқда.
Қишлоқ хўжалигида иссиқхона мажмуалари ва мевали боғлар яратиш, фундук етиштириш, қуруқ мевалар ишлаб чиқариш ва бошқа кўп йўналишларда ишлар бошлаб юборилган.
Энергетика ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ҳам айтиб ўтиш лозим. 2022 йилда мамлакатларимиз энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга доир «йўл харитаси»ни тасдиқлади. Бу харита кўп йўналишларни қамраб олади, унинг доирасида Қўшма ишчи гуруҳи ташкил этилмоқда, Ўзбекистон компанияларининг қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларида иштирок этиши режаланмоқда, Озарбайжоннинг озод этилган ҳудудларида ҳамкорлик назарда тутилмоқда.
SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» Озарбайжон ва Ўзбекистон нефть конларини ишлашда фаол ҳамкорлик қилмоқда, нефть-газ соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда, шу жумладан, «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Каспий денгизининг Озарбайжон шельфидаги «Шоҳ-Денгиз» газ-конденсат лойиҳасига кириш жараёни якунланмоқда. Бир вақтнинг ўзида Озарбайжонда уч углеводород конини ишлаш режаланмоқда.
Икки давлат экология муаммоларига ҳам катта эътибор бермоқда. Маълумки, Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев ташаббусига кўра мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача «яшил иқтисодиёт»га ўтишига қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. COP29 раиси бўлган Озарбайжон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида мамлакатимизнинг фаол позициясини акс эттирувчи бир қанча глобал лойиҳаларга старт берди. Шу муносабат билан «Қозоғистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида «яшил энергия» ишлаб чиқариш ва етказиш соҳасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим» ҳақида айтиб ўтишни истардим, ҳужжатда Озарбайжон, Марказий Осий ва Европани бирлаштирувчи энергетика йўлагини яратиш назарда тутилган. Ўзбекистон ушбу «яшил йўлак»дан фойдаланиб, 2030 йилга бориб Озарбайжон ҳудуди орқали Европа мамлакатларига 10−15 млрд. кВт · с гача яшил энергияни экспорт қилишга тайёр.
Fikr bildirish