Қозоғистон ва Ўзбекистон молия дипломатияси: икки томонлама форматдан ТДТ умумий маконига
Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) мамлакатларида молия-инвестиция ҳамкорлиги ривожланишида ижобий суръатлар кузатилмоқда. Молиявий тизимларни яқинлаштириш, қўшма инвестиция платформаларини яратиш, сармоянинг трансчегаравий ҳаракати учун шарт-шароитларни енгиллаштириш бўйича фаол жараёнлар кечмоқда.
ТДТ ҳузурида Туркий инвестиция жамғармаси мавжуд бўлиб, у аъзо мамлакатлар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратилган.
Қозоғистонлик ва ўзбекистонлик инвесторлар трансчегаравий ҳудудлардаги саноат зоналари доирасида амалга ошириладиган энергетика, логистика, агросаноат мажмуаси ва саноат лойиҳаларида иштирок этмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг муваффақиятли мисоллари қаторида Сарань шаҳрида электр плиталар, Қустанай шаҳрида енгил автомашиналар, Туркистон шаҳрида тўқимачилик маҳсулотлари ва Чимкент шаҳрида тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини айтиб ўтиш мумкин.
Марказий банклар ва молия вазирликлари даражасида миллий валюталарда ўзаро ҳисоб-китоб масалаларини мувофиқлаштириш ва сармоя бозорларини тартибга солишга ўзаро ёндашувлар орқали ҳам интеграция майдончаларида, ҳам икки томонлама форматда ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.
Хусусан, Қозоғистоннинг 2024 йилда ТДТга раислиги устуворликларини амалга ошириш доирасида ТДТ мамлакатларининг марказий банклари Қозоғистон миллий банкининг доимий ишлайдиган майдонча – ТДТ мамлакатлари марказий (миллий) банклари Кенгашини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Ўтган йил охирида ТДТ расмий саммити чоғида Ташкилотга аъзо давлатлар марказий банклари раҳбарлари томонидан (2024 йил 6 ноябрь) тегишли Меморандум имзоланди.
Бундан ташқари Марказий Осиё минтақасининг тўлов тизимлари масалалари бўйича минтақавий ҳамкорлиги ривожланмоқда. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон марказий (миллий) банкларининг тўлов тизимларини ривожлантириш ва тўлов инфратузилмалари ҳамкорлиги масалалари бўйича Ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистон Марказий банки ҳам унинг таркибидан ўрин олган. Ишчи гуруҳ миллий тўлов тизимларини ривожлантириш, ҳамкорликни кенгайтириш ва интеграция жараёнларини кучайтириш масалаларини ҳар томонлама муҳокама этиш учун майдонча бўлиб хизмат қилади.
Туркий инвестиция жамғармаси салоҳияти
Туркий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим 2023 йил 16 март куни Анқарада, ТДТ фавқулодда Саммити доирасида имзоланган. Мазкур жамғарма 2024 йил 24 февралда, уни таъсис этган барча мамлакатлар битимни тасдиқлагандан сўнг иш бошлади. Жамғарманинг Низом сармояси 500 млн. доллар этиб белгиланди. 2025 йил охирига қадар барча иштирокчи мамлакатлар 3 дан 150 млн. АҚШ долларигача таъсис бадалини киритиш мажбуриятини олди. Жамғарма мақсади минтақа ички савдосини кенгайтириш ва иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш орқали ТДТ мамлакатлари ривожланишига ёрдам беришдан иборат. Жамғарма мультипликатив самарага эга бўлиб, қуйидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиради:
● кичик ва ўрта бизнес, минтақа ички савдоси, рақамли ва «яшил» иқтисодиёт, транспорт, логистика, туризм;
● қайта ишлаш саноати, инфратузилма лойиҳалари;
● транспорт ва логистика занжирлари, омбор ва ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга ёрдам бериш;
● қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари ва туризм;
● энергия самарадорлигига инвестициялар киритиш орқали «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдам берувчи лойиҳалар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва атроф-муҳит муҳофазаси.
Инвестицияларни рағбатлантириш ва рақобатбардошликни ошириш бўйича янги ҳужжат
ТДТ мамлакатлари раҳбарлари ТДТ доирасида сармоя қўйилмаларини ошириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар савдо бозорларини кенгайтириш, жорий қилинаётган технологиялар даражаси суръатларини тезлаштиришга қаратилган ҳужжатни ишлаб чиқиш зарурияти қайд этилди. Бу ҳужжат иқтисодий алоқадорликни чуқурлаштиришнинг муҳим воситасидир. Инвестицияларни рағбатлантириш, савдо бозорларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жадал жорий этишга қаратилган кўп томонлама ҳужжатни ишлаб чиқиш эса туркий давлатлар маконида ягона ўйин қоидаларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Унинг қабул қилиниши қулай инвестиция муҳитини яратиш ва тадбиркорлар йўлидаги тўсиқларни камайтиришга; инвестицияларнинг ўзаро ҳимояси ва тартиб-қоидалар шаффофлигини таъминлашга; минтақавий ишлаб чиқариш занжирларини ва экспорт кластерларини шакллантиришни рағбатлантиришга; илмий-инновация марказлари синергияси ҳисобига рақамлаштириш ва илғор технологияларни жорий этишни жадаллаштиришга имкон беради.
Умуман олганда, бундай механизм ТДТ мамлакатлари рақобатбардошлигини кучайтиради, уларни ягона иқтисодий маконга олиб чиқади ва ташқи иқтисодий шокларга чидамкорлигини оширади.
ТДТ ичида товар айланмасини ривожлантириш бўйича чоралар
Қозоғистон ТДТ мамлакатлари билан ҳамкорликда ўзаро товар айланмаси ҳажмларини ошириш ва савдо учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қатор чоралар кўрмоқда. Мисол учун, ТДТ мамлакатлари ҳукуматлари ўртасида рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим (ҳужжат 2026 йилда тасдиқланиши кутилмоқда) устувор чоралардан биридир. Мазкур Битим рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган, бу эса иштирокчи мамлакатлар ўртасида савдо алоқаларини мустаҳкамлашга имкон беради. Уни амалга ошириш ҳам ТДТ мамлакатлари ичида, ҳам улар ўртасида рақамли иқтисодиётнинг барқарор ва инклюзив ривожланиши сари муҳим қадам бўлади. Бундан ташқари Битимга аъзо мамлакатлар ўртасида, айниқса, кичик ва ўрта корхоналар орасида амалий алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур Битим уларнинг рақамли иқтисодиётга интеграциясини қўллаб-қувватлашга ҳамда истеъмолчиларнинг рақамли савдо механизмларига ишончини оширишга қаратилган.
Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати
Fikr bildirish