Islohotlar samarasi

Иқтисодий ислоҳотлар тараққиётининг асосий пойдевори

2/2024

 
     Ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Шу боис юртимизда асосий эътибор кенг қамровли исло­ҳотлар самарадорлигига қа­ратилган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли исло­ҳотлар юрт тараққиёти йўлида пойдевор вазифасини ўтамоқда. Кон-металлургия саноати нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам жадал ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади.
     Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга йирик корхоналардан бири саналади. Сўнгги йилларда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар натижасида комбинат ҳар томонлама ривожланди, олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда катта бешликка кирувчи компанияга айланди.
     Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик, табиий ресурсларнинг улкан захираси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги туфайли ке­йинги йилларда бошқа соҳалар қа­торида кон-металлургия корхона­ларига ҳам тўғридан-тўғри хори­жий инвестициялар кириб келди. Жа­ҳоннинг кўплаб етакчи молиявий институтлари бу соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар ва унинг истиқ­болларига ишонч билан қарамоқда. Бу борада биз амалий ишларни олиб боряпмиз.
     Ўзбекистон Республикаси ­Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг таҳлилий шарҳида қайд этилишича, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ишлаб чи­қариш ҳажми 6,4 фоизга, саноат маҳсулот­лари ишлаб чиқариш ҳаж­ми 7,8 фоизга ўсиши кузатилган. Ушбу тармоқ­даги ижобий динамика, асосан тоғ-кон саноатида қайд этилади. Бугунги глобаллашув даврини бошдан кечираётган жаҳон ҳамжа­миятида иқтисодий жараёнлар жадаллашиб, ра­қобат тобора кучай­моқда. Бундай шароитда мамлакат иқтисодиёт тар­моқларини ислоҳ қилмасдан кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.
     Саноатнинг етакчи соҳалари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш жараёнларини якунлаш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт страте­гиясидаги муҳим вазифалар қатори­дан ўрин олган. Юртимизда трансформация жараёни, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг етакчи тармоқ­лари­даги стратегик корхоналарда амалга оширилмоқда. Кон-металлургия саноати ушбу ислоҳотларнинг асосий иштирокчиларидан бирига айланди ва Навоий кон-металлургия комбинати бу жараёнга биринчилардан бўлиб жалб этилди.
     Комбинатни ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, замонавий гидрометаллургия заводлари, янги кон-шахта ва бошқа объектларни қуриш, корхоналар қув­ватларини ошириш ҳис­обига корхонада ишлаб чиқариш ҳажми, иқтисодий кўрсаткич ва натижалар йилдан-йилга ўсиб бораяпти. Масалан, 2016 йилда 60,1 трлн. сўмлик cаноат маҳсулотлари ишлаб чиқа­рилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 75,5 трлн. сўмни ташкил қилди ва ўтган даврга нисбатан ишлаб чи­қариш кўрсаткичи 26 фоизга ошди.
     Комбинатда жорий йилнинг январь-август ойлари давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 57,6 трлн. сўмни ташкил қи­либ, ўсиш суръати 106,1 фоизга таъминланди. Инвестиция дастури доирасида 468,2 млн. доллар маблағлар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткич 100,3 фоизга бажарилди. Натижада комбинат тизимида қўшимча 367 та янги иш ўрни ташкил қилинди. Шу билан бирга 177 та маҳаллийлаш­тириш лойиҳалари бўйича 619 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани эътирофли ҳолат. Бу эса валютани иқтисод қилиш билан бирга комбинат фаолиятида янги имониятларни яратиб берди.
     Комбинат тарихида илк бор «Fitch Ratings» ҳамда «S&P Global Ratings» халқаро рейтинг агентликлари томонидан «Барқарор» прогнози билан «ВВ-» даражасидаги узоқ муддатли кредит рейтинги олинди. Айни пайт­да комбинатнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур доирасида хомашё базасини ривожлантириш, асосий ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш, инвестицион жараёнларни ривожлантириш, ESG ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа йўналишлар ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, йирик саноат компанияси балансидаги қимматбаҳо металлар захираларини Австралия «JORC Code» кодекси стан­дартлари талаблари асосида қайта баҳолаш, етакчи консалтинг компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, корпоратив бошқарув­нинг замонавий усулларини такомиллаштириш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан 2022 йилдан бошлаб комбинатнинг молиявий ҳисоботлари Халқаро молиявий ҳисобот стандарт­ларига мувофиқ тайёрланиб, нашр этилмоқда ва халқаро аудиторлик компаниялари томонидан ижобий хулоса олинмоқда.
     Маҳсулот таннархини камайтириш, ўз навбатида, корхона фаолия­тининг молиявий натижаларига ижобий таъсир кўрсатади. Комбинатда ҳар йили ишлаб чиқаришнинг энергия сарфини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва маҳ­сулот таннархини камайтириш бўйича изчил ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
     Жорий йилда комбинатда маҳ­сулот таннархини камайтириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида олтин таннархини 3,6 трлн. сўмга камайтириш кутилмоқда. Жумладан, ёқилғи энергетика ресурслари сарфини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 547,2 млрд. сўм, эҳтиёт ва бутловчи қисм­ларни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқа­риш, харидлар жараёнини оптималлаштириш ҳисобига 1212,8 млрд. сўм, асосий фондлар самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳи­собига 752,9 млрд. сўм, техник жиҳат­дан модернизациялаш, технологик йўқотишларни камайтириш ҳисобига 742,6 млрд. сўм, техно­логик жараёнларни рақамлаш­тириш ҳисобига 215,8 млрд. сўм ҳам­да бош­қа харажатларни камайтириш ҳи­собига 131,1 млрд. сўм маблағлар­нинг иқтисод қи­линиши таъминланади.
     Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот­лар таннархини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳисо­бидан комбинатда олтин таннархи жаҳоннинг йирик компаниялари сафида энг пастларидан бири ҳисоб­ланади. Жумладан, 2023 йил якунлари бўйича комбинат томонидан ишлаб чиқилган 1 унция олтиннинг таннархи халқаро амалиётда қўлла­ниладиган «AISC» усули бўйича 866 долларни ташкил қилди. Бу ўз навбатида якуний молиявий натижаларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган 2023 йилда соф фойда суммаси 14,9 трлн. сўмни (1,3 млрд. АҚШ доллари эквиваленти) ташкил этди, бу комбинатнинг барқарор молиявий ҳола­тини таъминламоқда. Шу билан бирга, асосий фаолиятнинг самарадорлигини ифодаловчи «EBITDA» бўйича рентабеллик кўрсаткичи 58,1 фо­изни ташкил этиб, етакчи жаҳон амалиётлари даражасига мос келди.
     Олтин ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган чора-тадбирлар НКМКни жаҳоннинг олтин ишлаб чиқарувчи кучли ўнликдаги компаниялар сафида етакчи ўринларга олиб чиқди ва уни энг бой ерости бой­ликларини муваффақиятли ўз­лаш­тираётган юқори даражада ривожланган саноат мажмуаси ва энг янги технологияларга эга бўлган компанияга айлантирди. Янги ишлаб чи­қа­риш қувватларининг фойдаланишга топширилиши самараси ўлароқ, комбинат олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 2016 йилдаги 7-ўриндан 2022 йилда 4-ўринга кўтарилди.
     Комбинат мамлакатимизнинг энг йирик солиқ тўловчилари рўйхатида пешқадамлик қилиб келмоқда. Биргина 2023 йилда давлат бюджетига тўланган солиқлар ва дивидендлар суммаси 38,6 трлн. сўмни ташқил қи­либ, бюджет даромадларининг 15,9 фоизини (божхона тўловларисиз) таъминлади.
     Бу йилги кўзланган марраларимиз олдинги йиллардагидан ҳам юқори. Йил якунига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳаж­мини 87 трлн. сўмга етказиб, ўсиш суръатини 2023 йилга нисбатан 105,3 фоиз бўлишини таъминлашни режалаштирганмиз.
     Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 11 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар умумий қиймати 402,2 млн. АҚШ доллари бўлган иккита инвестиция ло­йиҳа, жумладан, «Пистали конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш» ҳамда «Амударё-Зарафшон сув қувурининг 3-линиясини қуриш ва насос станцияларини реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилади. Пировардида тизимда 490 та янги иш ўрни ташкил этилади ҳамда қўшимча қувватлар пайдо бўлади.
     Мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кон-металлургия саноатини ривожлантириш учун катта марралар кўзланган. Жумладан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўл­ган олтинни – 1,5 баробар, кумушни – 3 баробар, уранни – 3 баробар, мис ишлаб чиқаришни 3,5 баробарга ошириш белгиланган.
Навоий кон-металлургия комбинатида келгуси олти йилда 20 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳала­рининг амалга оширилиши режалаштирилган. Хусусан, «Кокпатас ва Довгизтов олтин конларида маъдан қазиб олишнинг 3-босқичи», «Наво­ий вилояти Навбаҳор туманидаги Сармиш кони заҳирасини очиш ва қайта ишлаш», «Нуқракон» ва «Космоначи» конларидан кумуш таркиб­ли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини қуриш», «7-ГМЗ қайта ишлаш қувватини кенгайтириш», «Олтинни уюмда эритиш цехини реконструкция қилиш», «Янги Довон-Тошкон конида маъданларни қазиб олишни кенгайтириш», «Мурунтов конини ўзлаштиришнинг (V навбати) 2-босқичи» каби инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш натижасида нафақат қиммат­баҳо металлар ишлаб чиқариш ҳаж­ми ошади, қўшимча янги иш ўринлари яратилади.
     7-сонли гидрометаллургия заводи замонавий технологиялар асосида техноген (аввал ишланган) чиқин­диларни қайта ишлаш бўйича дунё­даги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Техноген чиқиндилар­ни қайта ишлашнинг муҳим жиҳат­ларидан бири, бу – маъданни қазиб олиш, технологик майдалаш, саралаш ва ташиш учун харажатларнинг йўқлигидир. Бундай чоралар заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини сезиларли даражада па­сайтиришга олиб келди. Хусусан, ҳо­зирги кунда 1 унция олтиннинг дунё бозоридаги нархи 2 500 доллар атрофида бўлса, 7-сонли гидрометаллургия заводида олтин ишлаб чиқариш таннархи 772 долларни ташкил қил­моқда. Бу танланган технологиянинг нақадар самарали эканлигини исботлаб, комбинат мутахассисларининг оламшумул янгиликлар яратишга қодир эканлигининг ёрқин намунасидир.
     Ушбу йирик лойиҳаларни молиялаштириш давлат кафолатисиз хорижий банкларнинг кредит маблағ­лари ҳисобидан амалга оширилмоқда. 2020 йилдан бошлаб инвестиция лойиҳалари хорижий банкларнинг гаровсиз таъминот эвазига берилган кредит маблағлари ҳисобига молия­лаштирилмоқда. 2020-2023 йиллар давомида комбинат томонидан давлат кафолатисиз 2,5 млрд. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий кредитлар жалб қилинди. Хусусан, 2022 йилда НКМК томонидан «JP Morgan & Chase», «Citi», «Societe Generale», «Credit Suisse», «ICBC Standard», «Halyk Bank» каби етакчи халқаро банкларнинг 5 йил муддатга 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли синдикатланган кредити жалб қилинди. Маблағлар умумий корпоратив мақсадларни ва ком­бинатнинг Инвестиция дастурини молиялаштиришга йўналтирилди.
     Инвестиция лойиҳаларининг ис­тиқболли амалга оширилиши ва келгуси даврларда йирик самарадорликка эришиш учун ҳозирнинг ўзи­даёқ комбинатимиз томонидан кўп­лаб лойиҳа, геологик, технологик ва экологик қидирув ишлари олиб бо­рилмоқда. Қолаверса, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда хал­қаро ESG (Enviromental, Social, Governance) тамойилларини жорий этиш бўйича таҳлилий маълумот ва ҳисоб-китоблар тайёрланмоқда. Айни пайтда лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ишлари, яъни лойиҳа концепцияси, йириклаштирилган техник-иқтисодий асос­лар йўналишида изчил ишлар бажа­рилмоқда. Бу вазифаларни ўз вақти­да бажариш ва ишлаб чиқариш кўр­саткичларини янада ошириш учун комбинат барча имконият ҳам­да ресурсларни ишга солади.
     Комбинат келгусида тоғ-кон саноатида дунёнинг етакчи компания­лари билан ҳамкорликда ишчи-ходимларининг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этиш, хорижий компанияларда маҳаллий кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Бу эса замонавий кон-металлургия саноати мажмуасини бошқариш учун малакали, замонавий кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қи­лади.
     Хулоса қилиб айтганда, йирик со­лиқ тўловчи корхона ҳисобланган Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган ижтимо­ий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакат тараққиётида муҳим роль ўйнайди. Бақувват иқтисодий потенциалга эга комбинатимиз ишлаб чиқариш қув­ватининг сезиларли даражада ошиши, замонавий компаниялар қато­ридан муқим жой олиши келгусида халқаро ҳамжамиятдаги обрўйини оширади. Бир сўз билан айтганда, комбинат Янги Ўзбекистоннинг ташриф қоғо­зига айланмоқда.
 
Жаҳонгир ҲАСАНОВ, «НКМК» АЖ Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.