Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатда хорижий капитал ва чет эл молия институтларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш мақсадида барқарор ва қулай инвестиция муҳити яратилди. Натижада республиканинг барча саноат ва халқ хўжалиги тармоқларининг истиқболли ривожланишига хизмат қилувчи лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган самарали инвестиция сиёсати туфайли «Navoiyazot» АЖ учинчи янги ишлаб чиқариш мажмуалари билан бойиди, уларнинг фаолияти нафақат республиканинг кимёвий гиганти, балки Ўзбекистоннинг барча кимё саноати ривожланишининг иқтисодий кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилади,десак муболаға эмас.
«Navoiyazot» АЖ Ўзбекистон кимё саноатининг етакчиси ҳисобланади. 60 йиллик узлуксиз меҳнат фаолияти давомида (1964 йилдан 2024 йилгача) корхона нафақат меҳнат муваффақиятлари даврини, балки регрессиянинг оғир, ҳатто банкротлик хавфи остида бўлган вақтларни ҳам бошидан кечирди. Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан Президент томонидан корхонани сақлаб қолиш учун жиддий чоралар кўрилди. Натижада, нафақат дефолтдан чиқиш ва фаолиятни давом эттириш, балки ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, номенклатура хатлов рўйхатини кенгайтириш ва мамлакатнинг кимё саноатида етакчилик мавқеини эгаллаш, маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда талабгир қилишга эришилди. Давлат раҳбарининг шахсий кўмаги ва бевосита иштироки туфайли Ўзбекистон кимё саноатини стратегик ривожлантириш бўйича Инвестиция дастури ўз вақтида бошланди, унга мувофиқ «Navoiyazot» АЖда инвестиция лойиҳалари доирасида учта йирик объект қурилиши бошланди. Булар:
● «ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси»;
● «Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси»;
● «Азот кислотаси ишлаб чиқариш» мажмуаси.
Завод жамоаси 1,7 млрд. доллар миқдорида қарз маблағларини ўзлаштиришни муваффақиятли амалга оширди. Объектлар қурилиши якунланганда Президент рамзий тугмани босиб, «Navoiyazot» АЖ учун жуда зарур ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бу йирик ишлаб чиқариш мажмуаларининг янги ишлаб чиқариш ҳаётига старт берди. Улар ишга туширилганидан кейин яна 1800 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланди ва заводдаги жами ходимлар сони 8620 кишига етди.
Янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш билан албатта, янги техника ва ускуналар билан ишлашга қодир, мураккаб ишлаб чиқариш-технологик жараёнларининг барча босқичларини малакали бажара оладиган мутахассислар билан таъминлаш масаласи ҳам туғилди. Қувонарлиси, бу муаммо ҳам ижобий ҳал этилди. Маҳаллий юқори малакали кадрлар – оператор мутахассислари замонавий энергия тежовчи ва самарали лицензияланган технологиялар қўлланилган ишлаб чиқариш мажмуаларида марказий бошқарув пульти (МБП) дан автоматик ишлаб чиқариш тизимларининг авариясиз дастурий бошқарувининг илғор масофавий бошқарув усулларини мукаммал ўзлаштиришди.
«Navoiyazot» АЖнинг барча корхоналарини оптималлаштириш, янгилаш ва модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва трансформация қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида таъсирчан натижаларга эришилди:
Ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг ассортименти ва номенклатураси кенгайди (80 дан ортиқ ном):
● минерал ўғитлар – 16 тур;
● кон қазиб олиш саноати учун реактивлар – 6 тур;
● кимёвий саноат – 19 тур;
● техник газлар – 12 тур;
● смола ва полимерлар – 8 тур;
● кислоталар – 6 тур;
● бошқа товарлар – 15 тур.
Шунингдек:
● сўнгги 2 йилда тайёр маҳсулотлар экспорти 7-10 баробарга ошди;
● ички бозорда тайёр маҳсулотларни сотиш ҳажми ҳам бир неча баробарга ошди;
● тайёр маҳсулотларни юклаш сутка давомида узлуксиз амалга оширилади;
● тайёр маҳсулотлар билан юк машиналари ва темир йўл таркиблари оқими бир неча баробарга ошди;
● ходимларнинг иш ҳақи даражаси ошди ва унга қўшимча равишда байрам кунларига мунтазам тўловлар амалга оширилади;
● ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича янги истиқболли йўналишлар очилди ва иш барқарорлашди;
● илғор экологик тоза технологияларни қўллаш туфайли муҳофаза ва ҳимоя зоналарида экологик муҳит яхшиланди.
Хорижий ҳамкорлар ва бош ЕРС-пудратчилар сифатида: Хитой CAMC Engineering Co. ва HQC Shanghai Company компаниялари консорциуми (Хитой); Mitsubishi Heavy Industries, Ltd. Mitsubishi Corporation (Япония); CASALE SA (Швейцария) иштирок этишди. Бу учта йирик инвестиция лойиҳасининг барчасида қурилиш ва қурилиш ишлари хавфсизлигини назорат қилиш «Navoiy Invest Construction and Engineering» МЧЖ (Ўзбекистон) қурилаётган инвестиция лойиҳалари Дирекцияси томонидан амалга оширилди. Лойиҳа ечимларини объектларни эксплуатация қилишда ишончлилиги ва хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш, шунингдек, ҳамроҳлик ва техник назоратни амалга ошириш учун «ЎзИнжиниринг» республика лойиҳа институти (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида) ва Global Engineering Technology Co. LTD. халқаро компанияси (Жанубий Корея) таркибидаги мустақил халқаро консорциум (РМС-консультант) жалб қилинди. Лойиҳа ҳужжатларини мослаштириш Ўзбекистон Республикаси Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Ўзкимёсаноатлойиҳа» АЖ соҳа лойиҳа институти томонидан амалга оширилди.
Рамиль ГИЛЬВАНОВ, инвестицияларни жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини
амалга ошириш бўйича бошқарма бошлиғи