«Navoiyazot» AJning 60 yilligiga!

Салоҳиятли кадрлар – юксалиш гарови

2/2024

 
     Кадрлар – ҳар бир ташкилот ёхуд корхонанинг иқтисодиётини юксалтирувчи, моддий жиҳатдан забардастлигини таъминловчи куч, керак бўлса, ядроси ҳисобланиши азалий ҳақиқат. Агар улар ўз касбининг билимдони ва юқори салоҳиятли бўлса, янада нур устига аъло. Қуйида гигант корхоналардан бири «Navoiyazot» АЖнинг ходимларни бошқариш соҳасидаги тажрибаси, қолаверса, кадрлар сиёсати ҳақида тўхталамиз.
 
     Юқорида айтганимиздек, иқ­тидорли, салоҳиятли кадрлар корхонанинг олтин фонди ҳисобла­нади. Бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда мослашувчан ўзгариши мумкин бўлган юқори даражадаги асосий билим ва кўникмаларга эга ходимларни жалб қилиш – замон талаби.
     Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган, иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда бевосита муносиб улушга эга корхоналаридан бири – «Navoiyazot» АЖда бугунги кунда 8 620 нафар инсон самарали меҳнат билан банд. Шундан 3 448 нафари аёллар бўлиб, раҳбариятда 498 нафар (шундан 98 нафари аёл), мутахассислар 938 нафар (шундан 464 таси аёллар), техник ходимлар 265 нафар (шундан 237 таси аёллар), ишлаб чиқариш ходимлари сони 5 966 нафар бўлгани ҳолда (шундан 2 356 нафари аёллар), хизматчилар 834 нафар (шундан 293 нафари аёллар) ишчи-хизматчи фаолиятини олиб бо­риш билан бирга самарали меҳнат­лари боис Ўзбекистон иқтисодиёти­ни ривожлантиришдек олий мақсад­ни ўз олдиларига қўйишган. Айтиш жоизки, корхонада меҳнат қила­ётган ходимларнинг 1 394 нафа­ри олий, 3 398 нафари ўрта ва махсус маълумотга эга кадрлардир. Жамоа таркибида турли миллат ва элат вакиллари: ўзбек, қозоқ, грузин, татар, рус, грек, бош­қирд, тожик ва яна кўплаб миллат вакиллари бир оиладек аҳил ва иноқ, бир мақсад сари интилиб, меҳнат қилишмоқда. Корхона жамоасининг ёш таркиби ҳам навқирон, ёшлар кўпчиликни ташкил этади. 19 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар сони кўп.
     «Navoiyazot» АЖда кадрлар захирасини тайёрлашни ташкил этиш ва бошқариш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, энг истиқболли ва самарали ходимларни танлаш ва ривожлантириш, ташқи-касбга йўналтиришни фаоллаштириш Навоий шаҳридаги таълим муассасалари ва бандлик хизматлари билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш эвазига ижобий ҳал этилмоқда.
     Корхонада кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта ўқитиш вазифаларига жиддий эътибор қаратилиб, раҳбар лавозимларига номзодларни из­лаш самарадорлиги учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ташкилот мутахассислар захирасини яратиш чора-тадбирлари ишлаб чи­қилган. Жумладан, Навбаҳор туманидаги касб-ҳунар мактабида корхонада фаолият юритаётган ишчи-ходимлар назорат ўлчов асбоблари ва автоматика, кимёвий таҳлил лаборанти мутахассисликлари бўйича ўқитилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ўтган давр мобайнида корхонанинг 87 нафар ходими ушбу таълим даргоҳида билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
     Бугунги кунда малака ошириш жараёнига корхонада фаолият юритаётган малакали, кўп йиллик тажриба ҳамда педагогик салоҳиятга эга мутахассислар жалб этилган. Синф хоналари лаборатория жиҳозлари­дан ташқари замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган. 4 ой давомида тингловчилар назарий билимларга эга бўлишади, шунингдек, корхонада амалиёт ўташ даврида кўникмаларни мустаҳкамлаш имконияти яратил­ган. Ўқув курси якунида ишчи-ходимларга сертификат берилади.
     Кадрларни танлаш ва жойлаштиришда «Navoiyazot» АЖ қуйидаги асосий элементлардан ташкил топган маълум тизимга амал қилади:
     ● кадрлар эҳтиёжларини режалаштириш ва прогнозлаш;
     ● номинация захирасига номзодларнинг шахсий ишбилармонлик сифатларини баҳолаш, ушбу захирани шакллантириш ва уни тайёрлашни ташкил этиш;
     ● захирадан ва бошқа манбалардан ходимларни танлаш ва жойлаш­тириш, ходимлар билан ишлашни ташкил этиш, назорат қилиш, уларнинг ишбилармонлик сифатларини баҳолаш, иш натижаларини баҳолаш; тарбия ва бошқа.
     Захирага ходимлар орасидан ва корхонанинг тегишли даражадаги раҳбарларга қўйиладиган талабларга жавоб берадиган функционал раҳбарлар ва мутахассислардан танлаб олинди.
     Раҳбарлар ва мутахассислар малакасини оширишнинг асосий вазифаси фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини тизимли равишда ўрганиш, режалаштириш ва иқтисодий рағбатлантиришнинг самарали усуллари, меҳнат ва бошқарувни илмий ташкил этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ва автоматлаштириш воситаларидан фойдаланиш ва илғор илмий-ишлаб чи­қариш ва техник тажрибаларни кенг алмашишдан иборат. Хусусан, улар малака ошириш институтларида, тар­моқлараро малака ошириш инс­титутларида, олий ўқув юртларидаги малака ошириш факультетларида, турдош корхоналарда ҳам малака ошириб қайтадилар.
     Жорий йилнинг ўзида цех му­ҳандис ва етакчиларидан Н.Раҳмо­нова, А.Нурмонов, Ж.Мирзаев Тошкент шаҳрида малака оширган бўлса, А.Кенжаев Россия Федерациясининг Воронеж вилоятида, А.Алимов Татаристонда, О.Қаҳҳоров Қозоғистонда, У.Идрисов Тулада, С.Эргашов, А.Қам­баров Хитой давлатида ўз билимларини ошириб, тажриба асосида малакаларини янгилаб қайтишди.
     Амалий фаолиятга тўхталсак, ҳар қандай даражадаги раҳбар таълим муассасаларида махсус тайёргарликдан ташқари кенг билим олиши ва замонавий ишлаб чиқариш ва ишчи кучини бошқариш кўникмаларини ривожлантириши лозим. Бу – замон талаби. Раҳбарлик қиладиган тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ва вазифалари, улар учун мўлжалланган янги лавозимдаги ваколат ва мажбуриятлар билан таништириш орқа­ли олдиндан тайёрлаш учун корхонада иш жойида стажировка ташкил этилди.
     Шуни ҳам қайд этиш керакки, «Navoiyazot» АЖ да касбий ривожланишга ҳам зарур даражада эътибор берилади ва бу мақсад йўлида техник ва моддий шарт-шароитлар яратилган. Вақт ўтиши, ходим ўз малака ва иқтидорини, ишлаб чиқариш­даги касбий салоҳиятини намоён этиши билан ундаги имкониятлар кўриб чиқилади ва махсус комиссия ёрдамида қайта малакаланади. Бу жиҳат корхона томонидан ишлаб чи­қарилаётган маҳсулотнинг сони ва сифатига, қолаверса, кадрларни моддий рағбатлантиришдек муҳим жи­ҳатлар қарор топишида қўл келади.
 
 
Ҳасан ФАРМОНОВ, ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи
 
 
Сиз мақолаюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.