Ilmiy yondashuv

Ilmiy yondashuv

Иқтисодий тежамкорлик – давр талаби

3-4/2024

 
     Замон, талаблар, мезонлар ўз­гармоқда… Шу боис, Янги Ўз­бекистонда асосий эътибор кенг қамровли исло­ҳотларга қаратилаётир. Бу борада давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар юртимиз тараққиётининг асосий пойдевори бўлмоқда. Бунинг натижасида иқтисодиётимиз жадал, барқарор ривожланмоқда. Барча соҳалар қато­ри саноатнинг йирик тармоғи бўлган кон-металлургия тар­моғига алоҳида эътибор қаратила­япти. Юртимиз олтин, кумуш, мис, уран, қўр­ғошин, молибден, вольф­рам, темир, кўмир, нефть, табиий газ, нодир ва ноёб металлар, калий тузлар, фосфоритлар каби кўплаб фойдали қа­зилмаларга жуда бой. Улар орасида қимматбаҳо металлар ало­ҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирги кунда республикамизда 60 дан ортиқ олтин маъданли конлар ўрганилган бўлиб, уларнинг 40 га яқини Қизилқум кенглик­ларида жойлашган. Бу олтин маъданли конлар Навоий кон-металлургия комбинатининг асосий хомашё захирасига эга бўлган объектлар ҳисоб­ланади.
     Навоий кон-металлургия комбинати нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ўз ўрни ва салоҳияти, юқори малакали етук кадрлари ва кўп минг кишилик фидойи аҳил жамоасига эга бўлган йирик саноат корхонаси ҳисобланади. Комбинат иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эришаётган ютуқлари билан Ўзбекистон довруғини оламга ёймоқда. Айниқса, сўнгги йилларда корхонамизда янги конлар ва янги заводларнинг фойдаланишга топширилаётганлиги мамлакатимиз иқтисодиё­тини ривожлантириш, халқимиз тур­муш фаровонлигини ошириш имкониятини яратмоқда.
     Мамлакатимизда маҳаллийлаш­тириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби иқтисо­диётимизни ҳаракатлан­тирувчи йўналишларда катта ишлар қилинаяп­ти. Хусусан, тоғ-кон саноатида ҳам транспорт, ижтимоий соҳа­лар, коммунал тармоқларда маблағ­ларни са­марали йўналтиришга қара­тилган улкан режалар тузилмоқда. Йирик лойиҳалар ишга туширилиб, давлат харидларида маҳаллий маҳсу­лотлар улуши кўпайиб, экспорт ҳаж­ми ошиб бормоқда, янги қувватлар ишга туш­моқда.
     Иқтисодий тармоққа инвестиция ва илғор технологиялар фаол жалб этилаётгани боис ишлаб чиқариш са­ноати ривожланмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М. Мирзиёев бошчилигида кон-металлургия соҳасини ривожлантиришнинг муҳим дастур ва пухта ўйланган инвестицион ло­йиҳалари изчил татбиқ этилаётгани комбинатнинг юксак марраларга эришишига мустаҳкам замин яратди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2026 йилгача Навоий кон-металлургия ком­бинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш дастури корхона тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Юқо­ри иқтисодий ўсишга эришиш, рақо­бат­бардош маҳсулотлар ишлаб чиқа­риш йўналишида устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.
     Дастур асосида кейинги йилларда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар комбинатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга кенг имконият ва истиқболлар яратди. Навоий кон-металлургия комбинати жаҳоннинг олтин ишлаб чиқарувчи йирик компаниялари билан рақобат­лаша оладиган замонавий корхонага айланди.
     Комбинатда ҳар йили ишлаб чи­қаришда энергия сарфини камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича изчил ва тизимли иш­лар қилинаяпти. Ишлаб чиқарила­ётган маҳсулотлар таннархини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳисобидан комбинат олтин таннархи жаҳоннинг энг йирик ТОП-10 талигидаги компаниялар орасида 2016 йилдаги 7-ўриндан 2023 йилда 4-ўринга кўтарилди. Албатта, бу комбинатнинг барқарор молиявий ҳолатини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
 

     Бугунги кунда Ўзбекистон бренди остида ишлаб чиқарилаётган «999,9» тамғали олтин жаҳон бозорида ўзининг сифати, рақобатбар­дошлилиги ҳамда таннархи нисбатан арзонлиги билан бошқалардан аж­ралиб туради. Бу олтинга жаҳоннинг нуфузли биржаларида эталон – яъни бутун дунё бўйича олтин сифатини баҳолашнинг мезони сифатида юксак баҳо берилган.
     Ўзбекистон иқтисодиётида комбинат ўзининг салмоқли улушига эга бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсу­лотидаги улуши 6,3 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 13,5 фоизни, давлат бюджетидаги тушумлар бўйича улуши 16,7 фоизни ташкил этади. Навоий кон-металлургия комбинати республикамизда энг йирик солиқ тўловчи эътирофига эга корхона ҳисобланади. Давлат бюджети даромадларини шакллантиришда комбинат томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар салмоқли ўринни эгаллайди. Биргина 2023 йилда давлат бюджетига 38,6 трлн. сўмлик (3,3 млрд. АҚШ доллари эквивалентида) тўловлар амалга оширилгани, корхонанинг иқтисодий салоҳияти йилдан йилга ўсиб бораётганлигининг яққол намунасидир. Корхонамизда саноат маҳ­сулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 67,5 трлн. сўм (ёки 5,7 млрд. АҚШ доллари), соф фойда эса 14,9 трлн. сўм (ёки 1,3 млрд. АҚШ доллари), рентабеллик даражаси 45 фоизни ташкил этди. Шунингдек, асосий фаолиятнинг самарадорлигини ифодаловчи ЕBITDA кўрсаткичи бўйича рентабеллик даражаси 58,1 фоизни ташкил этиб, етакчи жаҳон амалиёти даражасига тўла мос келди.
 

     Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар. Республика ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун тўланадиган божхона тўловлари бундан мустасно.
     Бугунги кунда комбинатни ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, замонавий гидрометаллургия заводлари, янги конлар, шахталар ва бошқа объект­ларни қуриш, корхоналар қувватла­рини ошириш ҳисобига ишлаб чиқа­риш ҳажми, иқтисодий кўрсаткичлар ошиб бораяпти. Масалан, 2016 йилда 60,1 трлн. сўмлик cаноат маҳсулот­лари ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 75,5 трлн. сўмни ташкил қилди ва 2016 йилга нисбатан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 26 фоизга ошди.
     2023 йилда комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган бир троя унция олтиннинг таннархи халқаро амалиётда қўлланиладиган AISC усули бўйича 866 долларга тенг бўлди. Дунёнинг етакчи олтин ишлаб чиқа­рувчи компанияларида AISC бўйича ўртача кўрсаткич 1 205 долларни ташкил этишини инобатга олсак, ком­бинат томонидан ишлаб чиқа­рилган олтиннинг таннархи халқаро етакчи компаниялар сафида энг паст кўрсаткичлардан бири эканлиги намоён бўлмоқда.
     Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорлик, фаоллик, табиий ресурсларнинг улкан захираси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги туфайли кейинги йилларда бошқа соҳалар қаторида кон-металлургия саноатига ҳам тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келмоқда. Шу билан бирга хорижий инвестициялар, уларнинг ҳисобидан янги технологиялар, замонавий ёндашувлар ҳам кириб келаяпти. Корхонамиз фаолиятида инвестицион лойиҳалар муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, 2024 йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 688,2 млн. АҚШ доллари бўлган 11 та ло­йиҳа амалга оширилиши режалаштирил­ган бўлиб, 2024 йилнинг 10 ойида ушбу йўналишда 623,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводида 7-тегирмон блоки ишга туширилди. Ушбу «Кокпатас ва Довгистов олтин конларида маъ­дан қа­зиб олиш (III навбати)» инвестицион ло­йиҳа ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг умумий қиймати 319,8 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда ушбу лойи­ҳани амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар юқори суръатларда давом эт­моқда. Маълумот учун айтиш жоизки, ҳозирги кунда заводнинг маъданни йиллик қайта ишлаш қуввати 8 млн. тоннадан ортиқ бўлиб, янги тегирмон блокини ишга тушириш ҳисобига бу кўрсаткич 9 млн. тоннадан ошади.
 

     Маълумки, 2030 йилгача мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажмини 2 баробар ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган рақобат янги вазифалар қўймоқда. Бу шароитда комбинатимизнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Бугун янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим вазифаларидан бири – саноатнинг етакчи тармоқ­лари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш, трансформация жараёнларини такомиллаштириш ва якунлашдан иборат. Зеро, трансформациялаш – бу қулай инвестиция муҳитини яратиш, корпоратив бош­қарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, харажатларни камайтириш ҳисобига даромадларни ошириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришни назарда тутади. Улкан инвестициявий сало­ҳиятга эга Навоий кон-металлургия комбинати трансформация жараёнларига биринчилардан бўлиб жалб қилиниб, бу борада кенг кўламли ис­лоҳотлар амалга ошириб келин­моқда. Комбинатнинг рақамли трансформация стратегиясини тузиш учун «Boston Consalting Group» (АҚШ) халқаро консалтинг компа­нияси жалб қилинди. Ҳозирги вақтда бюджетлаштириш, ғазначилик ва со­лиқ ҳисоби жараёнларини рақам­лаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. «Boston Consalting Intеrnational Inc Group (BCG)» компанияси билан очиқ тендер якунлари бўйича тузилган шартнома доирасида Навоий кон-металлургия ком­бинатини рақамли трансформация қилишнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилди. 2020 йилдан бошлаб комбинатда хорижий банкларнинг кредитлари ҳисобига комбинатнинг инвестиция дастурини молиялаштириш тизими жорий этилди. 2020-2024 йиллар мобайнида комбинат томонидан ҳукумат кафолатисиз 4,2 млрд. АҚШ доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий кредитлар жалб қилинди. Шунингдек, 2022 йилда биринчи марта етакчи халқаро банклардан 5 йил муддатга узоқ муддатли синдикатлаштирилган кредитлар жалб қилинди. Битимнинг умумий қиймати 1,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Маблағларни жалб этишда JP Morgan & Chase, Citi Societe Generale, Credit Suisse, ICBC Standart, Halyk Bank ва Deutsche Bank каби жаҳоннинг етакчи банклари иштирок этмоқда. Маблағлардан компаниянинг умумий корпоратив мақсадлари ва инвестиция дастурини молиялаштириш учун фойдаланилади. Хорижий инвесторлар ва халқаро молия бозори иштирокчилари учун комбинат фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ, комбинатнинг 2021-2023 йиллардаги молиявий ҳисоботи «Deloitte & Touch» халқаро аудиторлик компанияси томонидан аудитдан ўтказилиб, ижобий хулоса олинди. Бугунги кунда эса комбинатда хорижий инвесторлар талабига мувофиқ, халқаро аудиторлик компанияси иштирокида Жаҳон Initiative Report (GRI) стандартлари асосида барқарор ривожланиш тўғ­рисидаги ҳисобот (ESG) тайёрланмоқда. Ресурс базасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан биргаликда умумий захираларнинг 90 фоизини ташкил этувчи 30 та фойдали қа­зилма конлари Австралия JORC кодекси стандартлари талабларига му­вофиқ қайта баҳоланди. Комбинатнинг 6 нафар мутахассиси «JORC» кодекси стандарти бўйича ҳисобот­ларни тайёрлаш бўйича Австралия кончилик ва металлургия институти (AusIMM) аъзолигига қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, яқинда Навоий кон-металлургия комбинати «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентлиги томонидан илк маротаба «Барқарор» прогнози билан «BB-« даражасидаги узоқ муддатли кредит рейтинги даражасида баҳоланди. Шу билан бирга агентлик­лар комбинатнинг мустақил кредит тўлов қоби­лиятини (SASP) «BB+» даражасида баҳолади. Бу эса ўз навбатида, хал­қаро капитал бозорига чи­қиш имкониятини яратди.
     Молия-иқтисод соҳаси мутахассислари томонидан комбинатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилнинг октябрь ойида Навоий кон-металлургия комбинатининг ҳар бири 500 миллион АҚШ доллари бўлган умумий қиймати 1 млрд. АҚШ долларига тенг илк халқаро облигациялари муомалага чиқарилди. Облигациялар иккита тенг транш бўйича I транш 6,7 фоиз ставка билан 4 йил муддатга ва II транш 6,95 фоиз ставка билан 7 йил муддатга халқаро фонд бозорида му­ваффақиятли жойлаштирилди. Таъ­кидлаш жоизки, хал­қаро фонд бозорида хорижий инвес­торлар томонидан комбинат облигацияларини сотиб олиш учун тушган аризаларнинг умумий суммаси 5,5 млрд. АҚШ долларини ташкил қилиб, облигациялар дастлабки буюртмасидан 5,5 баробарга ошди. Халқаро облигация­ларнинг чиқари­лиши Навоий кон-металлургия комбинати ва мамлакатимиз учун муҳим воқеа­лардан бири бўлди. Юртимиз тарихида давлат корхоналари ва тижорат банклари ўртасида энг йирик ва муваффа­қиятли муомалага чиқа­рилган ушбу халқаро корпоратив облига­циялар 2019 йилда муомалага чиқа­рилган суверен облигацияларнинг энг юқо­ри кўрсаткичини ташкил этди. Хал­қаро облигацияларнинг эмиссия қи­линиши 2020 йил июлидан бошлаб МДҲда халқаро корпоратив облигацияларнинг энг йирик эмиссияларидан бири ва Ўзбекистон Республикаси тарихида суверен облигациялардан кейинги энг йирик эмиссияси сифатида қайд этилди. Бундан ташқа­ри корхона қу­лай бозор шароитида ўз мандатини эълон қилди ва Лондонда дунёнинг 150 дан ортиқ инвесторларини қам­раб олган уч кунлик юзма-юз учрашувларда самарали «роуд-шоу»ни ўтказди.
     Юртимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатимиз кон-металлургия саноатини ривожлантириш учун катта мақсадлар белгилаб олинди. Жумладан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 баробар, кумуш – 3 баробар, уран – 3 баробар ошади. Мамлакат миллий молия бозорининг барқарорлигини, мамлакатнинг халқаро капитал бозорларидан кредит жалб қилиш имкониятлари, таркибий ислоҳотлар ўтказилиши ҳамда миллий иқтисо­диёт ва молия бозорлари ривожланишининг таъминланганлигини ифодаловчи Ўзбекистон Республикаси олтин-валюта захиралари таркибининг аксарият қисмини олтин ташкил этади. Захиралар таркибидаги олтин ҳажми бўйича мамлакатимиз дунёнинг етакчи давлатлари қаторида ўз ўрнини эгаллаган. Шундан кўриниб турибдики, Навоий кон-металлургия комбинатининг мамлакатимиз олтин захираларини шакллантириш, юртимиз равнақи ва иқтисодиёти барқа­рор­лигини таъминлашдаги ҳиссаси бе­қиёсдир. Комбинат келгусида янада замонавийлашган корхона бўлиб, унинг аҳил жамоаси ўзининг улкан салоҳияти билан катта муваффақият­ларни қўлга киритиш йўлида дадил қадамларини давом эттираверади.
 
 
Умиджон КОСТАЕВ, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти Бюджетлаштириш ва контроллинг бошқармаси бошлиғи, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.