Moliyaviy sektor

ZIRAAT BANK UZBEKISTAN – банк секторидаги халқаро ҳамкорликнинг асосий иштирокчиси

1-2/2025

 
     Ўзбекистонда фаол иқтисодий ислоҳотлар шароитида банк сектори ўсиш катализатори, инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу жараённинг асосий иштирокчиларидан бири Ziraat Bank Uzbekistan бўлиб, у Ziraat Finans Grubu халқаро таркибига кирувчи хорижий капиталга эга молиявий муассасадир.
     Ziraat Bank Uzbekistan бошқаруви раиси жаноб ­Волкан ГЮЛДЮРМЕЗ банкнинг стратегияси, унинг мамлакат банк тизимидаги ўрни ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берди.
 
     – Жаноб Волкан Гюлдюрмез, «Ziraat Bank Uzbekistan» ва унинг Ўзбекистон банк тизимидаги ривожланиши ҳақида гапириб берсангиз?
     – «Ziraat Bank Uzbekistan» 1993 йилда, мамлакатнинг етакчи банкларидан бири бўлган Aгробанк билан 50 фоиз улуши билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, «Uzbekistan Turkish Bank» (UTBANK) номи остида фаолиятини бошлаган. Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда чет эл сармояси иштирокида ташкил этилган биринчи банк сифатида 1-сонли банк лицензиясини қўлга киритган. Мамлакатдаги илк хорижий сармояли мо­лиявий муассаса бўлган банк 2017 йилда тўлиқ Ziraat Finans Grubu таркибига кирган ва унинг номи «Ziraat Bank Uzbekistan» деб ўзгартирилган. Ziraat Молия Гуруҳи жами 20 та давлатда глобал фаолиятини давом эт­тирмоқда.
     Банк томонидан корпоратив ва жисмоний шахслар учун кредитлар, омонатлар, ҳисоб-китоб операциялари, пул ўтказмалари, ташқи савдо операциялари, тўлов тизимлари, банкомат ва пластик карта тизимлари, рақамли банк каби асосий банк амалиётларининг барча йўналишларини қамраб олган кенг турдаги банк маҳсулот­лари бўйича хизматлар кўрсатилмоқда. Банк ташкил этилган илк йиллардан бошлаб корпоратив ва тижорат сегмент мижозлари банк портфелининг асосий қисмини ташкил этган бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий ўсишида муҳим рол ўйнайдиган ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларида фаолият кўрсатувчи фирмалар устувор мақсадли мижоз гуруҳини ташкил қилган. Иккинчи томондан банк жисмоний ва чакана мижозларга ҳам хизмат кўрсатишни бошлади. Банк бугунги кунда Ўзбекистондаги турк сармоясига эга бўлган ягона банк сифатида фаолият юритмоқда.
     «Ziraat Bank Uzbekistan»нинг Бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, 2024 йил якунига келиб, тахминан 300 миллион AҚШ доллари миқдорида активлар ва 160 млн. AҚШ доллари ҳажмидаги кредит порт­фелига эга бўлди. Банк Тошкент шаҳридаги 3 та хизмат кўрсатиш офиси (Оперу, Юнусобод, Корпоратив) ҳамда Самарқанд, Фарғона, Aндижон ва Бухоро шаҳридаги офислари билан жами 7 та офис орқали ўз фаолиятини юритмоқда.
     – «Ziraat Bank Uzbekistan»нинг рақобат афзаллик­лари нималардан иборат? Банкнинг Ўзбекистондаги стратегия ва мақсадлари ҳақида маълумот бера оласизми?
     – Банкнинг ягона акциядори Туркия Жумҳурияти «Ziraat Bankası»нинг 161 йиллик тажрибаси, малакали мутахассислари, Ziraat Finans Grubuнинг кенг халқаро тармоғи, саноат ва савдодаги молиявий тажрибаси, тезкор ўтказмалар ва рақобатбардош нархлаш услуби асосий рақобат афзалликлари ҳисобланади. Бундан ташқари ташқи савдо амалиётлари бўйича катта тажриба ва билимга эга бўлган мутахассислардан ташкил топган жамоамиз томонидан мижозларга турли хилдаги ташқи савдо хизматлари кўрсатилади.
     «Ziraat Bank Uzbekistan» акциядорлик жамияти сифатида афзалликлардан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон иқтисодиётига, Ўзбекистоннинг нафақат Туркия билан, балки дунёдаги бошқа давлатлар билан халқаро савдо операцияларига, қолаверса мамлакатдаги турк инвесторлари фаолиятига ҳисса қўшиш асосий стратегия­миздир. Мақсадимиз актив ҳажми жиҳатидан дастлаб ўрта ҳажмдаги банклар орасидан жой олиш ҳамда келгусида Ўзбекистон банк секторининг энг яхши 10 та банк­лари қаторига киришдир.
     – Ҳозирги кунда банк хизматлари соҳасидаги ривожланишларни қандай баҳолайсиз? «Ziraat Bank Uzbekistan»нинг, Ўзбекистон банк секторидаги ўрни ва молия тизимига қўшган ҳиссалари қандай?
     – Ўзбекистон бой тарихи ва маданий мероси, ёш ва динамик аҳолиси, барқарор иқтисодий ўсиши ва сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар сиёсати билан мин­тақавий ми­қёсда эътибор қаратадиган ривожланиш моделини ярат­моқда. Мамлакатдаги истиқ­болли раҳбарият мавжуд салоҳият­ни самарали сафарбар этиб, кенг қамровли катта режалар асосида ривожланиш жараёнида сезиларли ютуқларга эришди. Ушбу ривожланишлар асосида, келажакда чет эл сармоя­ларининг мамлакат иқтисодиётининг ўсишида муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.
     Иқтисодиётдаги ушбу ривожланишлар асосида; секторга чет эл сармояси оқимининг ортганини, шунингдек, сектордаги банклар сонининг ортишига сўнгги йиллардаги ра­қамли банкларнинг очилиши катта ҳисса қўшганини кузатиш мумкин. Бу ҳолат мамлакатнинг дунё билан интеграциясида молия тизимининг етакчи рол ўйнашидан келиб чиқмоқда ва секторнинг рақамли банк хизматларига мослашишини ҳам тезлаштир­моқда.
     Ушбу ривожланишлар натижасида «Ziraat Bank Uzbekistan» сифатида, Ўзбекистондаги банк сектори талабларига жавоб берадиган технологик инфратузилма орқали доимий равишда ўсиб бораётган мижоз талабларига мос маҳсулот ва хизматларни тақдим этмоқ­дамиз; мижозга йўналтирилган иш модели асосида ўсиш стратегиямизни қатъият билан давом эттирмоқдамиз, мижозларимизнинг кредит, кафолат хатлари ва бошқа турдаги молиявий эҳтиёжларини қондирмоқдамиз.
     Банкимиз ташкил этилганидан буён Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ҳисса қўшиб, Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Туркия билан ва турк ишбилармонларининг ҳам Ўзбекистон билан бўлган тижорат алоқаларида фаол кўприк вазифасини бажаряпти. Ҳозирги кунда банкимиз томонидан Туркия билан бўлган ташқи савдо ҳажмининг 13 фоизига воситачилик қилинмоқда. Ушбу кўрсаткични янада юқори даражаларга олиб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз давом этмоқда. Бундан ташқари банкимиз халқаро бозорга очиқ молиявий ташкилот сифатида Ziraat Finans Grubu фаолият юритаётган барча давлатлардаги мижозларимизга ҳамда бошқа турли давлатлардаги мижозларимизга барча банк хизматларига оид кенг қамровли молиявий ечим ва хизматларни тақдим этмоқда.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • PR

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.