Эко-инициативы

Eko-tashabbuslar

Ўзбекистон – ТДТ: экология ва туризм соҳасидаги қўшма лойиҳалар

1-2/2025

 
     Бугун дунёда юз бераётган глобал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон халқаро минтақавий ташкилотлар, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
     ТДТ доирасида Ўзбекистон экологик вазиятни яхшилаш ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурмоқда.
     Шу маънода туркий давлатлар янги инновацион ривожланиш моделига ўтишда ҳаракатларни бир­лаштириш, жумладан, экологик тоза, энергия тежайдиган ва хавфсиз технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш учун экологик инқирозлар оқибатларини юмшатиш бўйича режаларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳит­ни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз АБДУҲАКИМОВ билан Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан экология соҳасидаги ҳам­корлиги тўғ­рисида суҳбатлашдик.
 
     – Ўтган йилларда Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган экология бўйича муҳим ташаббуслар ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Ўзбекистон ТДТ доирасида атроф-муҳитни асраш ва туркий давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экология лойиҳаларини фаол илгари сурмоқда. 2021 йилда Истанбул саммитида Туркий давлатлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тузилмани яратиш ва унинг бош қароргоҳини экологик ёрдамга ўта муҳтож Оролбўйи минтақасида жойлаштириш таклиф этилди. 2023 йилда Анқара саммитида Ўзбекистон Тошкентда Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини ташкил этиш ҳақида таклиф киритди, у аъзо мамлакатларга табиий фалокатларга қарши янада самарали чора кўриш учун имкон яратади. 2024 йилда Шуша саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий экология кенгашини ташкил этиш ва уни Нукусда жойлаштириш ташаббусини илгари сурди, шунингдек, Туркий экология форумини ташкил этишни таклиф қилди, унинг биринчи мажлиси Озарбайжонда COP29 анжуманида бўлиб ўтди. 2024 йил 6 ноябрда Бишкекда ТДТ мамлакатлари раҳбарлари Кенгаши мажлисида вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини ташкил этиш жараёнини тезлаштириш ташаббуси илгари сурилди, бу эса ТДТ мамлакатларига экологияни асрашга қаратилган ўзаро ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришга имкон беради.
     – Туркий экология кенгашини ташкил этиш бўйича ташаббус қандай амалга оширилмоқда? Бу тузилма зиммасига биринчи галда қандай вазифалар юклатилади?
     – Туркий экология кенгашини ташкил этиш масаласи ТДТ мамлакатлари билан фаол муҳокама босқичида. Бу тузилма экология бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқ­лаштириш учун муҳим платформага айланиши режаланган. Кенгашнинг биринчи галдаги вазифалари иқлим муаммоларига қарши туриш бўйича ягона стратегияни ишлаб чиқиш, илғор технологиялар ва энг яхши амалиётларни алмашиш ҳамда атроф-муҳитни асраш ва барқарор ривожланиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
     – Туркия билан битимлар доирасида ўрмон хўжалиги соҳасида кўплаб мутахассислар ўқитилди. Уларнинг иш натижалари ҳақида сўзлаб берсангиз. Ўрмон хўжаликларини ривожлантириш бўйича Туркия билан бирор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилганми?
     – Туркия билан битимлар доирасида тайёрланган мутахассислар Ўзбекистон ўрмон ресурсларини бош­қариш ва тиклашнинг янги усулларини муваффақиятли қўллаб, биохилма-хиллик ва экологик барқарорлик яхшиланишига ёрдам берди. Келгусида ҳамкорликни кенгайтириш режаланган, инновацион технологияларни жорий этиш, ўзгараётган иқлимга мослашиш ва амалий тажриба алмашиш шулар жумласига киради. Бу ўзаро ҳаракатлар ўрмон хўжалигини мустаҳкамлаб, табиий ресурсларни асрашга ҳисса қўшади.
     – Яқинда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қили­шича, Сирдарё ҳавзасида атроф-муҳитни асраш ва сув сифатини баҳолаш бўйича Ўзбекистон – Қозо­ғистон қўшма ишчи гуруҳи ишлаётган экан. Бу ишлар қандай кечмоқда? Бу тажрибани бошқа трансчегаравий сув объектларига ҳам қўллаш режаланганми?
     – Ўзбекистон – Қозоғистон қўшма ишчи гуруҳи 2018 йилдан бошлаб Сирдарё ҳавзасида сув сифати мониторинги бўйича тизимли ишларни олиб бормоқда. Шу вақт ичида 7 мажлис ўтказилиб, уларда тадқиқотлар натижалари муҳокама қилинди, асосий ифлосланиш манбалари аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилди.
 
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.