Iqtisodiy rivojlanish asoslari

Boqiy va bebaho meros

2/2017

     Бугун халқ амалий санъатига ҳукуматимиз томонидан етарлича эътибор берилиб, халқ усталарининг меҳнатлари муносиб тақдирланмоқда. Деярли йўқолиб кетиш даражасига етган ҳунармандчилик турлари қайта тикланиб, асрлардан асрларга ўтиб келаётган сулолалар давомчилари – ҳунарманд-усталарга барча имконият эшиклари очиб берилди. Анъанавий тарзда «Устоз-шогирд» мактабининг йўлга қўйилиши боқий қадриятларимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб, янада сайқал топишига хизмат қилмоқда. Журналимиз махсус мухбири Муқаддас Юсупова шу ҳақда суҳбатлашиш учун Ўзбекистон Рес­публикаси халқ усталари, мусаввирлари ва ҳунармандлари «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Акобир Ҳакимовга бир неча савол билан мурожаат қилди:
 
     – Акобир ака, Республика «Ҳу­нар­манд» уюшмасининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари хусусидаги фикр-мулоҳазаларин­гиз билан ўртоқлашсангиз?
     – Ўзбек халқининг амалий санъати тарихи қадим-қадим даврларга бо­риб тақалади. Бугунги кунда аждод­лардан авлодларга мерос бўлиб ке­лаётган дурдоналарни авайлаб-асраш ва янада ривожлантириш, улар­ни ке­лажак авлодга бус-бутунича сайқал­ланган шаклда етказиш биз­нинг бош мақсадимизга айланган десам, ҳеч му­болаға қилмаган бўламан. Қолавер­са, ёшларни миллий ҳунарманд­чилик ва амалий санъатимиз намуналари билан таништириш, уларда ушбу санъатга қизиқиш уйғотиш, халқ усталари меҳнатларини муносиб рағбатланти­риш, ҳунар­манд­чилигимизни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекис­тон Республикаси халқ усталари, ҳу­нармандлари ва мусаввирлари «Ҳу­нарманд» уюшмаси ташкил қилинган эди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Кари­мовнинг 1997 йил 31 мартдаги махсус фармони асосида ташкил этилган уюшма даст­лаб «Мусаввир» илмий-ишлаб чи­қа­риш маркази таркибида бўлиб, 2008 йилнинг 5 майида нодавлат нотижорат республика ташкилоти сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди. Бугунги кунда уюшмамиз аъзолари сони 19 минг нафардан зиёд бўлиб, республикамизнинг барча вилоят ва туманларида 13 та бошқарма, 159 та бўлим фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили республика миқёсида турли кўргазма, фестиваль, кўрик-танловлар ўт­ка­зилади. Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши билан имзоланган тармоқ ке­лишувига асосан уюшма аъзолари, айниқса, фахрий аъзолар, кекса ҳунар­мандларга моддий ва маънавий кўмак бериб келинмоқда. Маҳалла фуқаро­лар йиғинлари, туман ҳокимликлари ҳамкорлигида миллий ҳунармандчи­ликни ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида маҳаллалар қоши­да, шунингдек уста-ҳунармандлари­мизнинг устахоналарида ҳар йили 800 дан зиёд “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этилиб, бу мактабларда 4000 нафар ёшлар турли ҳунар сирларини эгаллашмоқда.
     – Бугунги кунда уюшма аъзоларига қандай имтиёз ва қулай­ликлар яратилган?
     – Ҳукуматимиз томонидан ҳунар­манд-усталарга жуда катта эътибор қаратилиб, қулай шароитларда меҳ­нат қилишлари учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, 2017 йил 26 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Маданий бойликларнинг олиб чи­қи­лиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисида»ги Низомга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги 245-сонли қарорига асосан 24 йўналишдаги ҳунармандчилик маҳсулот­лари экспертиза йиғимидан озод этил­ди. Натижада ҳунармандларда моддий манфаатдорлик ошиб, экс­порт қилишга кенг имкониятлар яратилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан Хусусийлаштириш, монополиядан чи­қариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси вилоят ҳокимлик­лари билан ҳамкорликда «Ҳунар­манд» бў­лимлари ва уларнинг марказлари фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат мулки бўлган бино-иншоотларнинг улар ихтиёрига топширилиши жойлардаги «Ҳунарманд» бў­лимлари учун катта қувонч бўлди. 2013 йилда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экс­портини қўллаб-қувватлаш» жамғар­маси ташкил этилгани эса ҳунарманд­чилигимиз ривожи, халқаро ярмаркаларида иштирок этиш, миллий анъаналаримиз тарғиботи учун айни муддао бўлди.
     – Миллий ҳунармандчиликни ри­вожлантириш ҳудудлардаги ижтимо­ий-иқтисодий аҳволнинг яхшиланишига, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишига хизмат қилади. Бу бо­рада уюшма томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
     – Ҳунармандларимиз томонидан ишлаб чиқариладиган миллий ҳунар­мандчилик маҳсулотларини уч йўналишга ажратиш мумкин. Кундалик уй-рўзғорда, уй интеръерига ишлатиладиган маҳсулотлар, жумладан, уй-рўзғор буюмлари, муаллифлик мебеллари, бешик, сандиқ, темирчи­лик маҳсулотларини биринчи йўналишга киритиш мумкин. Аёллар, эркаклар ва болалар кийим-бошлари, заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқа­рувчи ҳунармандларни иккинчи йўналишга киритиш мумкин. Амалий санъат усталари ва ҳунармандлари­мизнинг бир қисми совғабоп ва эсдалик буюмлари ишлаб чиқарадилар. Бунга ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, миниатюра, каштадўзлик маҳсулот­ларини мисол келтириш мумкин. Бу соҳада ҳам бозор талабидан келиб чиққан ҳолда янгидан янги маҳсулот­лар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, хом терини ошлаб, ун­­га миниатюра асарлари чизиш, аб­ру баҳор усулида қоғозга безак бериш каби қадимий санъатлар ҳу­нар­мандларимизнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида қайта тик­ланди. Шунингдек, Самарқанд вилояти Конигил қишлоғида қадимий Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш кор­хонаси ишга туширилди. Зариф Мухторовнинг изланишлари натижасида тут дарахтининг пўстлоғидан Шарқу Ғарбда машҳур бўлган Самар­қанд қоғозини тайёрлаш технология­си қайта тикланди. Мусиқа асбоблари ясовчи андижонлик ҳунарманди­миз Абдумалик Мадраимов “Ғижжаки Бобурий” мусиқа асбобини яратишга муваффақ бўлди. Марғилон адрасининг кўплаб унитилиб кетган турлари тикланди, жумладан, атлас ва ад­рас тўқувчи ҳунарманд, каштадўз Илҳом Давлатов “Ҳунарманд” уюшмасининг кўмагида 12 м га 2 млндан 4 млнгача тугун тушадиган ипак гилам ишлаб чиқариш устида изланиш­лар олиб борди ва ушбу гиламнинг илк намуналарини яратишга муваф­фақ бўлди. Бу гилам намуналари юртимиз ва хорижда ўз харидорларини топмоқда.
     Республикамизнинг барча вилоятларида ҳунармандлар марказлари ташкил этилди. Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокими қарорига асосан Самар­қанд шаҳридаги Ўзбекистон Рес­публикаси Биринчи Президенти И. Каримов номи берилган кўча ша­ҳарга ташриф буюрган сайёҳлар ва меҳмонлар сайр қилишлари учун пиё­да юрадиган йўлакка, кўча четидаги икки қаватли бино қайта таъмирланиб, ҳунарманд­лар марказига айлантирилди. Бугунги кунда ушбу марказ­да 20 дан ортиқ ҳунармандлар ҳунар­нинг 12 тури бўйича самарали фаолият олиб бормоқда.
     Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳунармандларга 33 га ер аж­ратилиб, чинни ва кулоллик маҳсулот­лари ишлаб чиқариш учун ҳунарманд­чилик саноат маркази барпо этил­ди. Марказда 354 та ишлаб чиқа­риш це­хи ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда 100 дан зиёд цех ўз фаолиятини йўлга қўйиб нафақат ички, балки ташқи бозорлар­га чиқиш­ни режалаштирган.
     «Ҳунарманд» уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси қошида миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқариш корхонаси, Паркент туманида миллий гилам тўқиш, чокли буюмлар тикиш цехи ташкил этилди.
     Ҳар йили уюшмамизнинг кўплаб аъзолари Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жам­ғармасидан грант маблағлари олиб, ўз фаолиятларини ривожлан­тир­моқда. Қайси бир ҳудудда миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъати ривожланишига алоҳида эъти­бор берилса, ўша ҳудуд иқтисо­диёти ҳам ижобий томонга ўзгаради. Халқимизнинг минг йиллик тарихга эга халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини қадрлаб меҳнат қилаётган уста-ҳунармандлар аҳоли бандлигини таъминлаб, уларнинг турмуш фаровонлиги ўсишига ҳисса қўшиш­моқда.
     Жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси­нинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш, аҳо­ли турмуш-даражасини янада ях­шилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги, туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш тўғрисидаги туркум қарор­лари қабул қилиниши айни муд­дао бўлди. Ушбу қарорларда ҳар бир ҳу­дуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳол­да ҳунарманд­чилик марказларини ташкил этиш, йўқолиб бораётган ҳунарманд­чилик турларини қайта тиклаб ривожлантириш, якка тартибдаги тад­биркорлар ҳамда ҳунарманд­лар то­мо­нидан ишлаб чиқарилаётган маҳ­сулотларни экс­порт қилишда та­лаб этиладиган ҳужжатлар сонини қис­қар­тириш ва уларга қўшимча имтиёзлар бериш ка­би масалаларга ало­ҳида эътибор қаратилган. Бу эса келгусида ҳунар­манд­чилигимиз янада ривожланишидан далолат беради.
     – Кўрик-танловлар уюшма аъзолари ишини синовдан ўтказиш, ижодий маҳсулотларини ом­мага намоён этиш учун қулай фур­сат, шундай эмасми?
     – Худди шундай. Айниқса, Президент соврини учун анъанавий тарзда ҳар йилги «Ташаббус» кўрик-танлови уста-ҳунармандлар учун минбар вазифасини ўтамоқда. Мазкур кўрик-танловда кўплаб уюшма аъзолари ўз ишлари билан халқ эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқ­да. Рағбат эса доимо янгидан янги из­ланиш ва интилишга ундайди.
     Кўплаб ҳунармандларимиз чет давлатларда ўтказилаётган кўргазма, фестиваль, маънавий-маърифий тадбирларда ижод намуналари билан фаол иштирок этиб, миллий анъаналаримизни намойиш этишмоқда. Президентимизнинг тегишли қаро­рига кўра, ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) турларининг 34 йўналишдаги рўйхати эълон қилинди. Ушбу қарор халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатига бўлган юксак эътибор намунасидир. Имтиёзлардан самарали фойдаланаётган ҳунар­манд­ларимиз «Ташаббус» кўрик-танловидан ташқари, «Ёш ижодкорлар», «Уста–шогирд» кўргазмалари, «Қўли гулдир ўзбек аёлин», «Ўзбекистон халқ амалий санъати – дунё ниго­ҳида», «Мустақиллик нафасида камол топган ҳунармандлар», «Халқ истеъ­мол товарлари кўргазма савдоси», «Ёш кулолларнинг республика кўргазмаси», «Мустақил юрт ҳунарманд­лари», «Ипак ва зираворлар», «Атлас байрами» фестиваллари, «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам», «Юрт истиқболи», «Ёш тадбиркор – юртга мададкор», «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси», «Менинг бизнес ғоям» каби танловларда фаол иштирок эт­моқда. Улардан 15 нафарининг асарлари Санта Фе шаҳрида (АҚШ), яна уч нафарининг асарлари Теҳронда ўтказилган кўргазмаларда муносиб намойиш этилди. 2016 йил охирги чорагидан бери 100 дан ортиқ ҳунар­мандларимиз Россия, Туркманистон, Малайзия, Хитой, Қозоғистон, Туркия каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларида ўтказилган кўргазма-ярмаркалар ва фестивалларда муносиб иш­тирок этишди.
     – Уюшма аъзоларидан ўз ижоди билан ажралиб турадиган, меҳ­нати алоҳида эътироф этил­ган уста-ҳунармандлардан яна кимларнинг номларини қайд этган бўлардингиз?
     – Уюшмамизнинг ҳар бир аъзоси ҳақида илиқ фикрлар айтиш мумкин. Меҳнатлари эътироф этилганлар сирасига ёш бўлишига қарамай, ёғоч ўймакорлигида янгича мактаб яратаётган Илҳомжон Саламовни, кандакорлар сулоласининг давомчиси, Марғилон кандакорлик санъатини қайта тиклаш ва ривожлантиришга астойдил бел боғлаган Абдурашид ва Маъсуд Мадалиевларни, миллий матолардан замонавий либослар яратувчи, хорижий давлат дизайнерларининг ҳам эътирофига сазовор бўлган Элеонора Турсинбаевани, наманганлик машҳур кулол Неъматжон Солиевни, миниатюрачи наққош Камолиддин Абдуллаевни, Бухоро кандакорлик мактаби вакили Шавкат Ғуломовни, ёғоч ўймакори Сирожиддин Раҳматуллаевни, кулоллик буюм­ларига ишқор билан ранг бериш тех­нологиясини яратган кулол Бахтиёр Назировни, Афросиёб кулолчилиги анъ­а­наларини қайта тиклаган самар­қанд­лик кулол Холмаҳмад Исматиллоевлар номини мамнуният билан тилга олиш мумкин. Эътиборлиси, улар то­монидан иқтидорли, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳол­да са­марали ижод қилаётган умидли ёшлар авлоди тарбияланмоқда. Бу эса, ўзбек халқ амалий санъати ва мил­лий ҳунармандчилигининг умри боқийлигидан, у аждодлардан авлод­ларга бебаҳо мерос бўлиб ўтаётганлигидан далолат беради.
 
Муқаддас ЮСУПОВА,
«O‘zIA» махсус мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.