Eksklyuziv intervyu

Ҳамкорликни янада фаоллаштириш динамикаси – юқори даражада

4-5/2021

 
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг икки йил аввал Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларида янги саҳифа очди.
     Бугунги кунда Бирлашган Араб Амирликлари кенг инвестициявий имкониятларга эгалигини, илдам ривожлантириш, модернизациялаш ва илғор технологияларни самарали жорий этиш, диверсификацияланган ва барқарор иқтисодиётнинг шаклланишини таъминлаш борасида катта тажрибага эгалигини инобатга олган ҳолда асосий йўналишларда ҳамкорликни янада фаоллаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинган.
     Эътиборингизга Ўзбекистон Республикасининг БААдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бахтиёр ИБРАГИМОВ билан айни мавзуга бағишланган суҳбатни ҳавола этамиз.
 
     – Ҳурматли Бахтиёр Баҳодирович, биламизки, 1992 йил 25 октябрда Ўзбекистон билан БАА ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Ўтган салкам ўттиз йил ичида икки томонлама муносабатлар қандай ривожлангани ва ҳозирги кунда бу жараён қандай суръат касб этаётгани борасида ўз баҳонгизни берсангиз?
     – Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 29 йил тўлди, аммо тарихий йўлга баҳо бераётиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 24-26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларига биринчи расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ривожида ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Президентимизнинг Абу-Даби Валиаҳди, БАА Қуролли кучлари Олий қўмондонининг ўринборсари Шайх Муҳаммад бин Зайд Ал Наҳаён, вице-президент, БАА Бош вазири ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум билан бўлиб ўтган учрашувларида иккала томоннинг ҳам қардош халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни тенг ҳуқуқли асосда ривожлантириш ва чуқурлаштиришга интилиши ифодаланди, шунингдек, глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича қарашлари муштараклиги ҳам ўз тасдиғини топди. Ташриф якунларига кўра ҳукумат­лараро ҳужжатларнинг катта пакети – 9 та битим ва 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида 11 та битим имзоланди, институционал ҳамкорликни кенгайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари йўналиши бўйича ва маданий-гуманитар соҳаларда қатор келишувларга эришилди.
     Юқорида айтилган тезисни яққол тасдиқловчи яна бир факт – 2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ташаббусига кўра икки томонлама дипломатик муносабатлар тарихида биринчи марта мамлакатимизнинг БААдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси тайинланди.
     Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дипломатик миссияси жамоаси ва шахсан Элчининг олдида турган асосий вазифа ўзаро муносабатларнинг 2019 йил март ойида давлатларимиз раҳбарлари томонидан олиб чиқилган юқори динамикасини сақлаб туриш, эришил­ган келишувлар ва имзоланган савдо-инвестициявий битимларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, савдо, сайёҳлик оқими ҳажмининг ошишига ва халқ дипло­матиясининг кенгайишига кўмаклашишдан иборат.
     Шу нуқтаи назардан биз Амирликлар ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари, хусусан, БАА­нинг Ҳукумат ишлари, энергетика ва инфратузилма вазирликлари билан доимий мулоқотни ўрнатдик. Ўзбекистон томонидан маълумки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки томонлама ҳамкорликнинг му­вофиқлаштирувчиси ҳисобланади ва биз мазкур вазирлик билан доимий алоқадамиз. Албатта, амалга оширилаётган бу ишларни ҳар икки мамлакат ташқи ишлар вазирликларининг доимий қўллаб-қувватлашисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
     Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги динамикасини яққол намоён этувчи статистикани келтирмоқ­чиман. 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Абу-Даби Валиаҳди, БАА Қуролли кучлари Олий қўмондонининг ўринбосари Шайх Муҳаммад Ал Наҳаён (БАА Президенти Шайх Халифа бин Зайд Ал Наҳаённинг туғишган укаси, де-факто мамлакат ҳукмдори) ўртасида уч маротаба телефон суҳбати бўлиб ўтди. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида парламентлараро дўстлик гуруҳи тузилиб, унинг биринчи йиғилиши ўтказилди, вазирлик даражасидаги амирлик делегацияларининг Ўзбекистонга 6 та ташрифи ва Ўзбекистон расмий делегацияларининг БААга йигирматадан ортиқ ташрифи ташкил этилди, манфаатдор идоралар, бизнес-ҳамжамиятлар вакиллари ўртасида видеоконференция форматидаги учрашувлар мунтазам равишда ўтказилмоқда.
     – Ўзбекистон Президентининг Абу-Дабига расмий ташрифи чоғида Амирликлар томони билан эришилган келишувларнинг амалга оширилиши қандай кечмоқда?
     – Ташриф якунларига кўра икки томонлама келишувларни аниқ муддатларини кўрсатган ҳолда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва ижро учун қабул қилинди. Шундай қилиб, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан Амирликдаги шериклар билан яқин ҳамкорликда имзоланган ҳукуматлараро ҳужжатларнинг ўз вақтида тизимли ва доимий асосда бажарилиши таъминланмоқда.
     Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ҳам, Амирлик­ларда ҳам барча ҳукуматлараро битимлар бўйича қонуний кучга кириши учун зарур бўлган ички тартиб-қоидалар ниҳоясига етказилди, уларнинг амалга оширилиш жараёнини мониторинг қилиш учун томонлар ўртасидаги маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтка­зилмоқда.
     Масалан, «Божхона ишларида ўзаро ёрдам тўғри­сида»ги ҳукуматлараро битимга мувофиқ икки мамлакатнинг божхона хизматлари ўртасида берилган келиб чиқиш сертификатлари ҳақида доимий ахборот алмашинуви ташкил қилинган бўлиб, бу икки томонлама савдо статистик ҳисобининг сифатини оширишга, шунингдек, контрабанда ва носоғлом рақобат ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
     Меҳнат ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик ҳуку­матлараро баённомаси доирасида юқори малакали мутахассис юртдошларимизнинг Амирликларга меҳнат миграциясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги ўртасида самарали ишлар йўлга қўйилган. Маълумки, мамлакатимиз Президенти меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида мамлакат ташқарисига вақтинча чиқиб кетган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни биринчи ўринга қўйган ҳолда ушбу масалага катта аҳамият беради. Ҳозиргача қўшма қўмитанинг учта учрашуви ўтказилиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан Амирликлар рекрутинг агентликлари, йирик иш берувчилар ўртасида алоқалар ўрнатилди, агентликнинг БААдаги ваколатхонасини очиш масаласи устида иш олиб бориляпти. Жорий йил якунларига кўра 1,5-2 минг кишининг Амирликларда легал асосда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ишга жойлаштирилишини кутмоқдамиз.
     Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги билан Бирлашган Араб Амирликлари Миллий архиви ўртасидаги Меморандум асосида Ўзбекистон Миллий архивининг янги биносини қуриш ва уни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Таъкидлаш лозимки, БАА раҳбарияти давлатчиликнинг шаклланиши ва ривожланиши тарихининг сақланиб қолишини таъминловчи архив ишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Тошкентда Миллий архивнинг янги биносини қу­риш лойиҳаси учун Амирликлар ҳукумати томонидан 20 млн. доллар миқдорида грант маблағлари тақдим этилди. Ҳозирги вақтда лойиҳанинг дизайн-концепти ишлаб чиқилиб, тасдиқланди, Тошкентнинг марказий қисмидан ер участкаси ажратилди, лойиҳа-смета ҳуж­жатлари ишлаб чиқилмоқда.
     Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузу­ридаги Ўсимликлар карантини бўйича Давлат инспекцияси йўналиши бўйи­ча идоралараро ҳужжатларни амалга ошириш фаол босқичда.
     – Ўзаро ҳамкорлик доирасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган битимлар тўплами имзоланди. Бундан ташқари хом ашёни қайта ишлаш ва қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифалари кун тартибига қўйилди. Бугунги кунда қайси инвестиция лойиҳалар энг муваффақиятли тарзда амалга оширилмоқда?
     – Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида БАА­га ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни ривожлантириш йўлида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва ижро учун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда умумий қиймати 10,1 млрд. доллар 11 та йирик инвестиция лойиҳаси назарда тутилган. Бугунги кунда 4,5 миллиард долларга тенг қийматдаги 5 та лойиҳанинг амалга оширилиши фаол босқичда. Энг юқори натижага энергетика, аниқ айтадиган бўлсак, муқобил энергия соҳасида эришилди. Абу-Дабининг Masdar компанияси томонидан Навоий вилояти Кармана туманида қуёш нурларини электр энергиясига айлантириш асосида электр энергияси ишлаб чиқарувчи, лойиҳа қий­мати 105 млн. долларни ташкил қиладиган Ўзбекистондаги биринчи 100 мВт қувватли фотоэлектрик станцияси (ФЭС) қурилди, шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида Марказий Осиёдаги биринчи лойиҳавий қуввати 1,5 гВт бўлган шамол парки қурилиши давом этмоқда, ушбу лойиҳанинг қиймати 1,5-1,6 млрд. долларни ташкил этади.
     2021 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган халқаро тендерлар натижаларига кўра Masdar компанияси Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мВт бўлган яна 3 та ФЭС қуриш бўйича 620 млн. долларлик лойиҳаларни қўлга киритди. Қайд этил­ган барча лойиҳалар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилмоқда.
     Толимаржон ИЭСда хусусийлаштириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш лойиҳасини келишиш якуний босқичда. 1,8 миллиард доллар қийматдаги ушбу лойиҳа Абу-Дабининг «Mubadala» компанияси билан биргаликда олиб борилмоқда.
     Сирдарё вилояти Ховос туманида целлюлоза, омухта емлар, қурилиш материаллари, фармацевтика ва косметика учун ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш лойиҳасининг биринчи босқичи муваффақиятли амалга оширилди (лойиҳа қиймати 203 млн. доллар). Лойиҳага кўра 5 минг гектарга яқин ташландиқ ва шўрланган ерлар тижорат муомаласига қайтарилиб, уларда техник маҳсулот етиштирилмоқда, ушбу маҳсулотдан ташқи бозорларда талаб юқори бўлган 50 дан ортиқ турдаги якуний маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Кейинги бос­қичларда агрокластер майдонини 25 минг гектарга етказиш режалаштирилган.
     1 млрд. долларлик устав фондига эга бўлган Ўзбекистон-Амирликлар қўшма инвестиция компанияси ўз фаолиятини бошлади. Амирликлар томондан ҳаммуассис Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ҳисобланади. Ўзбе­кистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан шерикликда Самарқанд шаҳрида беш юл­дузли меҳмонхона қурилмоқда.
     Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва яқин келажакда уни 1 миллиард долларга етказиш борасида ҳам тизимли асосда ишлар олиб борилмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган IV йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди, ҳар икки томондан алоқадор вазирлик ва идораларнинг ҳисоботлари тингланди, ижросини жадаллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
     «Навоий шаҳрида қуруқ ер портини барпо этиш» лойиҳасини амалга ошириш ва Навоий билан Дубай ўртасида мунтазам юк ҳаво кўпригини ташкил этиш шартлари келишилмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Амирликлар билан бевосита ер усти алоқасига эга эмас. Шу боис муқобил транспорт йўлакларини ташкил этиш лойиҳаларининг амалга оширилиши ўзаро савдо ҳаж­мини ошириш учун муҳим аҳамият касб этади.
     Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан жорий йил июль ойи ўрталарида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хавф-хатарлар ва имкониятлар» халқаро конференциясини тилга олмасликнинг иложи йўқ. Кун тартибидаги асосий мавзулардан бири Трансафғон йўлаги, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш йўли билан Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар темир йўл линиясининг қурилиши бўлди. Ушбу мегалойиҳа ниҳоясига етганидан кейин ўзбекистонлик экспортчилар асосий денгиз савдо артерияларига иқтисодий жиҳатдан самарали ва тез чиқиш, Карачидан эса Араб кўрфазининг энг йирик Абу-Даби, Дубай ва Шаржа портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўладилар.
     БАА томонидан форумда энергетика ва инфратузилма вазири жаноб Суҳайл Ал Мазруи бошчилигидаги вакиллик ҳукумат делегацияси иштирок этди. Амирликлар томони минтақавий инфратузилма лойиҳасини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, техник-иқтисодий асосномани ишлаб чиқиш учун молиялашга тайёрлигини билдирди.
     – БАА бизнес ҳамжамияти Ўзбекистон билан яна қайси соҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор? Қолаверса, Элчихонанинг иши истиқболли лойиҳа­ларнинг амалга оширилишига қандай ҳисса қўшмоқда?
     – БАА бизнес ҳамжамияти Ўзбекистон бозорида кўплаб йўналишлар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чи­қариш, логистика, фармацевтика саноати, ахборот технологиялари, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва зарарсизлантириш бўйича ишларини кенгайтиришдан манфаатдор. Бундай қизиқишга кўзга кўринарли мисоллардан бири – Амирликларнинг Sura Holding компанияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг БААдаги элчихонасига бириктирилган Наманган вилояти Янги­қўрғон туманида 105 гектар майдонда 23 млн. долларлик интенсив боғ барпо этган ҳолда замонавий агрокластер лойиҳасидир.
     2019 йилнинг март – май ойларида Элчихона томонидан дастлабки ўрганишлардан сўнг Амирлик компанияси мутахассисларининг Янгиқўр­ғонга бир қатор ташрифлари ташкил этилди. Учрашувлар якунларига кўра 2019 йил июль ойида инвестиция битими имзоланиб, Янгиқўрғон туманида компаниянинг шўба корхонаси рўйхатга олинди. Ҳозирги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланди, биринчи саноат ҳосили эса 2022 йил ёзида кутилмоқда.
     2021 йилнинг февралида Наманган вилоятига нав­батдаги сафари чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Амирлик компанияси томонидан барпо этилган агрокластерга ташриф буюрди ва инвестор билан суҳ­батлашди. Натижада Sura Holding компанияси раҳбарияти томонидан лойиҳани кенгайтириш ва 300 гектар янги майдонда юқори ҳосилли боғ ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
     Айни пайтда Элчихона томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, тижорат компаниялари билан биргаликда Амирликдаги бир қатор шериклар билан йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, авиаташувчилар учун кейтеринг-сервис, мойни қайта ишлаш заводи қурилиши ва маиший чиқиндиларни йўқ қилиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
     Кўриб турганингиздек, Элчихонада биз яхлит тизимни яратишга ҳаракат қилдик ва бунда ишимиз фа­қатгина потенциал инвесторларни топишдан иборат эмас. Амирликдаги ҳамкорларимиз билан биргаликда биз истиқ­болли лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этамиз, қўллаб-қувватлаймиз ва ҳар бир босқичда юзага келадиган масалаларни ҳал этишда зарур ёрдамни кўрсатамиз.
     – Маданий-гуманитар, жумладан, фан, технологиялар ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик қандай ривожланмоқда? БААда «Ўзбекистон маданияти кунлари»ни ўтказиш режалаштирилганми?
     – Маълумки, Бирлашган Араб Амирликлари тарихий қисқа даврда таълим, инновациялар ва технологиялар соҳасида дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айланди. Ва албатта, бу мамлакатдан кўп нарсани ўрганиш мумкин.
     Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг БААга ташрифидан сўнг дарҳол БАА Ҳукумат ишлари вазирлиги билан Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида «Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш» дастурини амалга ошириш тўғ­рисида битим имзоланди. Унда Ўзбекистон давлат хизматчилари учун 12 та йўналиш бўйича қисқа муддатли курсларни ўтказиш назарда тутилди. Икки йил якунларига кўра ушбу дастур бўйича қуйидаги натижаларга эришилди: йўналишлар сони 25 тагача кўпайди, 10 минг 300 нафар давлат хизматчилари учун 118 та тематик тренинглар ва семинарлар ўтказилди.
     2021 йил 15 июнь куни биз дастурнинг яна бир таркибий қисми муваффақиятли амалга оширилганига – Тошкентда «Ҳукумат акселератори» офисининг тантанали очилишига гувоҳ бўлдик.
     2019 йил 21 ноябрь куни «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси ишга туширилди, унинг фаолияти давомида Ўзбекистон олий ўқув юртларининг 22 минг нафардан ортиқ талабаси қисқа муддатли курсларда ўқитилиб, сертификатларга эга бўлишди, 150 нафар энг яхши тинг­ловчига эса 3 даражали танлов якунларига кўра «Udacity Nanodegree» дастури бўйича ўқишни давом эттириш учун грантлар берилди. Лойиҳанинг амалий самарадорлигини эътироф этган ҳолда 2020 ўқув йилидан ­бошлаб дастур республикамизнинг 2100 та умумтаълим мактабларининг информатика ўқув режаларига киритилди.
     2020 йил 11 ноябрь куни давлат хизматлари учун энг яхши мобиль иловани ишлаб чиқиш бўйича «mGovAward» танловининг финали онлайн режимда ўтказилиб, унинг якунларига кўра 3 та энг яхши жамоа­га умумий қиймати 100 минг долларга тенг бўлган пул мукофотлари топширилди. Энг яхши мобил иловани ишлаб чиқиш бўйича танловда иштирок этиш учун 170 дан ортиқ ёш дастурчилар гуруҳи ариза топширди.
     Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги кўмагида Халифа университети (Абу-Даби) билан Тошкент давлат техника университети ўртасида қўш­ма ўқув дастурларини ташкил этиш ишлари олиб бо­рилмоқда, Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида Ал Хоразмий номидаги амалий фанлар коллежи (Абу-Даби) филиалини очиш режа­лаштирилган.
     Маданий ҳамкорлик ҳақида гапирганда, жорий йилнинг октябрь ойи бошида Дубайда очиладиган «Expo 2020 Dubai» Бутунжаҳон кўргазмаси ҳақида бир неча сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Уни ўтказиш учун Дубай ҳукумати алоҳида шаҳарча қурди, барча экспозиция 4,38 кв.км ҳудудда жойлашади. «Expo 2020 Dubai» кўргазмаси 2021 йилнинг 1 октябридан 2022 йилнинг 31 мартигача давом этади ва тарихдаги энг йирик кўргазмалардан бири бўлиши кутилмоқда. Бутунжаҳон кўргазмасининг мавзуси – «Ақлларни бирлаштириб, келажакни яратамиз». Кўргазмага дунёнинг 192 та мамлакатидан 25 млн. киши ташриф буюриши белгиланган. Бу Яқин Шарқ ва Африка (MENA) минтақасидаги биринчи йирик экспокўргазма бўлади.
     Мазкур кўргазмада Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, бугунги куни ва ривожланиш истиқбол­лари «Келажак йўлларини ташкил этган ҳолда» мавзусидаги кенг экспозиция жойлаштириладиган, умумий майдони 1739 квадрат метрни ташкил қилувчи алоҳида Миллий павильонда намойиш этилади.
     «Expo 2020 Dubai»да Ўзбекистон Республикасининг иштироки билан параллел равишда 2021 йил декабрь ойида республикамизнинг ҳар бир вилоятидан Ўзбе­кистоннинг етакчи санъат усталари ва фольклор жа­моалари иштирокида БААда «Ўзбекистон маданияти ҳаф­талиги»ни ўтказиш режалаштирилган. Ушбу тадбир ус­тида ҳар икки мамлакат маданият вазирликлари томонидан дипломатик миссиялар кўмагида иш олиб бо­рилмоқда.
     – Бахтиёр Баҳодирович, саволларимизга жавоб берганингиз учун раҳмат ва суҳбатимиз якунида яна нималарни қўшимча қила олган бўлардингиз?
     – Бу йил мамлакатларимиз учун ўзига хос юбилей ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги­нинг 30 йиллиги, иккинчи томондан, 2021 йил 2 декабрда Бирлашган Араб Амирликлари ташкил топганининг 50 йиллиги нишонланади.
     Шу муносабат билан азиз юртдошларимизни ўтган Мус­тақиллик байрами билан чин қалбимдан қутлашга, уларга боши узра мусаффо ва сокин осмон, мустаҳкам соғлиқ тилашга ижозат бергайсиз, коронавирус пандемияси билан боғлиқ барча кулфатлар ўтмишда қолсин, шунингдек, оилавий фаровонлик ҳукм сурсин, дастурхонларимизда тўкинлик бўлсин.
     Қардош Амирлик халқига энг яхши тилакларимни билдираман ва 1971 йил 2 декабрга бориб тақаладиган «Саҳродаги эртаклар»нинг узоқ-узоқ йиллар давом этишини тилайман.
     Эътиборингиз учун раҳмат!

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.