Katta intervyu

Улкан салоҳият, самарадорлик ва долзарб вазифалар

4/2020

     Мамлакатимиз жанубий воҳасидаги Тепа­қўтон калийли тузлар кони негизида Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводи иш бошлаганига мана, ўн йил бўлди. Ўн йил аслида тарих учун бир кўз юмиб-очгулик лаҳза. Лекин шу қисқа давр ичида мазкур саноат корхонаси барқарор ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан миллий иқтисодиётимизда ўз ўрнини мустаҳ­камлади. Кимё саноатида асосий мақсад – импортнинг ўрнини босишда унинг ҳис­саси тобора ортиб бораётгани ҳам бугун барчамизга яхши маълум. Умуман айт­ганда, бу улкан салоҳиятга эга қувватнинг ишга туширилиши Ўзбекистонга жаҳон­нинг калийли ўғитларни ўзида ишлаб чиқа­рувчи кам сонли давлатлар сафидан жой олиш имконини берди.
     Деҳқонобод калий заводи директори ­Ойбек ҚУРБОНОВ билан суҳбати­мизда ушбу йирик корхонанинг ўн йиллик фаолиятига яна бир бор назар ташладик. Самимий мулоқот эришилган ютуқлар ва галдаги вазифаларнинг ўзига хос сарҳисоби бўлди, десак янглиш­маймиз.
 
     – Ойбек Абдусатторович, авваламбор, завод фао­лиятидаги тарихий сана билан яна бир бор табрик­лаймиз. Ўн йил – айтишга осон, аммо шу йиллар ичида корхона қаддини тиклаб, кўзланган мақсад ва натижаларга эришиши у қадар енгил кечмаган бўлса керак?
     – Биз турган ҳозирги заводнинг ўрни бўш ер майдони бўлиб, аҳоли томонидан лалми қовун-тарвуз ва бошқа полиз экинлари етиштириладиган жой эди. Мен худди кечагидек аниқ эслайман. Университетни битириб келиб, қурилиш фирмасида ишлардим. 2007 йилнинг 7 август санасида завод қурилиши учун жой танланди.
     Деярли икки ҳафта давомида қурувчилар кечаю кундуз ишлаб, мўъжазгина дирекция барпо этилди. Ўшанда мен қурувчилар сафида ишлаганман.
     Шу тарзда 2007 йил ёзида заводнинг инфраструктура объектлари қурилиши бошланди. Мен ҳам қурилиш дирекциясига ишга қабул қилиндим. Қисқа фурсатда ишчи-ходимлар учун замонавий коттежлар, 100 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 77 км масофада ташқи сув таъминоти, 45 км 1-категорияли автомобиль йўли, электр линияси объектлари қурилиб фойдаланишга топши­рилди.
     2008 йил 20 мартида тоғ-кон мажмуаси қурилишига старт берилиб, деярли икки йил давомида бунёдкорлик ишлари жадал суръатда олиб борилди ва сильвинит рудаси қазиб чиқарила бошланди. 2010 йил 8 майида Ўзбекистоннинг илк сильвинит карвони қайта ишлаш мажмуасига йўл олди.
     Одатда калий шахталари қурилишига ўртача 3-5 йил талаб қилинади. Айнан бизнинг тоғ-кон мажмуамиз қурилиши қия стволлар орқали ўтилиши ҳисобига дунёда қисқа фурсатда бунёд этилган калий шахталар қаторидан жой олди.
     Тоғ-кон мажмуаси бўйича ҳам, қайта ишлаш маж­муаси бўйича ҳам асосий хавотирли масала – бу кадрлар таъминоти эди. Очиғи, хорижий пудратчилар ба­ҳайбат ускуналарни маҳаллий кадрлар бошқаришига шубҳа билан қарашарди. Ҳатто буни бир неча бор очиқчасига ҳам айтишган. Лекин кадрлар масаласидаги тўғри ёндашув, ишчи-ходимларни хорижий корхоналарга олиб бориб, малакасини ошириш ўз натижасини берди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, тоғ-кон мажмуаси Марказий Осиёдаги энг тез ишга туширилган шахта ҳисобланади. Ҳозирга кунда бу ерда тўлиқ маҳаллий мутахассислар томонидан сильвинит рудасини қазиб олиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
     – 2020 йил бутун дунё учун синовли келди. Пандемия туфайли айни пайтда қудратли давлатларда ҳам иқтисодий беқарорлик ва таназзул куза­тилмоқда. Шундай шароитда мамлакатимиз иқти­содиётининг барча бўғини, йирик ишлаб чиқариш қувватлари таҳ­ликали вазият билан юзма-юз келаётгани сир эмас. Ҳозирги глобал инқирознинг юртимиз ҳаётига таъ­сири ва оқибатларининг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазала­рингизни билмоқчи эдик. Хусусан, бу йўналишда сизнинг раҳбарлигин­гиздаги заводда қандай чора-тадбирлар белгиланган?
     – Тўғри, чиндан ҳам 2020 йил нафақат мамлакатимиз ҳаётида, балки бутун дунёда содир бўлаётган панде­миянинг таъсири ва оқибатлари иқтисодиётга жуда катта зарар келтирмоқда. Маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисо­диёт тармоқлари фаолиятининг бар­қарорлигини таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Ушбу вазифалар давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорларида ўз аксини топди. Жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ва кредит мажбуриятларининг кечиктирилиши ва те­гишли имтиёзлар берилиши айни муддао бўлди.
     Мамлакатимизга коронавирус кириб келган илк кун­ларданоқ асосий эътибор завод фаолиятини карантин талаблари асосида қайта ташкил этишга қаратилди. Ҳо­зирги глобал инқироз даврида маҳсулотимизни чет давлатларга экспорт қилиш ва унинг рақобатбардош­лигини таъминлаш учун маҳсулот таннархини пасай­тириш, харажатларни оптималлаштириш орқали янги бозорларга киришга муваффақ бўлмоқдамиз.
     – Маълумки, сўнгги уч йилда жамиятимиз ҳаё­тининг барча жабҳасида кескин ўзгаришлар юз берди. Эркинлаштириш, инвестиция имкониятларини кенгайтириш иқтисодиётимизда янги саҳифа очди. Сизнинг-ча, мана шу уч йил завод фаолиятида қандай ютуқлар билан эсланади? Корхонанинг дастлабки йиллари билан таққослаганда, қандай устун кўрсаткичларни келтира оласиз? Агар муаммолар бўлса, уларни ҳам очиқ айтишингизни истардик.
     – Сўнгги уч йил давомида Юртбошимиз томонидан олиб борилган оқилона сиёсат самарасида мамлака­тимизнинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар рўй берди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳара­катлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришда сезиларли ютуқларга замин яратаётир.
     Заводимиз фаолиятига келадиган бўлсак, охирги йилларда замонавий корпоратив бошқарув механизмига ўтилгани ҳамда мулкчилик шаклининг ўзгарганлиги хорижий инвесторларнинг эътиборини тортмоқда. Ҳозирда «Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг 51 фоиз акцияларини хорижий инвесторларга сотиш бўйича тегишли идоралар билан ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллий кадрларимиз малакасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва белгиланган прогноз кўрсаткичларни ортиғи билан бажаришга эришилмоқда. Табиийки, муаммолар ҳам йўқ эмас, аммо олдимизга қўйган вазифаларни бажариш орқали уларнинг ечимини топишда давом этамиз.
     – Калий хлорид олиш манбаи ҳисобланган сильвинитнинг қазиб олиш жараёни ҳамда, у билан бирга қазиб олинадиган натрий тузлари, галит кўрсаткичлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
     – Аввало, сильвинит рудасини қазиб олиш тарихи ҳақида гапирадиган бўлсак, заводнинг тоғ-кон мажмуа­си қурилиши 2008 йилда Тепақўтон калий тузлари конини очиш ва тайёрлаш ишларидан бошланган ва даст­лаб асосий пудратчи ташкилот – «ЗУМК-Инжиниринг» МЧЖ томонидан №1 ва №2 қия стволлар очилиб, руда қазиб чиқариш учун панеллар тайёрланган.
     Ҳозирги кунда калий минерал ўғити учун муҳим хом­ашё ҳисобланган сильвинит рудаси ишлаб чиқариш мажмуасидан 42 км узоқликдаги Тепақўтон калийли тузлар кони негизида шахта усулида қазиб олинмоқда. Асосий ишлаб чиқариш тажриба панелида юқори унумдорликка эга бўлган «Урал-20Р» ва «Урал-10Р» типдаги лаҳм ўтиш комбайнлари ёрдамида бажарилади. Қазилган рудаларни ер юзасига чиқаришда КЛ-1000 ва КЛК-1000 типдаги лентали конвейерлардан фойдаланилади.
     2011 йилда руда қазиш тажриба панелида олиб борилган бўлса, 2012 йилдан бу амалиёт саноат панелларида бажарилди ва ўтган йиллар давомида 1-чи, 3-чи ва 5-чи панеллардан сильвинит рудаси қазиб олинган. Шахтада руда қазиб олиш бошланганидан 2020 йил 1 июль ҳолатигача шахтадан 8,8 млн. тоннадан ортиқ қимматбаҳо хомашё қазиб олинишига эришилди.
     Бундан ташқари шахтани истиқболли ривожлантириш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилиб, 2014 йилдан шахтани бошқариш тўлиқ маҳаллий кадрлар қўлига ўтган бўлса, шахта мутахассисларининг юксак салоҳияти ва тинимсиз меҳнатлари ҳисобига 2016 йилга келиб ўз кучимиз билан янги 3-панелни очишга муваффақ бўлинди.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.