Xalqaro munosabatlar

Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг янги босқичи

2/2021

     «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» таҳлилий журналининг Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган ушбу махсус сонида навбатдаги меҳмонимиз – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз ҚУДРАТОВдан мавзу доирасида интервью олдик.
 
     – Лазиз Шавкатович, Германия бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бораётганини ўтган йили глобал пандемияга қарамай мамлакатимиз иқ­тисодиётига мазкур давлат сар­мояси 2019 йилга нисбатан 25 фоизга ўсгани мисолида ҳам кўриш мумкин, тўғрими?! Сизнингча, бундай ўсишнинг асосий сабаби нимада ва энг муҳими, ҳукумат ва вазирлигингиз томонидан иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳ­камлаш йўлида қандай қадамлар қўйилмоқда?
     – Сўнгги уч йил мобайнида Ўзбекистон сезиларли даражада ўзгарди ва биз мамлакатимиз ҳозирда очиқ­лик, новаторлик, бизнес ва инвестициялар учун турли тўсиқлар­ни олиб ташлашда қатъийлик рамзла­ридан бирига айланиб бораётгани билан фахрланамиз.
     Дарҳақиқат, немис капитали ва инвестицияларининг иқтисодиёти­мизга оқими 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 25 фоизга ошиб, 700 миллион доллардан кўпни ташкил қилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида 200 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда ва уш­бу рақам ҳар йили ортиб бор­моқда.
     Мамлакатимиз лойиҳаларига, иқ­тисодиётнинг тўқимачилик ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, кимё ва нефть-кимё мажмуалари, соғлиқни сақлаш соҳаси, шунингдек, ахборот технологиялари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқларига фаол инвестиция киритаётган Германия компанияларининг қизиқиши ҳамда интилиши бизни мамнун қил­моқда. Қолаверса, «KfW» Германия тараққиёт банкининг Тошкентдаги филиали (2020 йил декабрь), Германия иқтисодиётининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари (2020 йил май), шунингдек, пойтахтимизда Германия кичик ва ўрта корхоналар ассоциациясининг (2020 йил июль) очилиши немис сармоядорлари билан ҳам­корлик кўлами кенгайиб бораётганини яққол исботлайди.
     Жорий йилда германиялик ҳам­корларимиз билан автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 24 та йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз.
     Албатта, биз бундай натижага жо­зибадор ишчанлик муҳитини яратмасдан туриб эришиш деярли мумкин эмаслигини тушунамиз. Хусусий инвестицияларни фаоллаштириш учун бизнес билан доимий мулоқот, муайян секторларнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ғовларни аниқлаш ва бартараф этишга доир машаққатли ишлар талаб қилинади. Шунга кўра тегишли йўналишларда фаол иш олиб бормоқдамиз.
     Биринчидан, иқтисодий ўсишнинг изчил юқори суръатларини сақлаб қолиш учун биз мамлакат иқтисо­диётининг унда активларнинг катта улуши хусусий инвесторларнинг қў­лида бўлишини назарда тутувчи бар­қарор ва рақобатбардош моделини яратишни мақсад қилиб ўз олдимизга қўйганмиз.
     Иккинчидан, инфратузилмага инвестицияларнинг жадал ўсишини таъ­минлаш учун давлат-хусусий шериклик воситаларини ва лойиҳани молиялаштиришни ривожлантириш орқали инвестициявий фаолликни рағбатлантирамиз, бу инвестициявий жозибадорликни ошириш ва иқти­содиёт барқарор ўсишининг муҳим омили ҳисобланади.
     Учинчидан, давлат хизматларини рақамлаштириш ва уларни контактсиз тақдим этиш орқали инвесторлар билан ишлашдаги бюрократик ғов ва тўсиқларни тўлиқ бартараф этишга, инвесторлар ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг барча жараёнларини мақбуллаштиришга ҳа­ракат қилаяпмиз. Максимал шаффофликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш учун хорижий инвесторларнинг мурожаатлари, сўровлари билан ишлаш сифатини ошир­моқдамиз.
     Тўртинчидан, меҳнат ва капиталнинг иқтисодиётнинг легал секторидан хуфиёна сектори оқимига олиб келадиган транзакция харажатларини қатъият билан камайтирмоқдамиз. Мақсад ва вазифаларимиз аввало, тадбиркорлар учун легал ишлаш фойдали бўладиган шарт-шароитларни яратишга қаратилган.
     Бешинчидан, Ўзбекистон учун энг истиқболли ҳисобланган, технологик юксалиш нуқталарига айланиши мумкин бўлган ва кейинги 20-30 йил давомида мамлакат ишлаб чиқарувчи кучларининг ривожланишига замин яратишга қодир муайян тармоқларга йўналтирилган инвестиция сиёсати стратегиясини ишлаб чиқмоқдамиз.
     – Агар 2016 йилда Ўзбекистонда германиялик сармоядорлар иштирокида 120 га яқин корхона ишлаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 200 га яқинлашди. Ўзингиз эътироф этганингиздек, Германия ишбилармон доиралари учун Ўзбекистоннинг автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, сайёҳлик тармоқлари жозибадор ҳисобланади ва бу йўналишларда кўплаб муваффақиятли қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилин­япти. 2021 йилда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун яна қандай соҳалар режалаштирилган?
     – Германия билан муносабатлар ҳамкорлик йўналишларининг кенг доирасини қамраб олган ҳолда анъанавий тарзда кўп қиррали хусусиятга эга. Бунинг учун пухта шарт­номавий-ҳуқуқий база шаклланти­рилган.
     Хусусан, 2019 йилнинг 20-22 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга расмий ташриф билан борди. Ташриф доирасида Федерал канцлер А. Меркель, Федерал ­Президент Ф.-В. Штайнмайер ва Бундестаг раиси В. Шойбле билан учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси Бавария пойтахти – Мюнхен шаҳрида ҳам бўлиб, у ерда Ўзбекистон ­Президенти Бавария Бош вазири М. Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан мулоқот қилди.
     2019 йилнинг 27-29 май кунлари Германия Федерал Президенти Ф.-В. Штайнмайер Ўзбекистонга келди. Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди, шунингдек, Гёте номидаги институтга ташриф буюрилиб, Урганч шаҳрига сафар уюштирилди. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий мас­лаҳатлашувларнинг 15 та раунди бўлиб ўтди. Парламентлараро алоқалар, ҳуқуқ ва хавфсизлик соҳаларида, му­дофаа вазирликлари йўналиши бўйича ҳамкорлик фаол ривожлан­моқда.
     Бугунги кунда Германия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқти­содий ҳамкорларидан бири ҳисоб­ланади. 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда ўзаро савдо ўзининг энг юқори даражасига етди ва қарийб 87 фоизга ўсиб, 990 млн. долларни ташкил қилди. 2020 йилнинг якунларига кўра коронавирус пандемияси туфайли товар айланмаси бироз пасайди. Бироқ бу йил иккала мамлакатда ҳам прогноз қилинган иқтисо­дий ўсишни ҳисобга олган ҳолда то­вар айланмаси 1 миллиард доллардан ошишини кутяпмиз.
     Жорий йилда германиялик сармоядорлар билан биргаликда автомобилсозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника тармоқларида, қу­рилиш материаллари ишлаб чи­қариш соҳасида лойиҳалар амалиётга йўналтирилмоқда.
     Икки томонлама фаол инвестициявий ҳамкорлик мамлакатимизда Германия бизнеси иштирокининг кенгайишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда «MAN», «Claas», «Knauf», «Papenburg» каби таниқли немис компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Биринчи марта бозоримизга «Volkswagen» ва «Viessmann» кирди, шунингдек, узоқ танаффусдан сўнг «Siemens» ва «Bosch» ҳам қайтди.
     Шуни алоҳида айтишни истардимки, Ўзбекистон-Германия Ишбилармонлари кенгашининг жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги йиғилиши саноат клас­терларини ривожлантириш, рақам­лаштириш ва «яшил иқтисодиёт», қайта тикланадиган энергетика соҳа­сидаги лойиҳаларни жадаллаштириш каби янги йўналишлардаги кооперацияга туртки бериши кутилмоқда.
     Қишлоқ ва сув хўжалиги, ҳуқуқий тизимни ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо каби соҳа­ларда кўрсатилаётган молиявий-техник ёрдам ҳажми ошаётгани эса Германия республикамиздаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради. Жумладан, 2019-2020 йилларда Германия ҳукумати Ўзбекистонга 202 миллион евро миқдорида грант ва имтиёзли кредитлар аж­ратди.
     Дарвоқе, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг фаоллашуви фонида фуқароларимизнинг немис тилини ўрганишга ва Германияда таълим олишга бўлган қизиқиши ортиб бор­моқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 минг нафардан ортиқ мактаб ўқувчиси, 19 минг нафар талаба Гёте, Шиллер ва Кант тилини ўрганиш­моқда. Германиянинг турли олий ўқув юртларида 600 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба, аспирант ва докторант таҳсил олмоқда. Немис тили республикамизда ўрганиладиган иккинчи энг машҳур чет тилидир. Олий таълим соҳасида Германиянинг 30 дан ортиқ олий ўқув юрти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, талабалар, мутахассислар ва педагог кадрлар билан алмашув амалга оширилмоқда.
     Икки томонлама маданий-гуманитар муносабатларни ривожлантириш нуқтаи назаридан Тошкент билан Берлин, Бухоро билан Бонн, Са­марқанд билан Бремен ўртасидаги шериклик алоқалари муҳим ўрин тутади.
     – Германия билан товар айланмасини кўпайтиришдаги энг муҳим ташаббуслардан бири мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга, Import Promotion Desk немис импортчиларининг порталига қўшилишга интилиши бўлди, шундай эмасми? Ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
     – Саволингизга жавобни шундан бошлаш керакки, 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти республикамизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёни қайта тикланганлигини расман эълон қилди ва 2018 йилнинг бошида ЖСТ Котибиятига тегишли мурожаат юборилди.
     Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёни устида янада самарали ишлаш учун мамлакатимизнинг алоқадор вазирликлари ва идоралари раҳбарлари, ўрта бўғин масъул шахслари ва мутахассислари иштирокида институционал, таркибий ва тизимли база ҳамда идоралараро ўзаро ҳамкорлик механизми шакллантирилди.
     ЖСТга аъзо бўлиш жараёни доирасида ташкилот Котибиятига Ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандум ва Ўзбекистон Рес­публикасининг мамлакат ташқи сав­до режимининг турли жиҳатларига доир 23 та ҳужжат юборилди.
     ЖСТга аъзо мамлакатлар саволларига аниқ ва сифатли жавобларни шакллантириш ва юбориш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда, шунингдек, миллий қонунчиликни Ташкилот битимларининг қоидалари ва меъёрларига мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
     2020 йилнинг 7 июль кунида 15 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 4-йиғи­лиши бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда Ташкилотга аъзо бўлган айрим мамлакатлар билан товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар олиб бо­рилмоқда.
     Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнига БМТ Тараққиёт дас­тури, USAID, UNCTAD, ЖСТ Халқаро савдо маркази, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Россия, Корея Респуб­ликаси, Хитой каби халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатларнинг техник ёрдамини жалб этишга ҳа­ракат қилинмоқда. Айни пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 5-йиғили­шига ва қишлоқ хўжалиги бўйича кўп томонлама музокараларга тайёргарлик кўрилаётир.
     GSP+га келсак, жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқариш учун махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирди, унга Ўзбекистон Умумий преференциялар схемаси (GSP) доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинган эди.
     Мазкур қадам ЕИ билан Ўзбекис­тон ўртасидаги муносабатлар учун муҳим аҳамиятга эга. У томонлар ўртасидаги мулоқот ва савдо алмашувларини янада чуқурлаштириш имконини беради. Ушбу воқеа ЕИ ва Ўзбекистондаги кўплаб манфаатдор томонлар, шу жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари, бизнес ҳамжа­мияти ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорликда янги йўлнинг бошланганини исботлайди.
     Европа Иттифоқининг республикамизга GSP+нинг бенефициар мамлакати мақомини бериш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг раҳбарлигида ва ташаббуси билан амалга оширилаётган, давлат бошқаруви ва фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга бўлган демократик давлатни шакл­лантиришга қаратилган кенг кў­ламли ислоҳотларнинг сезиларли натижаларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
     Ишончим комилки, бу биринчи навбатда, Европа Иттифоқи мамлакатларидан инвесторлар ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда ис­тиқболли лойиҳаларни амалга оши­ришга кучли тартки беради, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Итти­фоқи мамлакатлари ўртасидаги сав­до-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.
     GSP+ тизимининг аъзоси сифатида Ўзбекистон GSP томонидан қам­раб олинган маҳсулот линейкаларининг учдан икки қисмига тарифларни тўлиқ бекор қилиш ҳисобидан стандарт GSPга қараганда қўшимча иқтисодий манфаатларга эга бўлади, бу эса ўз навбатида, экспорт ҳаж­мининг ўсишига ва мамлакатга қў­шимча инвестицияларнинг жалб қи­линишига ёрдам бериши мумкин. GSP+нинг барқарор ривожланиш соҳасидаги мажбуриятлари Ўзбекис­тоннинг ишончли ва узоқни кўрувчи иқтисодий ҳамкор сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
     Агар Import Promotion Desk немис импортчиларининг порталига қўши­лиш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳа бўлиб, у ҳамкор мамлакатлардан ишончли етказиб берувчилар гуру­ҳини шакллантиришга қаратилган.
     Лойиҳанинг амалга оширилиши давомида Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналар озиқ-овқат маҳсулотлари ва табиий ингредиентларнинг Европа профессионал кўргазмаларида иштирок этиш учун танлаб олинади. Ушбу лойиҳа якунида маҳаллий ишлаб чиқарув­чилар билан немис истеъмолчилари ўртасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда. Лойиҳа миллий маҳсулотларни Европа бозорларига экспорт қилиш ҳажмини оширишга ёрдам беради.
     2021 йилнинг январь ойида «IPD» лойиҳасининг офиси томонидан Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва та­раққиёт федерал вазирлигига Ўзбекистоннинг лойиҳага қўшилиши борасида ижобий хулоса тақдим этилди. Германия томонининг қарори шу йил ёзда эълон қилиниши кутил­моқда.
     – Жорий йилнинг 9 март куни Германия иқтисодиётининг Шар­қий қўмитасига аъзо компаниялар билан виртуал давра суҳбати бўлиб ўтди. Марҳамат қилиб учрашув натижалари ҳақида гапириб берсангиз ва мулоқот жараёнида қандай муаммолар кўтарилди?
     – Бу жуда муҳим учрашув эди, унда 60 та немис компанияси, шу жумладан, BASF, SAP, Rohde & Schwarz, OPASCA, Claas, MAN, Deutsche Bahn, Commerzbank, Landesbank кабиларнинг 100 нафардан ортиқ раҳбари иштирок этди. Германия делегациясига «Манголд Консалтинг ГмбХ» компанияси раиси К. Манголд бошчилик қилди.
     Ўзбекистон-Германия инвести­циявий ҳамкорлигининг бугунги ҳолати, шунингдек, иқтисодиётнинг истиқ­болли тармоқлари, жумладан, қури­лиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика саноатида ўзаро манфаатли ҳамкор­ликни чуқурлаштириш­нинг янги йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон тармоқ идоралари ва бирлашмалари раҳбарлари потенциал ҳамкорлар билан йўналиш устида ишлаш ва муҳокама қилиш учун истиқ­болли лойиҳавий таклифлар тақди­мотларини ўтказди.
     Бундан ташқари Германия компанияларининг вакиллари Ўзбекистон томондан соҳа вазирликлари ва идораларининг раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ мавжуд масалаларни билдириш имкониятига эга бўлди. Очиқ мулоқот кўтарилган муаммоларни холисона ўрганиш ва кўриб чиқилган ҳар бир ҳолат бўйича самарали ечимларни ишлаб чиқиш имконини берди.
     Тадбир якунларига кўра инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган ёки Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдираётган германиялик тадбиркорлар билан яқин ҳамкор­ликнинг барқарор механизмини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
     – Лазиз Шавкатович, мазмунли суҳбат учун ташаккур.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.