Мамлакатимизда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, статистика тизимида ҳам ўзига хос ўзгаришларга монанд фаолият юритишни талаб этмоқда. Журналимиз мухбири Саидмурод Раҳимов шу ҳақда суҳбатлашиш учун Давлат Статистика қўмитасининг Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир Ғойибназаровга бир неча саволлар билан мурожаат қилди:
– Айни пайтда Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида статистиканинг ўрни қандай аҳамиятга эга, шу ҳақда қисқача тўхталиб ўтсангиз?
– Статистика – оммавий статистик (миқдорий ва сифатий) маълумотларни йиғиш, ўлчаш ва таҳлил қилишнинг умумий масалалари билан шуғулланувчи фан тармоғидир. Мазкур маълумотлар асосида ҳар қандай хўжалик тармоғининг фаолиятини таҳлил этиш мумкин бўлади. Шунингдек, статистика ижтимоий турмуш тарзимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, ижтимоий ҳодисалар тараққиёти, таназзули, ўсиш динамикасини аниқлайди.
Статистика иқтисодиётни бошқариш механизмида муҳим ролни бажаради. Рўй берадиган ҳодиса ва жараёнлар тўғрисида тизимли, тўла ва ўз вақтида ахборотларнинг мавжудлиги – давлат ва ҳудудий даражаларда самарали бошқарув қарорларини қабул қилишнинг зарурий шартидир. Статистик маълумотларнинг сифати ва ишончлилиги иқтисодиётни муваффақиятли ислоҳ этишга ёрдам берадиган самарали ечимлар асосидир.
Аниқ статистик маълумотлар асосида мамлакатдаги жорий ҳолатни англаб етиш ва тегишли мувофиқлаштирувчи тадбирларни амалга ошириш ва сезиларли даражада вазиятни яхшилашга эришиш мумкин бўлади.
Статистика – иқтисодиёт кўзгуси. Чунки, кўплаб ижтимоий фанларнинг хулосалари асосида воқеа-ҳодисаларни статистик усуллар ёрдамида ўрганади. Бу статистика бошқарув масалалари бўйича қатор муаммоларни ечишга имкон беради, яъни:
● вазиятни доимий бошқариб туриш, ижобий ва салбий тенденцияларни кузатиш;
● ҳар қандай операцияни унинг муваффақиятли омиллари бўйича баҳолаш;
● статистик ахборот асосида истиқболли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш;
● ишончли маълумотлардан фойдаланиш эвазига раҳбарда ишонч ва хавфсизлик ҳиссини уйғотиш;
● фақат ишончли фактлар, рақамлар билан иш кўриш;
● яхшилаш ва мувофиқлаштириш зарур бўлган ҳудудлар ёки тармоқларни ажратиш.
Иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида статистиканинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади, жумладан:
● ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигининг мавжуд захираларини аниқлаш;
● ҳукуматни, ижро ва хўжалик бошқарув органларини ишончли ахборот билан ўз вақтида таъминлаш;
● илмий асосланган кўрсаткичлар тизими асосида жамиятда рўй бераётган чуқур ислоҳотларни, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларни ҳар томонлама тадқиқ қилиш;
● миллий иқтисодиётни ривожлантириш тенденцияларини умумлаштириш ва прогнозлаш.
Статистикани ривожлантиришнинг бош йўналишлари қуйидагилар:
● статистик ахборотлар таҳлилини такомиллаштириш;
● ҳисоботдорликни тартибга солиш;
● ҳисоботларнинг ишончлилигини таъминлаш.
– 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар статистика тизими фаолиятига ҳам ўзгаришлар киритишни тақозо этмоқда, уларнинг энг асосийлари нималардан иборат?
– Албатта, Президентимиз томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси бирор соҳани четлаб ўтмайди. Шу жумладан, статистика тизими олдига ҳам улкан вазифа ва масъулият юклайди. Президентимизнинг 2017 йил 31 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида камчилик ва нуқсонлар кўрсатиб берилди. Давлат статистикаси тизимини тубдан такомиллаштириш, амалиётга синовдан ўтган, халқаро статистикада кенг қўлланилаётган, халқаро талаблар ва стандартларга мос келувчи статистик таҳлилнинг замонавий усулларини, кўрсаткичлар тизимини, баҳолаш мезонларини ва ҳисобот шаклларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фойдаланувчилар учун ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгартиришларни характерловчи статистик ахборотларнинг ишончлилиги, очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини таъминлаш, бу борада халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Ушбу устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича 2017–2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва ҳукуматимиз томонидан маъқулланди.
Ушбу қарорни амалга ошириш учун тизим фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳар бир масала юзасидан «Ҳаракат режалари» тузилди ва ўз вақтида, тўлақонли ижроси бўйича назорат ўрнатилди.
Жумладан, Президент қарори билан маъқулланган дастурдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий органлари тузилмалари тубдан ўзгартирилган ҳолда янгидан шакллантирилди. Мавжуд тармоқ бошқармалари ва ундаги бўлимларда бошқарув ходимлари ротацияси амалга оширилди.
Давлат статистикаси ишлари дастурини амалга ошириш жараёнида барча тузилмавий бўлинмаларнинг масъулиятлари ва функцияларини ҳамда ваколатларини аниқ тақсимотини таъминлайдиган замонавий вертикаль-интеграллашган бошқарув схемасини шакллантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат статистика қўмитаси тизимида янги бўлинмалар ташкил этилди. Жумладан, Ахборотларни тарқатиш, халқаро ахборот алмашув ва жамоатчилик алоқалари ҳамда Ижтимоий соҳа ва барқарор ривожланиш бошқармалари тузилди.
Шунингдек, аппарат таркибидаги тармоқ бошқармаларида ахборот-таҳлилий бўлимлар ташкил этилди. Бундай тузилмавий ўзгаришлар ходимлар сонини оширмасдан туриб, тайёрланадиган статистик ва аналитик материалларнинг сонини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш имкониятини беради. Мазкур бошқарма ва бўлимларнинг асосий фаолияти макроиқтисодий, тармоқ ва ҳудудий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни кенг қамраб олган статистик маълумотларни, халқаро амалиётга мос статистик кузатувлар маълумотларини ишончлилигини оширган ҳолда тайёрлаш ва уларни мажбурий тартибда тезкор ва сифатли таҳлил қилиш, оммавий ахборот воситаларида жойлаштиришга қаратилди. Бу борада қўмита сайти янгиланди ва унда доимий янгиланиб турадиган статистик маълумотлар базаси шакллантирилди.
2018 йилга тайёрланаётган давлат Статистика ишлари дастури лойиҳаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, унда кенг жамоатчилик, шу жумладан, халқаро молиявий, иқтисодий ва статистика ташкилотларини Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ҳаққоний маълумотлар билан таъминлаш мақсадида кўрсаткичлар кўлами кенгайтирилди.
Давлат статистика ишлари дастурини самарали амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, ҳудудий статистика органлари тўғрисидаги янги низомлар ишлаб чиқилди. Бунда тизимнинг барча бўғинлари функциялари такомиллаштирилди. Давлат статистика қўмитасининг роли статистика соҳасида давлат сиёсатини юритиш ва амалга оширишда бошқа давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида кучайтирилди.
– Эндиликда статистика ишларини юритиш тартибларига янгича ёндашувлар кузатилаяпти. Иқтисодчилар, мутахассислар томонидан «халқаро стандартлар бўйича» деган иборалар кўп ишлатилаяпти…
– Халқаро стандартлар турли мамлакатларда ҳисобланадиган кўрсаткичларни солиштириш (қиёслаш)га эришиш учун ўрнатилади. Бу ижтимоий-иқтисодий ҳодисаларни яхлит бир тизимда тавсифлаш ва қиёслаш ҳамда алоҳида мамлакатлар, ҳудудлар ва дунё бўйича олинган маълумотларни умумлаштириш имкониятини беради.
Халқаро статистикада қуйидаги стандартлар гуруҳлари мавжуд:
● халқаро статистиканинг умумметодологик қоидалари;
● статистик кўрсаткичларнинг таснифи;
● кўрсаткичларни ҳисоблаш бўйича қўлланмалар;
● маълумотнома ва техник қўлланмалар.
1945 йил 26 июнь ҳолатига кўра, БМТ томонидан таъсис этилган 51 та миллий статистика хизмати мавжуд эди. Ҳозирги даврда 200 га яқин шундай хизматлар бор. 2015 йилда БМТга аъзо бўлган 191 та давлат Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мажбуриятини олган. Халқаро статистика хизматларига олдингидек, уларнинг жорий фаолияти тажрибасини умумлаштириш ва ушбу асосда янги аниқлаштирилган халқаро таснифлагичларни миллий ҳисоблар тизими доирасида ҳамда уни аста-секин такомиллаштирилиши билан статистик кўрсаткичлар тизимини шакллантириш юклатилган.
Шундай қилиб, хориж статистикасини иккита асосий йўналишга ажратиш мумкин:
● ташкилотларнинг ривожланиш хусусиятлари, тенденциялари ва статистик ахборот миллий тизими фаолиятини мамлакатларнинг ички таҳлили учун ишлаб чиқиладиган миллий статистикаси;
● кўрсаткичлар тизимининг бирхиллаштирилган тизим бўйича ва ҳисоблашнинг ягона усуллари асосида алоҳида олинган мамлакатлар ва уларнинг гуруҳлари сингари бутун дунёнинг ривожланиш умумий қонуниятларини аниқлаш учун ишлаб чиқиладиган халқаро статистика.
Яъни, БМТга аъзо мамлакатлар статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш ҳамда тайёрлаш бўйича ягона қабул қилинган метод ва методологиядан фойдаланишади. Айниқса, Миллий ҳисоблар тизими бўйича қўлланиладиган халқаро стандартлар ишлаб чиқилган. Бунда асосан танлама кузатувлардан фойдаланилган ҳолда макроиқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратилади. Мазкур стандартларнинг охиргиси МҲТ-2008 ҳисобланади. Халқаро статистикада асосий статистик усул – танланма кузатув усули. Аммо ҳозиргача бизда ёппасига статистик кузатиш, статистик ҳисобот усулидан кенг фойдаланилади. Халқаро статистикадан ҳамда танланма кузатиш тамойилларидан келиб чиқиб, босқичма-босқич бу усулга ўтиш керак бўлади. Ҳозирги пайтда тадбиркорлик соҳасидаги чораклик статистик маълумотлар шу усулда ҳисобланмоқда.
– Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки каби йирик халқаро молия муассасалари ҳамда халқаро иқтисодий ва статистика ташкилотлари турли мамлакатларга тааллуқли статистик маълумотларни эълон қилиб боради. Бу борада Ўзбекистон статистикаси билан қандай ҳамкорлик йўлга қўйилган?
– Статистик маълумотлардан миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун статистик ахборотларнинг очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини максимал даражада таъминлаш, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш борасида ижобий қадамлар қўйилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларига доир маълумотлар алмашинувини амалга ошириш юзасидан хатлов ўтказиш натижасида 18 та халқаро ташкилот билан статистик ахборотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Масалан, Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК), Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа қатор БМТ халқаро ташкилотлари миссияларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида статистика соҳасида ҳам ҳамкорлик масалаларида музокаралар олиб борилмоқда.
Мисол учун, 2017 йилнинг 1–2 ноябрь кунлари Давлат статистика қўмитасида БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) статистика бўлими директори Лидия Братанова ва комиссиянинг статистика бўйича ҳудудий маслаҳатчиси Стивен Вейл иштирокида семинар ташкил этилди.
Яна бир устувор йўналишлардан бири 2021 йилгача Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари расмий сайтларини кенгайтириш, унда фойдаланувчилар учун талаб этилган статистик ахборотларни, таҳлилий материалларни ва маърузаларни жойлаштириш, турли кесимларда маълумотларни визуаллаштириш имкониятларини, шунингдек, фойдаланувчилар билан «онлайн маслаҳатчи» режимида тезкор мулоқот ўрнатилишини таъминлаш ҳисобланади.
Бу борада фойдаланувчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида қўмита расмий веб-сайтининг янгиланган шакли ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Унда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларига доир долзарб йўналишларда таҳлилий маълумотлар, чораклик натижалари таҳлиллари ва пресс-релизлар кўринишида ахборотлар жойлаштириб борилмоқда.
Бундан ташқари, Халқаро валюта фондининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизимига уланиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Чунки, мазкур тизимга уланган мамлакатлар ўртасида молиявий-иқтисодий маълумотлар алмашинуви, қиёсий таққослаш ва таҳлил қилиш имкониятини бериб, пировардида молиявий-инвестициявий оқимлар ва қўйилмалар ҳажмини ошириш, натижадорлигига эришишга хизмат қилади.
Ушбу мақсадда ҳукумат томонидан зарур ҳуқуқий асослар яратилди. Буларга мувофиқ, ХВФнинг к-МТУТ талаблари асосида 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, тегишли маълумотларни эълон қилинишини йўлга қўйиш мақсадида ҳукумат томонидан алоҳида Назорат режаси ва Идоралараро ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ҳамда Давлат статистика қўмитасининг комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида ХВФнинг к-МТУТ саҳифаси очилди ва унда йиғма маълумотлар миллий саҳифаси, йиғма маълумотлар жадваллари, метамаълумотлар ва маълумотларни эълон қилиш тақвимлари белгиланган тартиб асосида жойлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Халқаро валюта фонди вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида дастлабки музокаралар ўтказилди, натижада 2018 йилнинг биринчи чорагида техник кўмак юзасидан Ўзбекистон Республикасига миссиянинг ташрифи режалаштирилмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг Сиз эслатиб ўтган «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган устувор йўналишлардан бири – соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини тизимли ташкил этишдир. Ҳозир бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Маълумки, миллий иқтисодиётнинг инновацион ривожланиши кўп жиҳатдан кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Шунинг учун рақобатбардош кадр миллий иқтисодиётда муҳим омил ҳисобланади. Республикамизда кадрлар салоҳиятини ошириш борасида олиб бораётган ишларимиздан бири – бу соҳада кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан узвий боғланган.
Бугунги кунда дастурда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, статистика органлари ходимлари малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ходимларни қайта тайёрлаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб «Статистика асослари» курсининг ташкил этилиши, ўқитиладиган барча курслар бўйича ўқув дастурлари, ўқув-услубий мажмуаларни ишлаб чиқилиши бунга мисол бўла олади.
Давлат статистикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда 2017–2018 йилларда тизим ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, иқтисодиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда илмий семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Истиқболда кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айниқса, иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларни статистик таҳлил қилиш, МҲТ-2008 халқаро андозаларини миллий статистикага уйғунлаштириш, ҳудудлар иқтисодиётини комплекс тизимли статистик таҳлил қилиш, иқтисодиётни моделлаштириш ва прогнозлаш, АКТдан тизимда кенг фойдаланиш бўйича ўқув курслари жараёнларини самарали ташкил этиш асосий мақсадимиздир.