Xalqaro hamkorlik

O‘zbekiston va Qozog‘istonning o‘zaro hamkorligi – mintaqaning yangi istiqboli

Intervyu_Kaz_Erjan_Aydarovich
     Охирги пайтларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда, азал-азалдан қўшни ва дўст бўлиб келган икки мамлакат ўртасидаги алоқалар яна жадал суръатларда ривожланмоқда. Шунинг шарофати ўлароқ, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди. 15 мартда эса Остона шаҳрида Ўзбекистон йили тантанали равишда очилди. Унда Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев қатнашдилар.

     Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёнинг келгуси тараққиётига кенг йўл очиб берувчи давлатлар ҳисобланади. Тарихий илдизининг умумийлиги, маданиятининг муштараклиги, инсоний муносабатлар ва қадриятларнинг чамбарчаслиги, иқтисодий ва геосиёсий омилларнинг ўхшашлиги минтақа мамлакатлари ҳамкорлиги учун мустаҳкам замин яратади.
     Янги тарихий босқичда ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги салоҳиятидан унумли фойдаланиш учун катта имкониятлар эшиги очилди. «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi – Экономический вестник Узбекистана» журнали Бош муҳаррири шуни назарда тутиб, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбаси фонди қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори Ержан Айдарович САЛТИБАЕВ билан мулоқотда бўлди. Қуйида улар ўртасидаги савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
 
     – Ержан Айдарович, бугунги кунда иккала мамлакат ҳам ўзининг кўпроқ хомашёга асосланган иқтисодий моделини изчил равишда сервис-индустриал моделга айлантириш жараёнини бошидан кечирмоқда. Бироқ нис­батан чекланган ички бозор экспортнинг янги-янги йўналишларини излашга ундайди. Шундай экан, айтинг-чи, республикаларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳам­корлик истиқболлари қандай бўлиши мумкин?
     – Аввало, шуни эслатиш жоизки, Ўзбекистон Қозоғистон учун Марказий Осиёдаги энг катта сиғимга эга бозор. Ўз навбатида, Қозоғистон ҳам савдо бўйича Ўзбекистоннинг минта­қа­даги асосий ҳамкори саналади. Боз устига, айнан Қозоғистон бошқа қўш­ни давлатларда ҳозирча талаб унчалик юқори бўлмаган Ўзбекистон маҳ­су­лотларини ўз эҳтиёжларига ишлатишга қодир.
     Қозоғистон ўз иқтисодиётини хом­ашёга боғлиқликдан холи этиш ниятида қўшни мамлакатлар, биринчи галда, Ўзбекистон билан кооперацияни кенгайтиришга интилмоқда. Агар хомашё асосан йироқ хорижий ўлкаларга етказиб берилса, у ҳолда но­хомашёвий экспорт, шунингдек, деярли барча юқори технологияли тар­моқлар қўшни давлатлар иқтисо­диётига боғлиқ бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон том маънода Қозоғистоннинг ишончли ҳамкорига айланмоқда.
     Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо статистикасининг кўрсатишича, 2017 йилда товар айланмаси 2016 йилгига нисбатан 31,2 фоизга кўпайиб, 2 млрд. доллардан ошди. Чунончи, Қозо­ғис­тондан экспорт ҳажми 35 фоизга ортиб, 1,3 млрд. долларни, Ўзбекистонда 25,1 фоизга етиб, 735,2 млн. долларни ташкил қилди.
     Икки томонлама савдо ривожланишининг бундай динамикаси ҳуку­мат­ларимизга 2020 йилда ушбу кўрсаткични 5 млрд. долларгача етказишдек улкан маррани белгилаш им­конини беради. Иккала мамлакатда ҳам бунинг учун зарур шарт-шароитлар етарли. Масалан, ўтган йилнинг биринчи чорагига солиштирил­ганда, жорий йилнинг дастлабки уч ойида савдо ҳажми 46 фоизга ошиб, 543,1 млн. долларга етди. Йил охирига қадар мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 3 млрд. долларга тенглашиши кутил­моқда.
     Табиийки, айни соҳада юқори суръатлар билан ўсишга ўзаро муносабатларимиз илиқлашиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилиши эвазига эришилмоқда. Бултур иккала давлат етакчиларининг бир қатор учрашувлари бўлиб ўтди. Олтита қўшма тадбир уюштирилиб, ўзаро стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса, дебочасига иқ­тисодий алоқаларни мустаҳкамлаш­дан бошланиши керак.
     Ҳукуматлараро махсус комиссия ҳам ўз фаолиятини жадаллаштирди. Унинг 17-мажлиси якунларига кўра, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 14 та, транспорт ҳамкорлиги бўйича 11 та бандни ривожлантириш тўғри­сида қарорлар имзоланди. Икки томонлама савдода товарлар номенклатурасини кенгайтириш, етказиб берилаётган маҳсулотлар учун акциз­ларни камайтириш юзасидан келишиб олинди. Бу савдони осонлаштириш учун алоҳида «яшил йўлак»­ни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қи­лингани ҳам катта ютуқ бўлди.
Президентларимизнинг муваффақиятли мулоқоти Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топди. Бултур бир йўла иккита йирик бизнес форум ўтказилиб, мамлакатларимизнинг етакчи компаниялари томонидан 1 млрд. доллар қиймати­даги инвестиция битимлари тузилди. Шу вақтдан эътиборан машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва кимё саноати тизимидаги икки томонлама савдо уйлари ўз фаолиятларини фаоллаштирди.
 
 
Всё интервью вы можете прочитать в печатной версии журнала

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.