Ekskluziv intervyu

Ўзаро ишонч, бирлик ва бирдамлик ришталари

6/2020

     Туркий кенгаш ёки Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши – бу замонавий туркий давлатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Туркий дунё интеграцияси ва иқтисодий ҳамкорлик ҳақида биз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод АМРЕЕВ билан суҳбатлашдик.

 

     – Маълумки, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг халқаро майдондаги нуфузи тобора ошиб бормоқда. Ижозат берсангиз, суҳбатимизни ушбу Кенгашнинг ташкил этилиши ва унга аъзо давлатларнинг сони ҳамда унинг асосий мақсади ва фаолият йўналишлари масаласидан бош­ласак.
     – Туркий тилли давлатлар ҳам­корлик кенгаши (Туркий кенгаш)нинг шаклланиш ва ривожланиш жараёни 1992 йилда Анқарада бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар раҳбарла­рининг Биринчи Саммитидан бошланди, унда туркий тилли давлатлар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизис­тон, Турк­манистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этганди.
     Анқара Саммити доирасидаги биринчи учрашувнинг самарадорлиги ва натижадорлигини инобатга олиб, давлат раҳбарлари бундай саммитларни ўтказиш амалиётини давом эттиришга қарор қилдилар. Кейинги олий даражадаги учрашувлар Истанбул (1994, 2001 ва 2010 йй.), Бишкек (1995 й.), Тошкент (1996 й.), Остона (1998 й.), Боку (2000 й.), Анталия (2006 й.), Нахичеван (2009 й.)да ташкил қилинди.
     Шуниси қувонарлики, 1996 йилда бўлган Тошкент саммитида мунтазам кўп томонлама маслаҳатла­шувлар ва учрашувларни ўтказиш, шунингдек, Туркий тилдa сўзлашувчи давлатлар саммити Котибиятини таъсис этиш зарурлиги таъкидланди. Кейинчалик 1998 йилда Остонада бўлиб ўтган Саммитида Котибият Низоми қабул қилинди ва 2000 йилда бўлиб ўтган Боку Саммитида Туркия­да Доимий котибиятни таъсис этишга қарор қилинди.
2009 йилда Озарбайжон, Қозо­ғистон, Қирғизистон ва Туркия раҳ­барлари томонидан Нахичеванда халқаро минтақавий ташкилот сифатида Туркий кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги Нахичеван битими имзоланди ва у 2010 йил ноябрь ойида кучга кирди. Ўшанда Истанбулда таш­кил этилган 10-Саммитида Туркий кенгаш фаолияти бошланганлиги тантанали равишда эълон қилинди, унинг Истанбулдаги котибияти очилди ва Бош котиб этиб элчи Халил Акинчи тайинланди.
     Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Туркий кенгашнинг Фахрий раиси Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан 2011 йил 20-21 октябрь кунлари Остона шаҳрида Туркий Кенгашнинг биринчи Саммити бўлиб ўтди. Ки­йинчалик саммитлар Бишкек (2012), Галаба (2013), Бодрум (2014), Остона (2015), Чўлпон-Ота (2018), Боку (2019) да ўтказилди.
     Кенгашнинг 2018 йилда бўлиб ўтган Чўлпон-Ота Саммитида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёев биринчи марта фах­рий меҳмон сифатида иштирок этди.
Ушбу йиғилиш давомида Венгрия кузатувчи мақомига эга бўлди ва янги Бош котиб сайланди. 2019 йилнинг сентябрида Кенгашнинг Будапештдаги ваколатхонаси таъсис этилди. Нахичеван битими имзоланганининг 10 йиллиги шарафига 2019 йил 15 октябрда Бокуда ташкил этилган 7-Саммитда Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди.
     Ўзбекистоннинг қўшилиши билан Кенгашга аъзо давлатлар сони бештага етди: Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон. Венгрия кузатувчи мақомига эга. Айни пайтда Туркманистон билан турли даражаларда ҳамкорлик бўйича ишлар давом этмоқда, бу туркий давлатлар ўртасидаги қардошлик ва бирдамлик руҳига мос келади.
     Туркий кенгаш фаолиятининг асосий мақсад ва вазифалари Нахичеван шартномасида мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра ташкилот фаолияти ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўш­ничиликни мустаҳкамлаш, туркий халқлар ўртасида ва бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туришга қаратилган. Миллий иқтисо­диётларни интеграциялаш ва ривожлантириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда аъзо давлатлар савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратишга, товарлар, капитал, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатини босқичма-босқич амалга ошириш, шунингдек, молиявий ва банк операцияларини соддалаштириш мақсадида божхона ва транзит тартиботларини соддалаштиришга интилмоқда. Илм-фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, туркий халқлар­нинг буюк маданий-тарихий меросини оммалаштириш кабилар ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади.
     Умуман олганда, Туркий кенгаш ўзининг барча саъй-ҳаракатларини сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий, ҳар­бий-техник, ҳуқуқ ва табиатни муҳофаза қилиш, энергетика ва транспорт, таълим ва маданият, кредит-молия соҳасидаги ҳар томонлама ҳамкор­ликни ривожлантиришга қаратган.
     – Юқорида таъкидлаб ўтганингиздек, 2019 йилнинг октябрида Бокуда бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг 7-Саммитида Ўзбекистон биринчи марта тўлиқ аъзо сифатида иштирок этди. Бу Кенгаш ва халқаро ҳамжамият томонидан қандай қабул қилинди?
     – Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши туркий оламининг бирлигини мустаҳкамлашда энг муҳим воқеа бўлди. Аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг аъзо бўлишини қувонч билан қарши олди. Барча аъзо давлатлар Ўзбекистон Республикасининг ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо бўлишини бир овоздан маъқуллади. Ушбу тарихий қарор Нахичеван шартномаси имзоланганининг 10 йиллигини нишонлаш вақтига тўғри келди.
     Ўзбекистон Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари билан Туркий-Ислом тарихининг иқтисодий ва маданий, маънавий бешиги саналиб келинган ҳамда шундай бўлиб қолади. Қардош ўзбек халқи ўзининг бой миллий ва тарихий мероси билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон ўзининг ортиб бораётган имкониятлари билан барча аъзо давлатларга ҳамкорликнинг янги, ёрқин қиррасини очмоқда ва Туркий кенгашнинг кун тартибини ўзгартирган ҳолда давлатлараро ўзаро ҳамкорликнинг иқтисодий таркибий қисмини кучайтириб, мустаҳ­камламоқда.
     Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши, жумладан, Боку­да 2019 йилнинг октябрь ва 2020 йилнинг ап­рель ойларида бўлиб ўтган саммитларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган аниқ ташаббуслар ту­файли ўзаро манфаатли шериклик учун аввал ишга солинмаган имкониятларни очмоқда.
Қардош мамлакатнинг аъзо бўлиши билан Кенгашнинг географияси кенгаяди ва туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳам­корлик янада чуқурлашади, бу эса туркий жамоалар яшайдиган мамлакатларда айрим давлатлар томонидан Туркий кенгаш фаолиятига қизиқиш уйғотади. Бинобарин, Туркий кенгашга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакат ҳудудида 160 миллиондан ортиқ одам яшайди.
     Ушбу омиллар Шарқ билан Ғарб ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожланишида ва Кенгаш нафақат Осиёда, балки бутун дунёда кенг қамровли геоиқтисодий-геосиёсий иштирокчига айланишида муҳим роль ўйнайди.
     – Шубҳасиз, Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзо бўлишининг мақ­садга мувофиқлиги тўғрисидаги қарор ташкилот фаолиятининг самарадорлиги, унинг кенг истиқ­боли ва салоҳиятини кўриш туфайли қабул қилинди. Кенгаш дои­расидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳақида қисқача сўзлаб бера ола­сизми?
     – Чорак аср мобайнида Туркий кенгашга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш ҳисобдан кўп­роқ маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўз қувватларини сезиларли даражада яхшиладилар. Аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакат ЯИМ харид қо­билиятининг паритети асосида 1992 йилдаги 757 млрд. доллардан 2019 йилда 3,8 трлн. долларгача ўсди.
     Реал ЯИМ ўсишининг ўртача суръатлари сўнгги икки йил ичида секинлашиб, 2018 йилда 3,3 фоизга ва 2019 йилда 2,3 фоизга етди. ХВФнинг маълумотларига кўра, 2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли реал ЯИМнинг ўртача ўсиши ҳам 3,7 фоизга пасайди. Бироқ, 2021 йилга келиб яна ўсиш прогноз қилинмоқда.
     Экспорт орқали ўлчанадиган жами ички минтақавий савдонинг умумий ҳажми 11,1 миллиард доллардан (2016 й.) 20,2 миллиард долларгача (2019 й.) ошди. Экспортнинг умумий ҳажмида ички минтақавий экспортнинг улуши ҳозирча қониқарсиз даражада бўлиб, 2010 йилда бор-йўғи 3,4 фоизни, 2019 йилда эса 5,1 фоизни ташкил қилди.
     Шуни таъкидлаш керакки, Туркий кенгашнинг бутун фаолияти даврида иқтисодиёт вазирларининг ўнта йи­ғилиши ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳларининг 11 та учрашуви ташкил этилди, ишчи гуруҳ­ларининг йиғилишларда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар муҳокама этилиб, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар режалари қабул қилинди.
     Транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари, сайёҳлик каби бошқа иқтисодий соҳаларда ҳам вазирликлар даражасидаги ўнлаб учрашувлари ўтказилди.
     Ушбу мақсадда 2019 йилда Нур-Султонда Кенгашга аъзо давлатларнинг кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат ор­ганлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми ва Туркий кенгашнинг 2019 йил октябрда Бокуда ташкил этилган 7-Саммити доирасида турли иқтисо­дий зоналар ўртасида ахборот ва тажриба алмашиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
     Давлат раҳбарлари томонидан белгиланган вазифалар ижросини давом эттириш мақсадида 2020 йилнинг 6 май куни видеоконференция форматида иқтисодиёт, савдо вазирлари ва божхона маъмуриятлари раҳбарларининг учрашуви ташкил этилди. Учрашувнинг асосий мақсад­лари савдо-иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги даражасини сақлаб туриш, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш ҳамда пандемия пайтида ва ундан кейин савдо алоқаларини мустаҳкамлаш чораларини кўришдан иборат эди. Учрашув давомида вазирлар томонидан мувофиқлашти­ришдаги ҳара­катлар қўшма режасини ишлаб чи­қиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва энг зарур товарлар умумий рўйхатини тайёрлаш чораларини кўриш, шунингдек, товарларнинг божхона расмийлаш­тируви тартиботларини соддалаштириш тўғрисида келишувга эришилди. Савдога кўмаклашиш умумий стратегиясини бел­гилаш ҳамда Транс­каспий халкаро транспорт йулаги бўйлаб мультимодал ташувларни осонлаштириш ва рағбатлантириш, шунингдек, Боку – Тбилиси – Карс йўналиши бў­йича темир йўлидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалалари кўриб чи­қилди.
     Мазкур учрашув доирасида иш­тирокчилар 2020 йилнинг 10 апрелида видеоконференция форматида ташкил этилган давлат раҳбарлари­нинг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган божхона ўтказиш масканларида «яшил йўлак» ташкил этиш бўйича ташаббусни амалга ошириш учун энг зарур товарлар рўйхатини тайёрлашга келишиб олдилар.
     Ташкилот ҳомийлиги остида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Туркий ишбилармонлик кенгаши Туркий кенгашнинг яна бир муҳим тузилмаси ҳисобланади. Муассаса аъзо давлатлар тадбиркорларининг уюшмаларини бирлаштиради ва улар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилади.
     Ишбилармонлар Кенгашининг мажлислари 2018 йил 14 декабрда Тошкентда, 2019 йил 17 май куни Нур-Султон ва 2019 йил 5 октябрда яна Тошкентда бўлиб ўтди. Форумларда 500 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, Туркий кенгашга аъзо давлатлар савдо-саноат палаталарининг раислари, тадбиркорлар ва ишбилармон доиралар қатнашди. Тадбирлар доирасида Кенгашга аъзо давлатлар савдо-саноат палаталарининг Низоми имзоланиб, Қўшма инвестиция фондини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
     2019 йилнинг май ойида Нур-Султонда Туркий мамлакатларининг Қўш­ма Савдо-саноат палатаси ташкил этилди ва 2020 йилнинг август ойида Истанбулда штаб-квартирасига эга бўлган ушбу палатанинг Таъсис конференсияси бўлиб ўтди. Қўш­ма палата доирасида Туркий кенгаш давлатларида эркин иқтисодий зоналар ва савдо уйларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чи­қилмоқда.
     Иқтисодиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни давом эттириш йўлида Туркий Кенгашига аъзо давлатлар томонидан Туркий инвестиция фондини ташкил этиш устида ишлар олиб бормоқда. Чунончи, 2019 йил 17-18 январь кунлари Истанбулда Котибият аъзо давлатларнинг тегишли муассасалари билан биринчи техник учрашувни ўтказди. Унда иштирокчилар қўшма фонднинг мақсадлари, тузилиши ва шартлари бўйича қў­шимча деталларни муҳокама қилиб, уни ташкил этиш бўйича концептуал ҳужжатларни келишиб олишди. Туркий кенгаш инвестиция фондининг ташкил этилганлиги ҳақида Ташкилотнинг бўлажак саммитида эълон қилиниши кутилмоқда.
     Бизнес ва ишбилармон доираларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш, инвестиция ва бошқа лойиҳалар билан эркин танишиб чи­қиш, шунингдек, ташқи бозорларга чиқиш ва ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида Туркий бизнесининг веб-портали (www.turkicbusiness.com) яратилди. Сайт бозорлар, иқтисодий ривожланиш, бизнес имкониятлари, ярмаркалар, кўргазмалар, ўқув дастурлари ва туркий тилли мамлакатлардаги бошқа воқеалар ҳақида маълумот беради.
     – Кенгашнинг 7-Саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, йирик транспорт–коммуникация лойиҳалари­нинг амалга оширилиши Марказий Осиё-Туркия транспорт йўлаги ор­қали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун катта имкониятлар яратиши таъ­кидланди. Транскаспий халқаро транс­порт йўлагининг салоҳия­тидан қандай фойдаланиш мумкин? Кенгаш бунга қандай ёндашади ва ушбу йўналишда нималар қилинмоқда?
     – Дарҳақиқат, Ўрта йўлак сифатида ҳам танилган Транскаспий хал­қаро транспорт йўлаги Европа билан Осиё ўртасида денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўлига эга бўлмаган Туркий кенгаш давлатларини боғлов­чи тобора хавфсиз ва энг қис­қа савдо йўналишига айланмоқда. Йўлак ушбу мамлакатларнинг са­лоҳиятни чуқурлаштириш ва улар ўртасида иқтисодий интеграциялашув кўламларини ошириш ҳисобидан катта ҳажм­даги тежашни таклиф этган ҳолда бозор имкониятларини кенгайтиради. Айни пайтда COVID-19 пандемияси халқаро савдо ва юк ташувларининг катта қисмига салбий таъсир кўрсатди, «Ўрта йўлак» Осиёнинг Шарқий қисмларидан Европага юк­ларнинг икки ҳафта ичида етказиб берилишини таъминлашга қодир бўл­ган ишончли ва энг қисқа савдо йўли сифатида ўз салоҳиятини намоён этди.
     Умуман, Кенгашга аъзо мамлакатлар томонидан сўнгги йилларда транс­порт инфратузилмасини яхшилаш ва Ўрта коридорнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Каспий денгизидаги «Актау» бандар­гоҳида божхона тартиботлари «ягона дарча» тизимининг жорий этилиши туфайли соддалаштирилди, бан­даргоҳ йиғимлари сезиларли даражада камайтирилди, бу эса транспорт операцияларининг сезиларли даражадаги тезкорлашувига ва арзонлашувига эришишга ёрдам берди. «Курик» бандаргоҳининг ишга туширилиши ҳам «Ўрта йўлак» транзит са­лоҳиятининг ривожланишига ўз ҳис­сасини қўшди. «Бишкек – Норин – Торугарт» йўли таъмирланди. Юқо­рида санаб ўтилганларга қўшимча равишда 2017 йил 30 октябрда Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизис­тон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг Европа ва жаҳон бозорларига чиқишини осонлаштиришга қаратилган янги Боку – Тбилиси – Карс темир йўл линияси ишга туширилди. Темир йўл узунлиги 846 км бўлиб, шунинг 504 км қисми Озарбайжон ҳудудидан, 263 км қисми Грузия ҳудудидан ва 79 км қисми Озарбайжон ҳудудидан ўтади. Бугунги кунда ушбу темир йўл Хитой ва Европани боғловчи энг қисқа йўналиш ҳисобланади.
     Шу нуқтаи назаридан таъкидлаш лозимки, Туркий кенгашнинг 7-Саммитида ва Кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг «COVID-19 пандемиясига қарши курашда бирдамлик ва ҳамкорлик» мавзусига бағишлан­ган навбатдан ташқари видеосаммитида (2020 йил 10 апрель) давлат раҳбарлари «Ўрта йўлак»ни самарали, барқарор ва узлуксиз йўналишга айлантириш учун қулай шароитлар яратиш ва маъмурий тартиботларни соддалаштиришнинг муҳимлигини тасдиқлади. Транспорт ҳамкорлигида алоҳида эътибор озиқ-овқат хавфсизлиги ва энг зарур товарларнинг тўсиқсиз ҳаракатини таъминлашга қаратилди.
     2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида «eTIR» электрон дафтарчалардан фой­даланган ҳолда юк ташувларини амалга ошириш бўйича даст­лабки лойиҳанинг ишга туширилиши Ташкилотга аъзо давлатларнинг транспорт салоҳиятини оширишнинг ман­тиқий давоми бўлди. Ташиш жараёнининг рақамлаштирилиши бож­хона органлари ва ташувчиларнинг ишини сезиларли даражада соддалаштириш имконини бериш баробарида, операция харажатларини камайтиради, уни тезлаштиради ва янада хавфсизроқ қилади.
     «Ўрта йўлак»нинг жозибадорлигини ошириш нуқтаи назаридан Туркия билан Хитой ўртасида ушбу йўлак бўйлаб темир йўл ташувларини амал­га ошириш муҳим аҳамиятга эга. Қайд этиш керакки, 2020 йилнинг 4 декабрь куни Истанбулдан «Ўрта йўлак» орқали Хитойнинг Сиань шаҳ­рига юк поезди йўлга чиқди ва 8,693 км масофани 12 кун ичида босиб ўтди. Поезд иккита қитъа, иккита денгиз ва бешта мамлакат орқали ўтди.
     Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши муваффақиятли ўзаро ҳамкорликнинг ҳамда Туркий кен­гашга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган нав­батдан ташқари саммити Боку дек­ларациясида белгиланган устувор вазифалар амалиётга татбиқ этилишининг ёрқин намунасидир.
     Кенгашга аъзо давлатлар билан биргаликда халқаро аралаш юк ташувларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва озиқ-овқат, тиббий, гуманитар юк­лар ва энг зарур товарларни тезкор транзит ўтказиш учун «яшил йўлак» барпо этиш чоралари ҳам кўрил­моқда. Ушбу мақсадда 2021 йилнинг бошида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш масалалари бўйича навбатдаги йиғилиш­ни ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистон томонининг ушбу «яшил йўлак» бўйича таклифининг тафсилотлари муҳокама қи­линади.
     2020 йилнинг апрел ойида бўлиб ўтган Саммитнинг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аъзо давлатларнинг тегишли муассасалари ва ташкилотларига Актау, Туркманбоши, Олот, Самсун ва Мерсин бандаргоҳ­ларининг замонавий инфратузилмасидан транзит ва логистика марказларини қуришда фойдаланиш, шунингдек, ташқи савдода юк ташувлари бўйича чегирмалар ва имтиёзларнинг ўзаро фойдали тизимини ишга тушириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Бундан ташқари Кенгаш доирасида бан­даргоҳлар (Боку ва Актау, Самсун ва Курик бандаргоҳлари)нинг қардош­лик ҳамкорлиги механизмини жалб қилиш назарда тутилган бўлиб, бу товар айланмаси самарадорлиги ва ҳажмини сезиларли даражада оширади. Ўрта ер денгизи соҳилида стратегик жойлашувга эга бўлган Мерсин бандаргоҳининг ушбу жараёнда иш­тирок этиш учун қўшилиши кутил­моқда. Параллел равишда экспорт-импорт операцияларини ўтказиш учун стратегик жиҳатдан муҳим бўл­ган Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг қуруқ ер бандаргоҳлари, шу жумладан, Навоий ва Термиз интермодал марказининг иштироки бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
     Транспорт-логистика алоқалари­ни янада чуқурлаштириш мақсади­да Кенгаш томонидан қуйи­даги вази­фалар ишлаб чиқилмоқда:
     ● минтақавий транспорт сиёсатини ва юк ташувлари билан боғлиқ техник стандартларни яхшилаш ва уйғунлаштириш;
     ● рақамлаштириш ва электрон ҳужжатлар (масалан, eTIR, eCMR) ёрдамида транспорт ва божхона операцияларида инновацияларга кўмаклашиш;
     ● Каспий денгиз бандаргоҳлари, шунингдек, логистика марказлари ўрта­сида мувофиқлаштириш ва ало­қанинг самарали тармоғини қул­лаб-қувватлаб туриш; қардош бандар­гоҳлар жараёнини мувофиқлашти­риш;
     ● ЖБТ, БМТ ЕИК, ОТОИИК ва ИҲТТ каби халқаро шериклар томонидан кўрсатиладиган техник ёрдам ва кўмакни таъминлаш.
     – Марҳамат қилиб, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашдаги иштирокидан нималарни кутаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
     – Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, энг аввало, табиий тарихий жараёнларнинг акс этишидир. Кенгашнинг шаклланишида Ўзбекистон ҳамиша иштирок этган, фақат буни ҳуқуқий расмий­лаштириш талаб қилинар эди. Қа­димги ўзбек заминида бизнинг умумий туркий тарихимиз шаклланган, асарлари жаҳон илм-фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган буюк олимлар ва мутафаккирлар ижод қи­лишган.
     Ўзбекистоннинг тўла ҳуқуқли ­аъзо сифатида иштирок этиши нафа­қат бутун туркий дунёнинг манфаатларига мос келади, балки Туркий кенгашнинг фаолиятига ва туркий тилли мамлакатлар, халқлар ўртасидаги доимий равишда кенгайиб бораётган ҳамкорликка кучли туртки беради.
     Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда нафақат маданий-маънавий ало­қалар, балки Ўзбекистоннинг ташкилотнинг бошқа аъзолари ва кузатувчилари билан савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқалари ҳам янги даражага кўтарилди. Сўнгги йилларда ушбу мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо ҳажми қарийб икки баробар ошди, транспорт ало­қалари кенгайиб, юк ташувлари ҳаж­ми ҳам ортиб бормоқда.
     Ҳозир Ўзбекистон ўз тараққиё­тининг сифат жиҳатдан янги босқи­чига қадам қўймоқда. Ўзбек халқи­нинг қудратли салоҳияти тўла рўёбга чиқмоқда. Республикада мамлакат ва жамиятнинг ҳар томонлама жадал ривожланишини таъминлаш, иқти­содиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек, хавфсизлик ва миллатлар­аро тотувликни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича ис­лоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатнинг конструктив ва чуқур ўйланган ташқи сиёсати хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик минтақасини яратиш ҳамда унинг халқаро обрўсини оширишга қара­тилган.
     Бугунги кунда минтақавий муло­қотнинг янги муҳити, Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг табиати Ўзбекистоннинг «янги юзи»­ни акс эттирмоқда.
     Туркий кенгаш Ўзбекистон ҳуку­мати томонидан инсонлар ҳаётини тубдан яхшилаш, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат, инновацион ривожланишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва муҳим ишларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпти.
     Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётининг янада юксалишига, унинг минтақавий даражада ҳам, халқаро майдонда ҳам роли ошишига олиб келади.
     Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга тобора интеграциялашуви туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни сезиларли даражада мустаҳкамлайди ва бутун туркий дунёга ижобий таъсир кўрсатади.
     – Суҳбат учун раҳмат.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.