Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси яхшиланиб, намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар бунёд этилмоқда. Натижада, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифати тобора юксалмоқда. Шунинг билан бирга, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий инфратузилма объектлари жадал ривожлантирилмоқда, қолаверса, шаҳарларда кўп қавватли уйларни қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, жорий йилда ҳукуматимиз томонидан «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш» ҳамда «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва қайта таъмирлаш» дастурлари қабул қилинди. Мазкур дастурлар асосида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, замонавий ва сифатли уй-жойлар қуриш, ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш, янги инфратузилмаларни шакллантириш, республикамиз қишлоқ ва шаҳарлари қиёфасини бутунлай янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш» дастури асосида қуйидаги йўналишлар белгилаб берилди:
● яшаш учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг замонавий, сифатли, шинам, арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш;
● қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш учун ажратилган тураржой массивларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва транспорт тармоқларини баробар ривожлантириш;
● конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш ҳисобига лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, барпо этилаётган уйлар таннархини пасайтириш;
● энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш;
● жойларда қурилиш индустриясини ривожлантириш, пудрат ташкилотларининг қувватларини оширриш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
Дастурда қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинамлилигига кўра якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турларини қўшимча равишда барпо этиш назарда тутилади, хусусан:
● хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) уйлар;
● аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар;
● ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар.
Беш йиллик стратегия давомида қишлоқ жойларда 85 мингдан ортиқ уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Биргина 2017 йилнинг ўзида 15 мингдан ортиқ уй-жой қуриш кўзда тутилмоқда. Мазкур кенг кўламли ишларнинг барчаси аҳолини арзон, ўртача иш ҳақи оладиган кишилар учун ҳамёнбоп уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганлиги қувонарли ҳол, албатта.
«Республикамизда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш мақсадида мавжуд имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиб, бунёдкорлик ишларини жадаллаштиришга катта аҳамият берилмоқда. 2009–2016 йилларда қишлоқ жойларда 1308 та тураржой массивида умумий майдони 9 миллион 573 минг квадрат метр бўлган 69557 та шинам уй-жой қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди», – деб таъкидлади Иқтисодиёт вазирлигининг Қишлоқларда уй-жой қурилиш ва коммунал хўжалигини ривожлантириш бўлими бошлиғи Ғофур Жамолов.
Шунингдек, 2017 йилда қишлоқ жойларда 12019 дан зиёд янги уй-жой, шу жумладан, биринчи турдаги – 4608 та, иккинчи турдаги – 3739 та, учинчи турдаги – 3672 та уйларни қуриш назарда тутилади. Шу билан бирга, янги қурилаётган уй-жой массивларида фақат давлат ресурслари ҳисобига 415,3 километр сув таъминоти тармоқлари, 291,5 километр электр таъминоти тармоқлари, 316,9 километр газ таъминоти тармоқлари ва 260,3 километр автомобиль йўллари, шу жумладан, массивлар ичида кириш йўллари ва йўллар, шунингдек, 134 та ижтимоий инфратузилма объектини барпо этиш мўлжалланмоқда.
Дастурда «Қишлоқ қурилиш банк», Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипотека-банк»лардан ташқари «Халқ банки», «Асака» банк ва «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳам иштирок этиши назарда тутилган.
Уй-жойларнинг янги намуналарини қуриш учун дастурда иштирок этувчи тижорат банклари томонидан уй қурувчиларга уч йиллик имтиёзли давр ва биринчи беш йил мобайнида йиллик етти фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитлари берилади.
Бунда уй-жойга талабгор фуқароларнинг дастлабки бадали қуйидаги миқдорларни ташкил этади:
● 15 фоиз – икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун;
● 25 фоиз – икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун.
Демак, янги тизим бўйича қурилган уйларни бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимлар бемалол харид қилишга ва 15 йил кредит тўловини тўлашга қурби етади.
Шунингдек, «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон, кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва қайта таъмирлаш» дастури асосида республика шаҳарларида яшаётган аҳолини, шу жумладан, ёш оилаларни, эскирган уй-жойларда яшаётганларни ва бошқа тоифадаги уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш йўли билан уларнинг турмуш даражасини янада ошириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳам назарда тутилган.
Кўп қаватли уй-жой қурилишини молиялаштириш қуйидаги схема асосида амалга оширилади:
1. Ипотека банк «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИКга шартнома асосида маблағ ажратади.
2. Буюртмачи пудрат шартномасига асосан пудратчини молиялаштиради ва қурилишни техник назоратини олиб боради.
3. Пудратчи бажарилган ишлар бўйича буюртмачига ҳисобот бериб боради ва объектни белгиланган муддатларда фойдаланишга топширади.
4. Маҳаллий ҳокимлик (ҳудудий комиссия)лар томонидан уй-жойга муҳтож талабгорлар аниқланади ва бошланғич бадал маблағларини банкда шакллантиради.
5. Фуқаро уй-жой сотиб олиш учун банк билан олди-сотди шартномасини имзолайди.
6. Банк олди-сотди шартномаларига асосан фуқарога ипотека кредити ажратади.
Бундан ташқари, дастур бўйича квартирани ипотека кредити бўйича сотиб олувчи жисмоний шахсларга бир қатор имтиёзлар белгиланган бўлиб, бу, ўз навбатида, аҳолига кафолатланган енгиллик яратиб беришга асос бўлиб хизмат қилади.
Масалан, жисмоний шахслар сотиб олинган квартиралар бўйича мулк солиғидан ипотека кредити тўлаб бўлингунча озод этилади. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг, яъни қарз олувчиларнинг ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, ота-онаси ва болалари)нинг солиққа тортиладиган даромадига қуйидагиларни киритмаслик кўзда тутилган:
● кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун олинган ипотека кредити бўйича асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни қайтаришга йўналтириладиган солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлар суммаси;
● кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун иш берувчи хўжалик юритувчи субъектдан олинган маблағлар.
Мамлакатимизда қурилиш-монтаж ишлари сифатига қўйиладиган талаблар ҳам оширилиши режалаштирилган. Бу борада Давархитектқурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Асомиддин Тожиев қуйидагиларни баён қилади:
«Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий қурилиш материаллари, турли конструкциялар ҳисобига кўп квартирали уйларнинг нархи арзонлашади. Ҳозирги кунга келиб 90 фоиз қурилиш материаллари ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса қурилиш ишларининг тез суръатда сифатли ва самарали равишда амалга оширилишига ижобий таъсир этаяпти».
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, авваламбор, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилгандир. Бинобарин, юқорида таъкидланган давлат дастурлари ҳам ушбу ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қилади.
Хилола САЛОЕВА,
«O‘zIA» мухбири