Мамлакатимизда автомобиль транспорти хизматларини кўрсатишда давлат бошқарувининг алоҳида ўрни бор. Яъни, бу борада транспорт хизматлари бозорини такомиллаштириш, рақобат муҳитини шакллантириш энг чекка ҳудудларимизда ҳам мазкур хизматдан фойдаланиш имконини бермоқда. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида журналимиз махсус мухбири Зуҳра Эргашева агентлик бошлиғи ўринбосари Шоолим Шоваҳобовга бир неча саволлар билан мурожаат қилди:
– Автомобиль транспорти йўловчилар ташиш тизимида давлат бошқарувининг аҳамияти, шунингдек, агентликнинг фаолият йўналиши ва вазифаларига қисқача тўхталиб ўтсангиз…
– Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 11 июлдаги 296-сонли қарорига асосан ташкил этилган. Унинг тузилмасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлимлар, «Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантиришни норматив-техник таъминлаш республика маркази», «Автодарётранс-илм» касбий малака ошириш давлат илмий-методик маркази киради. Агентлик юк ва йўловчи ташишни такомиллаштириш, объектлар хавфсизлигининг меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантириш, уни иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларига мос ҳолда комплекс ривожлантириш, шунингдек, хавфсизлигини амалга ошириш, жамоат ва дарё транспорти фаолиятини мувофиқлаштириш, хизматлар бозори ва рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароит яратишга жиддий эътибор бермоқда. Шу билан бирга, юк ва йўловчи ташишни лицензиялашни амалга оширмоқда.
– Бугун дунё бўйлаб иқтисодиётнинг ажралмас қисми ҳисобланган автомобиль транспорти бозори ниҳоятда тараққий топган. Ўзбекистонда бу борадаги вазият қай аҳволда?
– Агентлик автомобиль транспорти бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ташиш йўналишларида тендер механизмига эътибор бериш, тендер ташкилотчилари ишини мувофиқлаштириш, шаҳар ичи, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоятлараро йўловчи ташишда очиқ тендерлар ўтказишни муваффақиятли бажармоқда. Натижада, ҳозирги кунда республикадаги деярли барча транспорт хизматлари кўрсатувчи субъектлар тендер шартлари билан яхши таниш. Лицензияга эга бўлгач, очиқ тендерда иштирок этиб, муайян йўналишда хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Тендер ўтказишнинг асосий тамойили унинг очиқлиги, ошкоралиги, йўналишда хизмат кўрсатиш бўйича энг яхши шартларни таклиф этган ташувчининг адолатли, холис танланишидан иборат.
2017 йилнинг 1-чораги якуни билан жами 25 та очиқ тендер ўтказилган бўлиб, уларда 316 та йўловчи ташиш бўйича йўналишлар жойлаштирилди. Шу билан бирга, 26 та йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилиб, ушбу йўналишларда хизмат кўрсатиш учун жами 161 та, шу жумладан 42 та автобус, 20 та микроавтобус ва 99 та «Дамас» русумли автотранспорт воситалари бириктирилди. Бу ҳолат биринчидан, чекка қишлоқларда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, аҳоли бандлигини таъминлашда кенг имконият эшикларини очиб беради.
Охирги 16 йил давомида республикамизда фаолият кўрсатувчи йўловчи ташиш йўналишлари сони 2319 тага ортиб, айни пайтда 4351 тани ташкил этади. Уларнинг 998 таси шаҳар, 2749 таси шаҳар атрофи ва 604 таси шаҳарлараро йўналишлардир.
– Мамлакатимизда транспорт хизмати сифатини ошириш, аҳолига қулайлик яратиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги қарори юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги 238-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, бир нечта долзарб вазифалар белгилаб олинди. Аввало, янги автобуслар сотиб олиш бўйича дастур доирасида жорий йилда 537 та автобус сотиб олиниши режалаштирилди. Жорий йилнинг май ойи ҳолатига республика бўйича 28 та ташувчи томонидан 198 та «Исузу» автобуслари харид қилиниб, муайян йўналишларда хизмат кўрсатмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятига – 67 та, Бухоро – 43 та, Наманган – 34 та, Фарғона – 13 та, Хоразм – 12 та, Сирдарё – учта, Қорақалпоғистон – 16 та, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари улушига иккитадан автобус тўғри келди.
Республика аҳолисининг автобусларда ташишларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш мақсадида 2017 йил мобайнида жами 86 та автобус, шулардан 26 та шаҳарда, 44 та шаҳар атрофи ва 16 та шаҳарлараро йўналишларни очиш режалаштирилган. Бугунги кунда иккинчи вазифа йўловчилар автовокзаллари ва автостанцияларини қуриш ва реконструкция қилиш, учинчиси «Онлайн» GPS тизимини жорий этиш мўлжалланган. Кейинги масала шаҳар йўловчи транспортида йўл ҳақини нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий қилиш, охиргиси, намунавий контрактларни ишлаб чиқишга оид вазифалар.
– Аҳоли учун ҳар тарафлама қулай автовокзал ва автостанциялар қурилиши, шунингдек, мавжудларини реконструкция қилиш алоҳида аҳамиятга эга. Шу ҳақда ҳам кенгроқ маълумот берсангиз?
– Албатта, бу ниҳоятда долзарб масала. 2017–2021 йилларда янги йўловчи автобус йўналишларини очиш, янги автобус ва микроавтобуслар харид қилиш, автовокзал ва автостанциялар қуриш, реконструкция қилиш бўйича ҳудудларнинг тармоқ жадваллари тегишли идоралар билан келишилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимлари томонидан тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилда еттита янги автостанция қуриш ва олтита автостанцияни реконструкция қилиш режага киритилган. Ҳозирда режалаштирилган еттита автостанция қуриш бўйича ер майдони ажратилди, бу ишга Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида фаол киришилди.
Шунингдек, Андижон вилоятида «Хонобод», Қашқадарё вилоятида «Яккабоғ» ва «Қамаши», Жиззах вилоятининг «Жиззах» автовокзалида «Пахтакор» ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги «Мўйноқ» автостанцияларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
– Қурилаётган янги автостанциялар мавжудларидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?
– Уларнинг ўзига хос жиҳати енгил конструкциялардан, нарх ва сифат кўрсаткичлари бўйича қулай бўлган, асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган материаллардан, яъни металл конструкциялар, сендвич-панеллар ва шунга ўхшаш қурилиш материалларидан фойдаланиб бунёд этилади. Автостанцияни охирги ва оралиқ бекатларга қулай, йўловчилар тўпланадиган йирик манзилларга максимал яқин (темир йўл вокзаллари, аэропортлар, бозорлар ва ҳоказо) бўлган жойларда қуриш назарда тутилган. Бунда, имкон қадар хусусий инвесторларни жалб этиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатишда улар хавфсизлигига халақит қилмайдиган бошқа фаолият турларини ташкил этиш ҳам эътиборга олинган. Объектларнинг намунавий лойиҳалар асосида, енгил тузилма ва маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиб барпо этилаётгани эътиборга молик. Келгуси беш йил мобайнида дастурнинг молиялаштирилишига банк кредитлари, хусусий инвесторлар ҳамда маҳаллий бюджетларнинг 840 млрд сўм миқдоридаги маблағлари йўналтирилади.
– Самарқанд шаҳрида фойдаланишга топширилган янги автостанция юқорида қайд этилган талабларга тўлиқ жавоб берадими?
– Албатта. «Самарқанд Рудакий» шўъба корхонаси томонидан қурилган автостанцияда ҳайдовчи ва йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, автомашиналарни техник текширувдан ўтказиш устахонаси, тиббий кўрик хонаси, кутиш хоналари зарур анжомлар билан мукаммал жиҳозланган. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳолига қўшимча қулайлик яратмоқда. Йўловчиларни автобусларга ўтқазиш ва тушириш перронлари сони саккизта бўлиб, ногиронлар аравачаларига мўлжалланган эҳтиёжлар ҳам ҳисобга олинган. Бу каби бунёдкорлик ишлари боис, шаҳар қиёфаси янада гўзаллашмоқда.
– Албатта, бу каби қулайликлар фаровонлик учун хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, янги йўналишлар очилиши кўпчиликнинг узоғини яқин қилади. Янги йўналишларни очиш қайси мезонларга кўра амалга оширилади?
– Янги йўналишлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, яъни, шаҳарларда – ҳокимликлар ёки шаҳар йўловчи ташиш транспортини бошқариш органлари томонидан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ички ишлар бошқармалари ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан йўналиш схемаларини келишган ҳолда амалга оширилади. Шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда ҳам мазкур тартиб амал қилади. Вилоятлараро, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан йўналишлар схемаларини келишган ҳолда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан амалга оширилади.
– Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг халқаро майдондаги роли, ўрни ва аҳамиятини қандай баҳолаган бўлардингиз?
– Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги автомобилда ташишларни ташкил этиш бўйича халқаро шартнома лойиҳаларини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш ва мазкур халқаро шартномаларга оид мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси автомобиль транспортида ташувларни тартибга солувчи тўққизта халқаро конвенция ва иккита халқаро битимнинг аъзоси ҳисобланади.
Европа, Осиё ва МДҲнинг 26 та давлати билан автомобилда халқаро ташувлар соҳасини тартибга солувчи икки томонлама ҳукуматлараро битимлар имзоланган.
Миллий ташувчилар географиясини кенгайтириш мақсадида, айни пайтда халқаро автомобилда ташишлар бўйича битимлар тузишда Озарбайжон, Хитой, Испания, Эстония, Франция ва Бельгия давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
– Иш бор жойда камчилик бўлиши табиий ҳол. Муҳими, уни вақтида англаш ва бартараф этиш. Айниқса, бу мамлакат аҳолисига қулайликлар яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш билан бевосита боғлиқ бўлса. Бу борада агентликда қандай муаммолар бор ва улар қай тарзда бартараф этилаяпти?
– Автотранспорт корхоналарининг пахта ва ғалла йиғим-терими мавсумида кўрсатган хизматлари учун тўловлар муддати ўтиб кетганлиги сабабли, оғир молиявий аҳвол юзага келган. Шаҳар йўналишларида қатнайдиган автобуслар учун ажратиладиган дизель ёнилғиси фондининг етарли эмаслиги, яъни ҳисоб-китобларга кўра 2017 йил учун ташувчиларнинг дизель ёнилғисига бўлган талаб-эҳтиёжи 24283,4 тоннани ташкил этгани ҳолда, амалда 7989,1 тонна ажратилган. Йўналишсиз такси сифатида фойдаланилаётган енгил автомобилларнинг Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низом талабларида белгиланган сариқ рангга бўялмаслиги, сиқилган газ билан ишлайдиган автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилмаслиги фаолиятимиз ривожига тўсқинлик қилмоқда.
Ташувчининг ҳар бир автотранспорт воситасига алоҳида суғурта полисини расмийлаштириши ташкил этилмагани, фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шартномасининг бир йилдан кам муддатга берилмаслиги, фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда суғурта мукофоти тарифларининг юқорилиги ва суғурта ҳодисаси содир этилганда суғурта компаниялари томонидан суғурта товон пули тўловини вақтида тўламаслик ҳолатларининг мавжудлиги соҳадаги оғриқли нуқталардир.
– 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида агентликнинг ўз олдига қўйган мақсадлари нималардан иборат?
– Энг аввало:
● аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш;
● йўловчи ташиш хавфсизлигини ошириш;
● атмосферага чиқадиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш;
● янги, ҳар томонлама қулай автобусларни сотиб олиш;
● автовокзал ва автостанциялар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш;
● республикамиз шаҳар ва қишлоқларида автотранспорт таъминотини ривожлантириш даражасини янада ошириш, биринчи навбатда қишлоқ жойларда иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлиги муаммолари ҳал этилишини таъминлашда автотранспорт хизмати соҳаси ролини кучайтиришга қаратилган.
Автомобиль транспорти хизматларидан фойдаланувчи йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кучли тизимини яратишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг аҳоли билан интернет тармоғи, ишонч телефони, раҳбариятнинг виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ариза ва шикоятларга тезкор муносабат билдириш ва ваколатли мутахассислар навбатчилиги йўлга қўйилиши орқали амалдаги «қайта боғланиш» механизми шакллантирилди.
Республика аҳолисининг автобусларда ташишларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида келгуси беш йил мобайнида 303 та янги йўловчи йўналишлари очилади. Шундан 240 таси қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишлар (79,2 %) ни ташкил этади. 2021 йилнинг якунига қадар автобус йўналишлари тармоғи сони 1966 тага етади, яъни, бугунги кунга нисбатан кўрсаткич 11,8 фоизга ортади.
Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши йўловчилар ташиш хавфсизлигига, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатининг юқори даражага кўтарилишига имкон беради. Қолаверса, транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллар ва оралиқларининг бир маромдалигига риоя этиш, автотранспорт ташишлари соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда ташувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга имконият яратади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!