Islohotlar samarasi

Investitsiya loyihalari – taraqqiyotimiz tayanchlari!

     Президентимиз раҳбарлигида республикамизда олиб борилаётган тизимли иқти­содий ислоҳотлар барча соҳаларда, шу жумладан, озиқ-овқат саноатини тараққий эттиришда ҳам ижобий натижаларни бер­моқда. Ҳозирда шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳа ҳам ташкилий, ҳам мазмунан шаклланиб, иқтисодиётнинг юқори технологияларга асосланган ва жадал ривожланаётган тармоғига айланиб бормоқда.
     Агар 1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат, авваламбор, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан импорт ҳисобига қондирилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг 90 фоизидан зиёди ма­ҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳи­собига қопланмоқда. Охирги 10 йилда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 марта, саноат усулида қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмоли деярли тўрт баробарга ортганлиги мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар қанчалик кенг кўлам касб этаётганини кўрсатади. Ижтимоий ҳаётга тизимли ра­вишда жорий қилинаётган аниқ мақсадли дастурлар натижасида минглаб фуқаро­ларимиз иш билан таъмин­ланмоқда, республикамизнинг экспорт салоҳияти ош­моқда, юртимиз тобора обод бўлиб, аҳоли ҳаёти янада фаровонлашмоқда.
     Озиқ-овқат саноати тобора жадал ривожланаётгани сабабли, унинг республика саноатидаги улуши ҳам мунтазам ўсиб бормоқда. Жумладан, 2011 йилда бу кўрсаткич 12,6 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб 16,2 фоиздан зиёдни ташкил қилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиш суръатлари ҳам барқарор равишда ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. Мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган корхоналаримиз томонидан ҳар йили ўртача 3,5–4 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётгани ҳам ўз навбатида соҳада барқарор ўсиш таъминланаётганидан далолат беради. Айниқса, қандолат маҳсулотлари, шакар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари каби муҳим озиқ-овқат неъматлари тайёрлаш борасида кескин ўсишга эришилди.
     Бугунги кунда республикамизда озиқ-овқат маҳсулот­лари ишлаб чиқариш билан «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ва «Ўз­вино­саноат-холдинг» холдинг компаниялари таркибидаги ўнлаб корхоналар шуғулланмоқда. Қолаверса, ушбу кор­хоналардан ташқари, яна ўн минг­дан ортиқ кичик бизнес субъектлари томонидан уч мингдан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарил­моқда. Уларнинг респуб­ликамиз бўйича жами маҳсулот ишлаб чиқа­ришдаги улуши 2011 йилда 16,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2015 йилга келиб 40 фоиздан ошди. Таъкидлаш жоизки, бундай юқори кўрсаткичларга энг аввало, янги ишлаб чиқа­ришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, шунингдек, маҳсулот турларини ди­версификациялаш орқали эри­шилмоқда. Шунга қара­май, илмий-техниканинг жадал суръатлар билан ривожланаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда ускуналарини мунтазам равишда бугунги кун талабларига мослаштириб бориш тақозо қилинади.

Salimov1

     Масалан, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳ­сулотлари билан таъминлаш учун уни ишлаб чиқаришга кетадиган сарф-харажатлар ҳажмини камайтириш лозим. Бу борада кам энергия сарфлайдиган, юқори самарали, кам чиқимли технологияларни қўллаш ушбу мақсадга эришишнинг асосий омили ҳисобланади. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилаётган вазифаларнинг асосий йўналиши ҳам шунга қаратилган.
     Соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида, ўтган даврда озиқ-овқат саноати корхоналари сафига «Хоразм шакар», «Ангрен шакар», «Сиёб саховати», «Ренесанс дизайн», «Мармакс» каби яна ўнлаб янги корхоналар қўшилди. Мазкур ишлаб чиқариш қувватлари бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналар орасида юқори нуфузга эга. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
     Қолаверса, республикамизда корхоналарни модернизациялаш ва диверсификациялашдан ташқари кам қувватда ишлаётган ва паст рентабелли корхоналар фаолиятини молиявий соғломлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Андижон вилоятидаги «Маск», Самарқанд вилоятидаги «Сиёб саховати», Қашқадарё вилоятидаги «Ист агроинтернейшнл» каби бир қанча корхоналарда молиявий соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Salimov2

     Ҳозирги замон ишлаб чиқаришида инновацион ишланмаларни, илғор технологияларни жалб қилмасдан нафақат ташқи бозорга чиқиш мумкин, балки ички бозорда ҳам ўз мавқеини сақлаб қолиш анча мушкул иш. Замонавий корхонанинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳам ички, ҳам ташқи бозор стандартларига бирдек мос келиши керак. Шунинг учун республикамизда бу борада муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ижобий натижалар эса ўзини узоқ куттирмаяпти. Масалан, ички бозор ва экспортга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқа­ришни ташкил этиш мақсадида 125 та корхонада ISO 9001 халқаро сифат стандарти ва 200 дан ортиқ корхонада маҳсулот хавфсизлигининг ISO 22000 халқаро стандарти жорий этилган.
     Ўзбекистон озиқ-овқат саноати улкан истиқболга эга соҳа ҳисобланиб, яқин келажакда ушбу маҳсулотлар экспорти бўйича дунёдаги энг илғор мамлакатлардан бирига айланиши башорат қилинмоқда. Бу каби маълумотлар ҳамда соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар туфайли озиқ-овқат саноати хорижий ва маҳаллий сармоядорларнинг эътиборини ўзига тобора кўпроқ жалб этмоқда. Натижада, юртимизда чет эл инвестициялари иштирокидаги янгидан-янги корхоналар ишга туширилиб, мавжуд қувватлар изчил модернизация қилинмоқда.
     Агар 2008 йилда умумий қиймати 30 млн доллар бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 1400 дан ошиб кетди. Ўзлаш­тирилган инвестиция ҳажми эса 210 млн доллардан кўп. Бунинг эвазига фақат ўтган беш йил ичида сутни, гўштни ва мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 1,5–2 мартага ошди ва 20 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
     Ўтган давр мобайнида дунёга донғи кетган ўнлаб компаниялар мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида ўз бизнесини ташкил қилди. Бу борада «Нестле», «Кока кола», «Карлсберг» каби бир қатор компанияларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Айни пайтда, республикамиз озиқ-овқат саноати 1,5–2 млрд долларга баҳоланган катта экспорт салоҳиятига эга.

Salimov3

     Агар 1990 йиллар бошида Ўзбекистонда ишлаб чи­қарилган маҳсулотлар фақат бешта давлатга экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда уларнинг сафига Бразилия, Германия, Латвия, Литва, Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари каби 80 дан зиёд давлатлар қўшилди. Охирги 10 йилда мева шарбатлари экспорти икки мартага, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ўртача 1,5 баробарга ортди.
     Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси жадал тараққий этаётгани, аграр соҳадаги давлат сиёсатининг оқилона юритилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантиришда ҳам муҳим омил бўлмоқда. Шу боис, юртимизда қайта ишлаш саноати тобора кенгайиб, тайёрланаётган сифатли, экспорт­боп маҳсулотлар тури йилдан-йилга кўпай­моқда. Масалан, жорий йилда 18 млн тоннадан зиёд мева-сабзавотлар етиштирилиши режалаштирилган. Бу эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашнинг қўшимча қувватлари ташкил этилишини тақозо этади. Бу борада ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар асосида озиқ-овқат саноати келгусида янада ривожланади.

Salimov4

     2012–2015 йиллар давомида республика озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, авваламбор, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шунинг асосида қишлоқ хўжалик хомашёсини чуқур қайта ишлашни таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда маҳаллий шароитларда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмлари ва турларини ошириш, маҳсулот экспорти бўйича белгиланган прогноз параметрларини бажариш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Қолаверса, «Ўзбекозиқовқат­холдинг» компанияси томонидан тармоқни ривожлантириш прогноз параметрларини бажариш бў­йича тизимли мониторинг олиб бориш йўлга қўйилган. Натижада, 2015 йилда 2011 йилга нисбатан республикамизда асосий турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўсиши қуйидагича бўлди:
● мева-сабзавот консервалари 144,5 фоиз;
● мева шарбатлари икки баробар;
● қуритилган мева 129,2 фоиз;
● колбаса маҳсулотлари 166,7 фоиз;
● гўшт консерваси 114,9 фоиз;
● сут ва сут маҳсулотлари 2,6 баробар;
● сариёғ 3,5 баробар;
● пишлоқ ва бринза 4,1 баробар;
● маргарин маҳсулотлари 2,6 баробар;
● шакар 155 фоиз;
● қандолат маҳсулотлари 167,1 фоиз;
● ўсимлик ёғи 105,7 фоиз;
● алкоголсиз ичимликлар 127,2 фоиз.
     Айтиш жоизки, барча асосий турдаги маҳсулотлар бўйича белгиланган прогноз параметрлари тўлиқ бажарилди.
Мамлакатимизда озиқ-овқат саноати истиқболи ва салоҳияти ҳисобга олиниб, мазкур соҳа келгусида ҳам мунтазам ривожлантирилади. Бунда корхоналар томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилиб, яқин беш йилда мева-сабзавот маҳсу­лотлари қайта ишлаш даражасини яна 1,5 мартага, консервалар ишлаб чиқариш ҳажмини эса, икки мартага кўпайтириш кутилмоқда.
     Ҳудудий инвестиция дастурларига кўра, умумий қиймати 500 млн доллар бўлган беш мингта янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Натижада ҳар йили қў­шимча равишда 100 минг тонналаб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, ўн минглаб янги иш ўринлари яратилади. Ҳар йили 130 хилдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳаларда инновация технологияларини жорий этиш ва хомашёни чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади ва уларнинг аксарияти қишлоқ жойларида амалга оширилади.

Salimov5

     Бизга маълумки, импорт ҳажмини қисқартиришда маҳсулот турларини кенгайтириш ва рақобатбардош­лигини ошириш муҳим йўналишлардан бири ҳисобла­нади. Ана шу мақсадда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 2020 йилга бориб импорт ҳажми бугунги кунга нисбатан 80 фоизга қисқариб, экспорт ҳажми икки баробарга ортиши кутилмоқда.
     Президентимизнинг 2015 йил март ойида эълон қилинган «2015–2019 йиллар учун ишлаб чиқаришнинг тузилмавий қайта тузилиши, замонавийлашиши ва диверсификациясини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тармоқ ривожи учун умумий қиймати 410,5 млн доллар бўлган 304 та инвестиция лойиҳалари киритил­ган. Жумладан, 88 та корхона янгидан ташкил этилиб, 202 та корхона модернизация ва реконструкция қилинади. Яна келгусида 14 та корхонага хорижий инвесторлар жалб этилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 148,6 млн доллар бўлган 234 та лойиҳага ташаббускорлар топиш белгиланган бўлиб, жумладан, мева-сабзавотларни қайта ишлашда 69 та, гўшт ва сутни қайта ишлашда 68 та ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 97 та лойиҳа жорий қилинади.

Salimov6

     Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда мазкур соҳани ривожлантириш учун қуйидаги мезонларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Булар: замонавий ва энергия тежовчи технологиялар асосида мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга тушириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаб (сублимация, чуқур музлатиш), маҳсулотлар ҳажмини ошириш, ассортиментини кенгайтириш ҳамда маҳаллий хомашё ва илмий ишланмалар асосида жаҳондаги илғор компаниялар лицензияси ёки патенти бўйича ишлаб чиқаришни ташкил этишдан иборат.

Salimov7

     Бундан ташқари, замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни ва экспортни диверсификация қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам долзарб масалалардан ҳисобланади. Шунингдек, ички ва жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш ҳисобига товар тузилмасини яхшилаш ҳам келгусида амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирлардан биридир.

 
Асатилла САЛИМОВ,
«Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси раиси ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.