Саноатни хомашё билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда агросаноат комплекси муҳим ўрин тутади. Шу сабабли ҳам, мустақиллик даврида ушбу соҳа кенг кўламда ривожлантирилиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг салмоқли қисми фаолият юритишига имконият яратилди. 2000–2014 йилларда иқтисодиётнинг етакчи бўғини бўлмиш мазкур соҳа йилига ўртача етти фоиздан ўсди. Ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортиши, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган аҳоли эҳтиёжлари қондирилиши асосан деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон олий сифатли пахта толаси экспорти бўйича дунё бозорида юқори мавқега эга бўлса, экологик тоза, табиий ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳамдўстлик давлатлари ва Россия бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Айниқса, кейинги йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш, замонавий технологияларга эга қайта ишлаш корхоналари қуришни қўллаб-қувватлаш, агрофирмалар ҳамкорлигида жаҳон бозорига сифатли маҳсулотлар чиқариш ҳажмини оширишга жиддий эътибор берилмоқда. Бугунги кунда аграр соҳани ҳар тарафлама ислоҳ қилиш натижасида улкан ютуқлар қўлга киритилди. Хусусан, пахта экин майдонлари қисқариши ҳисобига ғалла, мева-сабзавот, полиз ва картошка экинларини экиш кўпайтирилиб, озиқ-овқат тақчиллигига барҳам берилди. Мамлакатимизда ҳар йили ички истеъмолдан ташқари миллионлаб тонна мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотлари, ғалла етиштирилмоқда.
Шунга қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тизимида ўзига хос муаммолар ҳам мавжуд. Аксарият хўжаликларда мева-сабзавот етиштириш ҳажми оз, улар таъминот занжирига тўлиқ боғланмаган, сифат стандартларига қўйиладиган талаб тармоқ бўйича ягона тизимга эга эмас. Шу билан бирга, замонавий музлаткич, сақлаш омборларининг мавжуд эмаслиги, қадоқлашдаги нуқсонлар боис етиштирилаётган маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга чиқарилади. Айни пайтда таклифнинг талабга нисбатан юқорилиги маҳсулот нархини тушириб, оқибатда унинг катта қисми нобуд бўлишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу муаммога янгича – яъни, саноатга агрокластерларни қўллаш орқали ечим топиш мумкин. Кластернинг муҳим жиҳати шундаки, бунда маҳсулот етиштиришдан то уни экспорт қилишгача бўлган жараёнлар уюшган ҳолда: маҳсулот етиштирувчи, харидор, маҳсулотни қайта ишловчи, транспортда ташиш, маркетинг ва мониторинг, экспортга жўнатиш жараёнлари яхлит кўринишга келтирилади. Ҳамкорликда лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, ўзаро ишончнинг юқорилиги – тизимни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлиб, маҳсулот тури ва сифатини, рақобатбардошлигини оширади, барқарор ўсиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлайди. Кластерлашнинг асосий мезони – корхона ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликдаги иқтисодий самарадорлигини таъминлаб, қўшимча қийматга эга маҳсулот яратишдир.
Бироқ, кластер тушунчаси ҳозирда турлича талқин этилмоқда, айримлар кластерлашда географик жойлашувни бирламчи ўринга қўйса, бошқаси тармоқнинг ўзини, яна бошқа биров эса инновацияларни назарда тутади. Бизнинг фикримизча, энг аввало, ҳудудий, яъни ҳудудда ерга ишлов бериш, ишлаб чиқариш, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси ҳамда аҳоли демографияси каби хусусиятлар бирламчи шаклда талқин этилиши зарур. Ҳудудларнинг кластер салоҳияти бўйича қилинган ҳисоб-китоблар Самарқанд, Тошкент ҳамда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари мева-сабзавот етиштириш бўйича юқори салоҳиятга эга. Бунда агрокластерлар асосий компонентлари сифатида мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ҳамда маркетинг тизими ҳисобга олинди. Самарқанд ва Тошкент вилоятида мева-сабзавотчилик тармоғини кластерлаш коэффициенти нисбатан юқори. Масалан, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё ва Самарқанд туманлари йирик салоҳиятга эга, сабаби ушбу туманларда аҳоли нисбатан зич жойлашган, унумдор ер ва сув ресурслари етарли, меҳнат ресурслари кўп, вилоят бўйича яратилаётган ялпи маҳсулотдаги улуши юқори.
2012 йили Булунғур туманида жами 232160 тонна сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, унинг фақатгина 2,6 фоизи қайта ишлаш корхоналарига юборилган (уй шароитида қайта ишлаш бундан мустасно). 2013 йили эса, 2000 гектар ерга помидор экилиб, жами ҳосил 76090 тоннани ташкил этиб, унинг 77,5 фоизи фермер хўжаликларида етиштирилган. Маълумотларга кўра, фермерларга помидор экиш учун ажратилган экин майдонлари ҳажми оширилган, лекин деҳқон хўжаликларида ўзгармаган. Етиштирилган ҳосилни хўжаликлар бўйича қиёслаганимизда деҳқон хўжаликларида самарадорлик юқори эканлиги маълум бўлди. Аксарият деҳқон хўжаликлари помидорни фақат сотиш учун эмас, балки ички истеъмоли ва уй шароитида қадоқлаш учун етиштиради. Шунингдек, уларда помидор йиғим-теримидаги йўқотишлар фермерларга нисбатан кам. Транспорт харажати юқорилиги боис, деҳқон хўжаликларида помидор етиштириб сотиш иштиёқи паст.
Агрокластернинг ижобий томони, маҳсулотни экишдан то уни экспорт қилишгача бўлган жараёнда фермер, деҳқон хўжалиги, банк, турдош ва қайта ишловчи корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлиги эвазига даромадлар миқдори кўпайишидир. Хўжалик ва корхона, ташкилот ва тизимлар бирлашишидан давлат ҳам манфаатдор. Ўз навбатида, кластерлашга мажмуа сифатида қараш хўжаликларнинг молиявий-иқтисодий имкониятини ошириб, мутахассисларни ўқитиш харажатлари тенг тақсимланишини юзага келтиради, маҳсулотни сертификатлаш ва технологик жараёнларни бирмунча соддалаштиради. Кластерлаш узоқ муддатли жараён бўлиб, хўжалик аъзоларининг манфаатини назарда тутган ҳолда ёндашишни талаб этади.
Баъзи туманларда мева-сабзавот ҳосилдорлиги юқори, аммо ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилмагани боис самарадорлик паст бўлади. Масалан, ҳосилни йиғиш, уни сифатли сақлаш яхши йўлга қўйилмагани, қайта ишлаш корхоналари билан ҳамкорликнинг йўқлиги, замонавий музлаткичлар етарли эмаслиги сабабли, ҳосилнинг 25–33 фоизи ташиш, тўплаш давридаёқ нобуд бўлади. Ҳосилни териш ва сақлаш бўйича илмий дастур, кўникма ва технологиялар мавжуд эмаслиги муаммони янада чигаллаштиради. Айрим хўжаликлар мева-сабзавот етиштириш бўйича зарур билим ва кўникмага эга бўлса-да, нав танлашда аниқ маълумотларга эга эмас. Аксарият туманларда ҳамкорликдаги кооперативга асосланган маркетинг тузилмаси шаклланмаган, истеъмолчи талаби инобатга олинмайди ва қайта ишлаш саноатига кам аҳамият берилади. Бу жиҳатлар фермерларнинг тадбиркорлик малакаси оширилишини, ҳосилни сақлаш муддати узайтирилишини, маҳсулотлар қайта ишланиб, унинг экспортбоплиги таъминланиши учун хўжаликларда меъёрий қувватдаги замонавий музлаткичларга эга омборхоналар қуриш, қисқача айтганда, кластерлаш жараёнини қўллаш талаб этилади.
Жомбой туманидаги мавжуд олма боғлари ва бу ерда олма етиштиришда тўпланган катта тажриба агрокластерни ташкил этишда қўл келади. Шунингдек, туманда қайта ишловчи, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган бешта корхона мавжуд. Президентимизнинг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилингандан сўнг, туманда олма боғларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берила бошланди. Бунинг натижасида ўзига хос чора-тадбирлар амалга оширилиб, маълум натижаларга ҳам эришилди.
Бизнингча, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавотларни тўла ҳажмда тайёрлаш учун туман ҳокимияти таъминот занжирига паст улушли деҳқон хўжаликларини жалб этиши зарур. Кластерлаш жараёнида улардаги капиталлаштиришнинг пастлиги инобатга олиниб, бошқа турдаги меваларни сақлашга оид орттирилган тажрибаларни қўллаш яхши самара беради. Мева-сабзавотларни узоқ муддат сақлаш кўникмасини ошириш, меъёрий даражадаги замонавий омборхоналар қуриш ишларини тизимли тарзда ташкил этиш, сифатли навлар экилишини йўлга қўйиш деҳқон хўжаликлари манфаатдорлигига ҳамда фермер хўжаликларини қайта ишловчи корхоналар билан шартнома муносабатлари янада ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Биз, кластерлаш бўйича биргина Самарқанд вилояти мисолида мулоҳаза юритдик. Аслида, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга ошириш лозим бўлган вазифалар, хусусан, агросаноатни ривожлантиришда агрокластерлар аҳамияти ва ўрни ҳақида кўплаб фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдириш мумкин.
Масалан, маҳаллий бозорларда деҳқон ва фермер хўжаликлари, чакана савдо қилувчилар ўртасида ҳамкорликнинг сустлиги, нархларга оид маълумот айирбошлаш тизими йўқлигини ҳисобга олиб, миллий ва ҳудудий даражада бозордаги баҳо, талабга оид маълумотлар бўйича янги тизим яратиш лозим. Яъни, бозорлардаги турли даражадаги ҳудудий маълумотларни тўплаш, харидорлар талабини ўрганишга оид марказ ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришнинг барқарорлиги нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган қисқа, балки уни қайта ишлаш ва таъминот занжири бўйлаб мутаносиб тақсимлашга йўналтирилган узоқ муддатли ёндашувни ҳам талаб этади. Хусусан, агрокластерларни ташкил этиш учун, энг аввало, деҳқон ва фермерлар малакасини ошириш орқали барқарор ишлаб чиқариш тизимини мустаҳкамлаш зарур. Тармоқда қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш, тармоқ бозорини ривожлантиришда ишлаб чиқаришни тижорат оқимига йўналтириш, потенциал бозорларни аниқлаш, таъминот занжирига деҳқон хўжалигини жалб этиш, сифатли навлар экиш, қайта ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, экспортга маҳсулот чиқарувчи корхоналарни технологик ривожлантириш, маҳсулотнинг сифат стандартини таъминлаш, илм-фан ютуғидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқот институтларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг географик жойлашувидан унумли фойдаланиш талаб этилади.
Мева ва сабзавотчилик агрокластерларини ташкил этишда деҳқон ва фермер хўжаликлари, қайта ишловчи корхоналар ўртасидаги моддий манфаатдорлик, ҳамкорликка асосланган тизим яратишда тегишли вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтларининг фаол иштирок этиши ҳам бевосита соҳа ривожини таъминлашга хизмат қилади.
Шавкат ҲАСАНОВ,
мустақил илмий изланувчи