2030 йилга бориб Ўзбекистон бугунгидан кўра 2 баробар кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариши зарур. Шу тарздагина иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларини қаноатлантириш, бошқача айтганда, мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш мумкин. Мазкур мақсадга эришиш учун эса Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан кенг кўламли лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиб, соҳани бозор муносабатларига ўтказиш учун ислоҳ этиш жараёнлари мувофиқлаштирилмоқда.
Энергетика соҳасини ислоҳ этиш
Бугунги кунда энергетика соҳаси исталган мамлакат тараққиётининг тагзаминидир. Иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг қулай ҳаёт кечириши, таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминот, коммунал хўжаликнинг мўътадил фаолияти учун имкониятлар айнан шу соҳада яратилади. Аммо бугун соҳани бозор иқтисодиёти йўлига ўтказмай туриб, улкан энергетика инфратузилмасини ишчан ҳолатда сақлаб туриш, боз устига, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мушкул. Фақатгина электр станциялар, электр тармоқлари ва энергетика инфратузилмасининг ўзга муқобилларини қуриш ва ишлатиш борасида энг замонавий ютуқларни қўллабгина қўйилган мақсадларга эришиш мумкин. Бозор қонунлари асосида энергетикани ривожлантириш рақобат учун шарт-шароит яратади, бу эса нафақат воситалар, балки замонавий тажриба ва технологиялар соҳиби бўлмиш энг малакали муҳандисларни лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга имкон беради. Шу аснода яна ўн йилларча долзарб аҳамият касб этувчи ускуна ва услубиятларни Ўзбекистон энергетикасига олиб кириш мумкин.
Энергетика вазирлиги ҳозирги шакл-шамойилида 2 йилдан ошиқроқ вақт муқаддам ташкил қилинган эди. Ўша вақтда ОАВда ҳам, турли учрашувлару мажлисларда ҳам шу тўғрида сўз борар эди. Янгиланишларнинг бош сабаби – илгариги тузилмаларнинг мослашмаганлиги ва бесамарлигидир. Улардан баъзи бирлари ёнилғи-энергетика мажмуасини ривожлантиришга мувофиқлашган ёндашув; инновацион бошқарув тамойилларини жорий этиш; мамлакатимизда соғлом рақобат муҳитини ва қулай инвестиция иқлимини яратиш сингари замонавий вазифаларга жавоб бермасди. Ҳозир Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг бутун ёнилғи-энергетика мажмуаси ривожланишини мувофиқлаштирмоқда. Вазирлик ўз таркибидаги ташкилотлар билан биргаликда электр ва иссиқлик энергиясини, кўмир ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, нефть, газни қазиб олиш, қайта ишлаш ва улардан олинган маҳсулотларни ташиш, тақсимлаш, сотиш ва ишлатиш жараёнларини давлат томонидан бошқаришни амалга оширмоқда.
Ёнилғи-энергетика мажмуасидаги ушбу ўзгаришлар бутун асосий тузилмани тубдан ислоҳ этишни талаб қилди. Хусусан, энергетика соҳасида 2019 йил бошида «Ўзбекэнерго» АЖ тубдан қайта ташкил қилиниб, унинг негизида учта: «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари яратилди. Бундай қайта ташкил қилишдан мақсад – электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишнинг замонавий усулларига ўтишдир.
Шу тариқа нефть-газ соҳасини ислоҳ этиш жараёни бошланиб, бунинг натижасида бир шаклдан бошқа шаклга ўтказиш босқичи якунланди – «Ўзбекнефтгаз» АЖ янги ташкилий тузилмаси яратилди, жамият бошқарув тизимида ортиқча оралиқ бўғинлар қисқартирилди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидан «Ўзтрансгаз» АЖ чиқарилиб, у газ қазиб олувчи ташкилотлардан келгусида ташиш, шу жумладан, экспорт ва импортни амалга ошириш ҳамда магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга сотиш учун табиий газни харид қилиш бўйича ягона оператор этиб тайинланди.
«Ўзтрансгаз» АЖ газ таъминоти ҳудудий бўлимлари негизида газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш, аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан шуғулланувчи «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ташкил қилинди.
Бундан ташқари илгари республика Вазирлар Маҳкамаси тизимидан ўрин олган баъзи давлат бошқаруви органлари Энергетика вазирлиги таркибига ўтказилди: «Ўзатом» Aтом энергетикасини ривожлантириш агентлиги; Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (муқаддам – Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси) ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси (муқаддам – Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси) шулар жумласидандир.
Энергетика вазирлиги ташкил қилинган кундан буён ўтган даврда қатор туб ўзгаришлар кузатилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) асосида энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга устувор аҳамият берилди, 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилингани, шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг 2019–2023 йилларга мўлжалланган концепцияси» ишлаб чиқилгани бунинг тасдиғидир.
2020 йил апрель охирида ҳукуматимиз томонидан «2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси» тасдиқланди. Ушбу ҳужжат Энергетика вазирлиги ва алоқадор вазирликлар, идоралар ҳамда халқаро маслаҳатчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Бунинг замиридаги бош мақсад мамлакатни энергия билан таъминлаш, яъни шундай шароитларни яратишдан иборатки, бунда аҳоли ҳам, бутун иқтисодиёт ҳам электр ва ёнилғи билан узлуксиз таъминланади. Бу эса энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизациялаш, истеъмол ҳисоби ва назоратини такомиллаштириш деганидир. Бу мураккаб, лекин амалга оширса бўладиган вазифалар сирасига киради.
Давлат-хусусий шериклик
Энергетика соҳасида бозор муносабатларига ўтиш йўлида муваффақиятли одимлардан бири – Ўзбекистон учун тамомила янги модель – давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида энергия, шу жумладан, ҚТЭМ ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишдир. Бугун ушбу модель жамики қурилаётган ва режаланган электр станциялар учун асосга айланди. Шундай қилиб, янги электр станцияларни, шу жумладан, иссиқлик (ИЭС), қуёш фотоэлектр (ҚФЭС), шамол (ШЭС) электр станцияларини ишга тушириш кўп жиҳатдан мамлакат энергетика соҳасида рўй бераётган бозор ўзгаришларига мисол бўла олади.
ДХШ асосидаги лойиҳалар тендер, яъни рақобатдош бозор асосида ўтказилади. Бу жиҳатдан Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки энг яхши халқаро тажрибани ўзлаштириш ва тендерлар ўтказиш учун техник ёрдам кўрсатмоқда.
Шерзод ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари