Айни пайтда туризм жаҳон иқтисодиётида юқори даромадли, мамлакатнинг молиявий, маданий ва интеллектуал мақомини белгиловчи етакчи омилга айланди. Хусусан, Европанинг ривожланган мамлакатлари, Хитой ва Шарқий Осиёнинг ЯИМ ва бюджет даромадларининг катта қисми, шунингдек, айрим «митти» давлатлар бюджетининг 70–90 фоизини ташкил қилмоқда. Бу жиҳат, аҳоли бандлиги таъминланишига, турмуш сифати ҳамда ҳаёт даражаси сезиларли даражада ижобий тарафга ўзгаришига таъсир кўрсатмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда қисқа фурсатда мазкур соҳага етарлича эътибор қаратилиши натижасида, замонавий туризм индустриясини шакллантириш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга комплекс ёндашиш, замонавий сайёҳлик инфратузилмаси объектларини шакллантириш, ҳудудлардаги мавжуд салоҳиятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айлантирилди.
Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳанинг энг долзарб муаммоларини ечишда, аниқ чора-тадбирлар белгилашда алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур фармонда туризмни янги босқичга кўтариш, уни мамлакат иқтисодиётининг муҳим стратегик секторига айлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, бу борада юртимиз имкониятларини намоён қилиш, барча ҳудудларда мазкур тармоқлар фаолиятини етакчи кучга айлантириш бўйича муҳим вазифа ва йўналишлар аниқ белгилаб берилди.
Сайёҳликнинг иқтисодиётга таъсири, аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамиятини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мазкур соҳа изчил ривожлантирилмоқда. Яъни, қорақалпоқ заминидаги мавжуд улкан тарихий, бой археологик, маърифий ва экологик салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда туристик инфратузилмаларни шакллантириш борасида босқичма-босқич амалий ишлар олиб борилаётгани ижобий самара бермоқда.
Қорақалпоғистон ҳудудида 131 та археологик, 25 та меъморий, 89 та монументал, (39 та диққатга сазовор объект), жами 284 та меъморий моддий-маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Уларни ҳар тарафлама ҳимоя қилиш, ободонлаштириш, қайта тиклаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган дастурларга мос тарзда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудимизда 30 дан зиёд туристик ташкилотлар самарали фаолият юритмоқда, уларнинг сонини тубдан ошириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш, сайёҳларга янада кенг қулайликлар яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Хусусан, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси томонидан Беруний туманидаги «Қизил қалъа» ҳамда «Фил қалъа» археологик маданий мерос объектларида, Қўнғирот туманидаги «Довут ота» мақбарасида, Хўжайли тумани «Миздакхон» мажмуасидаги «Назлумхан сулув» меъморий мақбарасида ободонлаштириш ва қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Нукус шаҳрида замонавий, жаҳон андозаларига мос келувчи 40 ўринли, Тўрткўл туманида 25 ўринли меҳмонхона, Қўнғирот туманидаги «Довут ота» пунктида «Ustyurt bon Voyage» меҳмонхонасининг 20 ўринли филиали, Кегайли туманидаги «Ийшан қалъа» тарихий маданий мажмуаси ва Мўйноқ туманидаги «Кемалар қабристони» объектида туристик базалар, Элликқалъа туманидаги «Ақша кўл» туристик мажмуаси ва «Аёз қалъа» археологик объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Умуман олганда, республиканинг барча ҳудудларида жаҳон стандартларига мос келувчи туризм инфратузилмаларини яратиш, халқаро стандартлар ва меъёрларни жорий этиш, энг аввало, сайёҳлик йўналишидаги йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини, хизмат кўрсатиш ҳамда логистика субъектларини, тарихий-маданий ва археологик обидаларни инвентаризация қилиш, халқаро туризм талабларига мувофиқлаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда сайёҳлик йўналишларига кирувчи автомобиль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари бўйича «Нукус халқаро аэропорти», темир йўли ва автомобиль вокзаллари, И.В.Савицкий номидаги музей, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театри, «Истиқлол» ҳамда «Амир Темур» дам олиш масканларига оид рус, инглиз ва қорақалпоқ тилларида ёзилган янги йўл кўрсаткичлари ўрнатилди. Сайёҳларга янада қулайлик яратиш бўйича «Нукус шаҳри сайёҳлик харитаси» кўп нусхада чоп этилди.
Сайёҳлик соҳасида тадбиркорлар фаоллигини рағбатлантириш, хизматлар бозорини шакллантириш мақсадида Нукус шаҳри, Тўрткўл, Элликқалъа, Кегайли, Чимбой, Қўнғирот ва Хўжайли туманларида халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ва эсдалик совғалари билан савдо қилувчи расталар ташкил этилди. Сайёҳлар мазкур шохобчалар ҳамда савдо расталаридан турли эсдалик буюмларини мамнуният билан харид қилишмоқда.
Туризм салоҳиятини тубдан ошириш, бой тарихий-маданий меросни ҳар тарафлама тарғиб қилиш, хорижий мамлакатларнинг нуфузли халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 13–14 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган 5-Халқаро ўзбек туристик кўргазмасида «Қорақалпоғистон Республикасининг туристик салоҳияти» номли тақдимоти намойиш этилди. Бунда «Қорақалпоқ қора уйи»да фольклор-этнографик гуруҳи вакиллари, ёш бахшилар, ҳунармандлар, туристик ташкилотлар вакиллари, ошпазлар иштирок этди. Кўргазма давомида манфаатли шартномалар имзоланишига эришилди.
И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейида ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, Олий Мажлис Сенати ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасида туризмнинг барқарор ривожланиши (Қорақалпоғистон Республикаси мисолида)» мавзуида халқаро конференция ташкил қилиниб, унда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, Латвиянинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси, ЮНЕСКОнинг Ҳиндистондаги ваколатхонаси вакили, Олий Мажлис сенаторлари, туроператорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Президентининг «2017– 2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Мўйноқ туманидаги «Ўлкашунослик» музейини замонавий аудио ва 3D видеотехнологиялар билан жиҳозлаш асосида Орол денгизи мавзуси, тарихий фотолавҳалар ва ҳүжжатли фильмлар намойиши билан боғлиқ амалий ишлар йўлга қўйилди.
Ахборот технологияларининг сўнгги ютуқлари асосида «Кarakalpakiya.ru», «Аyimtour.com» сайтлари орқали Қорақалпоғистон сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи электрон материаллар ҳамда сайёҳлик дастурлари рус ва инглиз тилларида ўқувчилар диққатига ҳавола этилмоқда. ЮНЕСКОнинг ваколатхонаси билан бирга «Visit Karakalpakstan» веб-сайтини ишга тушириш яқин кунларда амалга оширилади.
Туркиянинг «GG Turizm Sanat Yapim» компанияси томонидан Мўйноқ туманидаги тарихий маданий объектларда, шунингдек, Россиянинг «Мир» халқаро телерадиокомпанияси ижодий гуруҳи томонидан «Тайны времени» лойиҳаси бўйича Аёз қалъа, И.В.Савицкий номидаги музей, «Барса-Келмес» туз кўлида тасвирга олиш ишлари олиб борилди.
Мўйноқ ва Оролбўйи фаунаси, маҳаллий халқнинг урф-одатлари ва анъаналарини тасвирга олиш ва кўрсатувлар тайёрлаш учун «Моя планета», «National Geographic», «Анимал планет», «Viasat Explore» телеканаллари ижодкорлари таклиф этилди.
Қорақалпоқ халқининг классик шоирлари Бердақ ва Ажиниёз ижодига бағишлаб халқаро мусиқали мушоиралар фестивали, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзуида халқаро экофестивал, «Оролнинг 99 хил балиқ таомлари» номли гастрономик фестивалларнинг нуфузи ортмоқда, шу жумладан, қатнашчилар учун халқаро майдонда янада катта қизиқиш уйғотмоқда.
«Айм тур» жамияти, «Ayaz yurt» корхонаси, «Жаҳонгашта» ШК, «Мавлюда қалдирғоч» жамияти, Қуйи Амударё биосфера резервати томонидан янги туристик йўналишлар ишлаб чиқилиб, чет эллик туроператорларга тақдим этилди. Биосфера резервати ҳудудида экологик саёҳат маршрутлари, туристик сервис хизматлари намуналари ишлаб чиқилди.
Амалга оширилаётган кенг кўламдаги чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, Қорақалпоғистон Республикасига жорий йилнинг I-чорагида 3052 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоиз ўсишига эришилди. Соҳада зарур шарт-шароитларни яратиш, туристик имкониятларни кенгайтириш, сайёҳларнинг эътибор ва қизиқишини ошириш натижасида уларнинг ташриф вақти давомийлиги 3891 кундан 4493 кунга қадар ортди. Жорий йилнинг I-ярмида туристларга жами 974 млн сўмлик турли хил, шундан 79 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспорт хизматлари кўрсатилди. Республикада ички туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилаётгани иқтисодий самарадорлик ошишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Таклиф ўрнида айтиш керакки, Қорақалпоғистонда ҳали туризмни ривожлантириш борасида ишга солинмаган ички ресурслар кўп. Шу боис, замонавий туризм индустриясини шакллантириш, энг асосийси, Қорақалпоғистон Республикасида яқин келажакда туризмни ривожлантиришнинг яхлит Концепциясини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш, бунда барча ҳудуд ва тармоқлар, манфаатдор вазирлик ва идоралар, туризм соҳаси вакиллари, маҳаллий ва чет эллик салоҳиятли инвесторларнинг кенг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, туризмнинг тараққий топиши учун соҳага янгича нигоҳ билан қарайдиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга малакали, ташаббускор кадрлар тайёрлаш талаб этилади. Шу боис, Қорақалпоқ давлат университети, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бўлинмалари ҳамда сайёҳлик компаниялари вакиллари ҳамкорлигида дунёқараши кенг, теран тафаккурга эга, салоҳияти юқори кадрларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш лозим. Бу эса, ўз навбатида, қорақалпоқ заминида сайёҳлик имкониятларини янада юқори босқичга кўтариш учун муҳим асос яратган бўлар эди.
Баҳромжон ГУЛИМОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
бош мутахассиси, иқтисод фанлари номзоди