Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг таъсирчанлигини ошириш масаласини унинг ставкаларидан айро ҳолда тасаввур этиш мумкин эмас. Чунки, бошқа шароитлар тенг бўлган тақдирда, бу солиқнинг таъсирчанлигини унинг ставкаси белгилаб беради. Шу муносабат билан қайд этиш лозимки, ушбу солиқнинг ставкаси даражасига, асосан, қуйидаги икки омил ўз таъсирини кўрсатади: ер усти ва ер ости сув ресурслари манбалари; ушбу солиқни тўловчи тоифалар.
Юқоридаги омиллар таъсирида, аввало, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси табақаланган тарзда белгиланади. Бир вақтда ставкаларнинг даражалари ушбу солиқ тўловчилар тоифаларига қараб янада табақалаштирилган тарзда ўрнатилади.
Бизнингча, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг табақалаштирилган ставкалари шу тарзда ўрнатилар экан, мазкур ҳолатда солиқ таъсирчанлигини ошириш нуқтаи-назаридан бир қанча захиралар мавжуд эканлигини аниқлаш мумкин. Бу ўринда, аввало, ушбу солиқ тўловчиларнинг алоҳида олинган тоифаларига нисбатан белгиланган ставкалар ва уларнинг таҳлил ишлари амалга оширилади. Айни пайтда уларнинг ҳар йили, муттасил равишда ўзгариши, ўзгариш суръатларининг турли даражада эканлиги, шунингдек, сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларига нисбатан солиқ тўловчилар тоифаларига мувофиқ равишда ўрнатилган ставкаларнинг энг юқори ва энг паст даражаларининг ўзаро нисбати ва бу нисбатнинг тегишли давр мобайнида ўзгариши кузатилади.
Бу ўринда биз, дастлаб, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг бюджет даромадларини шакллантиришдаги ролини бир неча йўналишлар бўйича кўриб чиқамиз. Энг аввало, бу солиқ умумдавлат солиғи бўлганлиги учун унинг Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг даромадларини шакллантиришдаги ролини аниқлаш лозим. Шу билан бирга, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ умумдавлат солиғи бўлишига қарамасдан, ҳар йили давлат бюджети параметрлари қабул қилинаётган пайтда у маҳаллий бюджетларнинг ихтиёрига қолдирилаётганлигини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ.
Ҳисобланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг суммаси билан, унинг ҳақиқатда бюджетга келиб тушган суммаси, баъзи бир объектив ва субъектив сабабларга кўра, ҳамма вақт ҳам бир-бирига тўғри келавермайди. Шу боис, бюджет даромадларини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ролига баҳо берилаётганда муаммонинг бу жиҳати ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим.
Юқоридаги ёндашувларни ҳисобга олган ҳолда, дастлаб, ҳар йили мамлакатимиз бюджет даромадлари шакллантирилаётган пайтда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиққа қандай ўрин ажратилаётганлигига аҳамият қаратилади. Яъни, бу жиҳатга ҳам ўз навбатида маълум бир ўрин берилаяпти. Масалан, 2006–2016 йиллар давомида ушбу солиқ ҳисобидан бюджет даромадларининг 0,53 фоизидан (2006 йил) 0,46 фоизгачаси (2016 йил) шакллантириш мўлжалланди. Бу рақамлар давлат бюджети даромадларини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ юкининг унча катта таъсир кучига эга эмаслигини англатади.
Шуниси характерлики, таҳлил қилинаётган йилларда давлат бюджети даромадлари ҳамда ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғининг ўсиш суръатлари йилдан-йилга юқорироқ суръатларда ўсиб бориши кўзда тутилган бир пайтда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар олиш, аксинча, пасайтириб бориш тенденцияси режалаштирилган. Бунинг эса ўзига хос объектив сабаблари мавжуд. Хусусан, бундай манзаранинг вужудга келганлиги, жумладан, кўпгина хўжалик юритувчи субъектларнинг ягона солиқ тўловига ўтганлиги билан ҳам изоҳланади.
2013 йилдан кейин бу борадаги вазият тубдан ўзгармоқда. Бу даврда олдинги йилларга нисбатан акс ҳолат юзага келмоқда. Жумладан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиққа тегишли бўлган режалаштирилган кўрсаткичларнинг ўсиш суръатлари давлат бюджети даромадлари ҳамда ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғига тегишли бўлган худди шундай кўрсаткичларнинг ўсиш суръатларидан юқорироқ даражада бўлиши режалаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу солиқнинг тақдирига нисбатан қараш ёки ёндашувлар ўзгараётганидан дарак беради.
Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимиз давлат бюджети даромадлари шакллантирилаётган пайтда ҳам сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ маълум бир ўринга эга бўлаяпти. Унга кўра, 2005–2014 йиллар давомида ушбу солиқ ҳисобидан бюджет даромадларининг атиги 0,35 фоиздан (2012 йил) 0,53 фоизгачаси (2006 йил) шакллантирилган. Бу, бюджет даромадларини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ катта таъсирга эга эмаслигини кўрсатаяпти. Бундай ҳолатнинг вужудга келишига, ҳатто айрим йилларда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиққа тегишли бўлган ҳақиқатдаги кўрсаткичларнинг, бошқа кўрсаткичларга қараганда, анча юқори ўсиш суръатларига эга бўлганлиги ҳам ўз таъсирини кўрсата олмаган. Умуман олганда, таҳлил қилинаётган даврда умумий манзара қуйидагича бўлган:
● давлат бюджети жами даромадлари ижро кўрсаткичларининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари билан таққослаганда – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаларининг ўсиш суръатлари 3 ҳолда юқори ва 6 ҳолда паст даражада;
● ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғи ижро кўрсаткичларининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари билан таққослаганда – сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммаларининг ўсиш суръатлари 5 ҳолда юқори ва 4 ҳолда паст даражада бўлган.
Мазкур вазиятнинг хилма-хил ва тескари йўналишларга эга эканлиги, ўз навбатида, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги ролига таъсири нуқтаи-назаридан айрим хулосаларнинг таркиб топишига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг бюджет даромадларини шакллантиришдаги роли фақат уни режалаштириш ва ҳақиқатда ундирилиш жараёнларидаги суммаси ва салмоғига боғлиқ бўлмасдан, балки шу солиқ бўйича солиқ қарздорликларининг суммаларига ҳам бевосита боғлиқ эканлиги маълум бўлади. Шунинг учун, энди биз, муҳокама этилаётган муаммони ана шу жиҳатдан кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз:
● 2005–2015 йиллар давомида мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздорликларининг абсолют суммалари ўсиб бориш тенденциясига эга бўлиб, у 2005 йилда 0,1 млрд сўм, 2015 йилда 0,7 млрд сўмга тенг бўлган;
● шу йиллар давомида унинг жами солиқ қарздорликлари суммаларига нисбатан салмоғи 0,07 фоиздан (2006 йил) 0,17 фоизгача (2008 йил) тебранган бўлиб, бу кўрсаткичнинг даражаси 2005–2008 йиллар оралиғида бироз тебраниб турган бўлишига қарамай, кейинги 2009–2015 йилларда бир хил даражада (0,1 фоиз) бўлиб келмоқда;
● таҳлил қилинаётган даврда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздорлигининг ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ қарздорлигидаги салмоғи, асосан, 0,4–0,5 фоизга тенг бўлиб, кескин ўзгариш характерига эга бўлмаган;
● сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ қарздорлиги кўрсаткичларининг олдинги йилга нисбатан ўсиш суръатлари баъзи йилларда қарама-қарши йўналиш ва характерга эга бўлсада, айрим ҳолларда 1,3 баравардан 2,0 бараваргача юқори бўлаётгани ташвишли ҳол.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ суммалари ортган сари, улар ушбу солиқнинг бюджет даромадларини шакллантиришдаги ролига салбий таъсир кўрсатади ва аксинча. Шунинг учун, бюджет даромадларини шакллантиришда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ролини ошириш лозимлиги ҳам абсолют суммаларда ва нисбий суммаларда ҳам, қатъий равишда, йилдан-йилга пасайиб бориш тенденциясига эга бўлиши лозим.
Бизнинг фикримизча, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ўзига хос мақсадли солиқ бўлиб, барча солиқлар сингари икки мақсадга хизмат қилади. Биринчиси, давлат бюджетини даромадлар билан таъминлаш бўлса, иккинчиси, сув ресурсларидан самарали фойдаланишга рағбатлантирувчи таъсир кўрсатишдир. Шундай бўлишига қарамасдан, назаримизда, бу солиқнинг асосий мақсади давлат бюджетини даромадлар билан таъминлаш эмас, балки сув ресурсларидан самарали фойдаланишга рағбатлантирувчи таъсир кўрсатиш ҳисобланади. Шу маънода, бюджет даромадларини шакллантиришда бу солиқнинг иштироки иккинчи даражали аҳамият касб этади. Бироқ, ундан қатъий назар, ушбу солиқ айни пайтда ҳар икки вазифани муваффақиятли даражада бажараяпти, деб бўлмайди. Унинг давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги роли ёки сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш таъсирчанлигини ошириш лозим.
Юқорида қайд этилган хулоса, илмий таклиф ва амалий тавсиялар инобатга олинса, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларнинг улуши жами бюджет даромадидаги улуши ортиши билан бирга, бозор иқтисодиёти талабларига янада тўлиқроқ жавоб бериши ва республикамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Дониёр ҚУРБОНОВ,
катта илмий ходим-изланувчи