Мустақиллик йилларида АКТ, умуман янги инновациялар, техник ишланма ва илғор технологияларга алоҳида эътибор қаратилгани туфайли, мазкур соҳа тез ривожлана бошлади. Бугун улар ёрдамида кундалик турмуш тарзимиз янги мазмун ва маъно касб этиб, барча соҳаларда қулайлик яратмоқда.
Жумладан, янги инновацион технологияларнинг кутубхона соҳасига ҳам татбиқ этилиши бугунги шиддаткор замонда китобхонларга қимматли вақтдан ютиш ва масофадан туриб билим олиш имконини бермоқда. Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган изчил ва устувор ислоҳотлар боис, ёшлар орасида китобга, мутолаа маданиятига қизиқиш янада ортди. Республикамиз вилоятларидаги ўқув масканларида ахборот-ресурс марказлари мавжудлиги ёшларимизнинг китобга, илм олишга бўлган қизиқишига ўзига хос тарзда ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, Республика «Ахборот кутубхона» марказининг ахборот кутубхона ресурслари бўлими таркибида «Ҳужжатларни электрон етказиб беришни назорат ва таҳлил қилиш» сектори фаолият юритади. Сектор мутахассислари ҳудудий Ахборот-кутубхона марказлари иш жараёнини назорат ва таҳлил қилиб боради. Улар фойдаланувчилардан келиб тушаётган адабиётларнинг электрон шакли бўйича сўровлар миқдори, мазмунини ўрганади. Шунингдек, сўровларнинг бажарилиши, вақтли матбуот ёки даврий нашрларнинг буюртмачи китобхонлар электрон манзилига етиб борганлиги ёки бормаганлиги текширилади. Жорий йилнинг ҳисобот даврида ҳудудий АКМ фойдаланувчиларига 100 дан зиёд шу турдаги адабиётлар етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 12 январда имзоланган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишини айни вақтда чиқарилган, кутубхона-ахборот фаолияти ривожига ҳисса қўшувчи муҳим ҳужжат бўлди, десак муболаға эмас. Ушбу фармойиш моҳиятан юрт истиқболини, ёшлар тафаккурини ошириш, китобга муҳаббатни уйғотишга хизмат қилиши билан эътиборли.
Бугун Ўзбекистонда яшовчи турли миллатга мансуб аҳоли учун илмий-оммабоп, бадиий, ўқув-услубий адабиётлар, газета ва журналлар узлуксиз тарзда нашр этилиб, етказиб берилмоқда.
Жумладан, соҳага оид 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, бугунги кунда 1677 та матбаа корхонаси, 118 та нашриёт давлат рўйхатидан ўтказилган. Сўнгги, замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 14 та ахборот-кутубхона марказлари, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс марказлари қизиқувчан китобхонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Бу борада зиё масканлари – «Китоб олами», «Шарқ зиёкори» ва «Ўздавкитобсавдотаъминоти» мажмуаларида ҳар қандай нозик дидли ўқувчига ҳам манзур бўлувчи китоблар: классика, жаҳон адабиёти намуналари, замондош шоир ва ёзувчилар асарлари, болажонлар учун турли халқларнинг миллий эртаклари мавжуд. Китобни нашр кўринишида бевосита мутолаа этиш яхши, албатта. Айниқса, ёшлар орасида бадиий юксак асарлар уларни тафаккурини бойитувчи, интеллектуал салоҳиятини ўстирувчи китоблар, шу жумладан, ўқув, бадиий, маърифий адабиётларнинг кўплаб нусхаларда чоп этилаётгани республикамизда китобхонликка катта эътибор берилаётганини кўрсатади.
Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси замон талабларига мос тарзда жиҳозланганлиги, замонавий электрон кутубхоналар тизими фаолият юритаётганлиги ўқувчиларга қўшимча қулайликлар яратмоқда.
Янги ахборот технологиялари тараққий топиши билан бирга, ҳозирги кунда ахборот олиш ва тўплаш имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Ахборот-кутубхона муассасаларининг ўзаро ахборот алмашинуви ва ягона маълумотлар базаси яратилиши Республика ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналари ўртасидаги ҳамкорликнинг янада фаоллашувига сабаб бўлди. Маълумотлар базасини тўлиқ шакллантиришда марказ ва кутубхоналарнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда иқтисодиёт соҳаларида бўлгани каби кутубхоналарга замонавий технологиялар татбиқ этилиши, доимий тарзда янги дастурлар билан таъминланиши тобора фаоллаштирилмоқда. Ахборот-кутубхона муассасаларини ўзаро ягона тармоққа улайдиган дастурларнинг бир-неча турлари мавжуд. Хусусан, 2008 йилда Кадата – автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими BePro дастурчилар маркази томонидан ишлаб чиқилган. Мазкур дастур локал тармоқ орқали 234 та мактаб, 38 та коллеж, тўртта олий таълим муассасаси Ахборот-кутубхона марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги жами 14 та Ахборот-кутубхона марказларининг тўлиқ матнли электрон каталогларини ягона базага қамраб олган. Тизим ёрдамида анъанавий карточка каталоглари маълумотларнинг электрон каталоглар айланадиган янги ахборот технологияларини яратиш, ахборотларни сақлаш ишларини ривожлантиришда янги босқич бўлди. Ахборот-кутубхона марказларида электрон каталог, тўлиқ матнли фактографик, мультимедиявий, рефератив ва библиографик маълумотлар базаси яратилмоқда. Электрон жамғармалардан фойдаланиш ниҳоятда қулай бўлиб, улар қуйидаги устунликларга эга:
● каталоглаштиришнинг электрон воситалари орқали зарур маълумотлардан қулай ва тез фойдаланиш;
● глобал интернет тармоғи орқали ҳужжатлар ўтказиш ва айирбошлаш.
Шунингдек, электрон каталоглар кутубхоналарга ахборот ва кутубхоналараро ҳамкорликни таъминлашга яқиндан кўмаклашади.
Кадата дастури асосида иш юритувчи ахборот-кутубхона ва ахборот ресурс марказларининг адабиётлар фондидаги мавжуд нашрларнинг pdf ҳолатидаги электрон кўриниши яратилади. Нашрларни электрон ҳолатга келтириш учун қарийб барча муассасалар махсус «Кесиш қурилмаси», «Тезкор сканер» ва «Елимлаш қурилмаси» каби зарур техникалар билан таъминланган. Замонавий техник қурилмалар ёрдамида адабиётларнинг электрон кўриниши яратилиб, у Кадата тизимидаги маълумотлар базасидан ушбу китобнинг библиографик тавсифига бириктирилади. Юқорида санаб ўтилган ахборот-кутубхона муассасаларининг исталган бирида ёки бевосита масофадан туриб dilib.uz сайтида рўйхатдан ўтган фойдаланувчининг электрон почта манзилига электрон кутубхонага кириш ва китоблардан фойдаланиш учун шахсий логин ва пароль юборилади. Фойдаланувчи шахсий пароль ва логини орқали исталган жойда интернетга кириб dilib.uz веб-сайтидаги маълумотлар базасидан ўзига керакли адабиётларнинг тўлиқ матнини электрон кўринишда мутолаа қилиш имкониятига эга.
Республика ахборот-кутубхона маркази серверида жойлашган маълумотлар базаси ҳар йили мунтазам равишда 6000 дан зиёд электрон китоблар билан тўлдирилмоқда. Жараёнлар Республика ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан назорат ва таҳрир этилаётганлиги иш сифати ва самарадорлиги ошишини таъминламоқда. Тобора шаклланиб ва оммалашиб бораётган электрон кутубхона ёрдамида ўқувчи китобнинг электрон нусхасидан фойдаланишга ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.
Китобларни электрон шаклга ўтказиш ва аҳолига етказиб бериш ахборот-кутубхона тизими Россия, АҚШ, Жанубий Корея давлатларида ривожланган. Ушбу давлатларнинг ахборот-кутубхона соҳасида қўллаётган илғор иш услублари Ўзбекистонда ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ҳужжатларни электрон тарзда етказиб бериш фаолияти мазкур соҳада амалга оширилаётган йирик иш жараёнларидан бири ҳисобланади. Мисол учун, dilib.uz сайти фойдаланувчиси ўзига зарур китоб матнига электрон почтаси орқали буюртма бериши мумкин. Бу борада хорижий мамлакатлар иш тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, ахборот-кутубхона муассасалари ўзининг китоб фондидан ташқари, олий таълим ва барча турдаги ўқув муассасалари, шахсий китоб фондларини электрон шаклга ўтказиш учун буюртмалар олиб, тўлиқ матнли маълумотлар базасини яратиш фаолияти билан ҳам шуғулланади. Яратилган ягона маълумотлар базаси ёрдамида фойдаланувчи бир нечта фойдаланувчининг китобларини мутолаа қилиш имконига эга бўлади. Шунингдек, бир ахборот-кутубхона марказида мавжуд китобнинг электрон шакли яратилиб, Республика ахборот-кутубхона марказининг серверида жойлашган маълумотлар базасига қўшилса, бошқа ахборот-кутубхона маркази ушбу нашрни электрон шаклга ўтказиши шарт эмас, электрон каталокка қайси кутубхонада нусхаси мавжудлиги ҳақида маълумот киритса бас.
Юқорида қайд этилган фармойишга асосан Ўзбекистонда фаолият юритаётган ахборот-кутубхона муассасалари аҳолининг кенг қатламларига сифатли хизмат кўрсатиши зарурлиги, уларнинг вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бўйича жойлашиши ва бўйсуниш тартибларига ўзгартириш киритиш, ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш, таълим соҳасидаги ахборот-ресурс марказлари фондини шакллантиришда ўқув адабиётлари, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётлар рўйхатини, харид қилиш бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Мазкур ҳужжат тегишли муассасалар ходимларига жиддий масъулият юклайди, бу – ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиз тараққий этиши ҳамда маънавий баркамолликка эришишда китобнинг беназир ролига урғу беради. Унинг ижроси республикамиз аҳолисининг, айниқса, ёшлар китобхонлигини оширишга, шунингдек, ўқув муассасаларини мақбул нархлардаги кўплаб ўқув ва қўшимча адабиётлар билан таъминлашга хизмат қилади. Агар dilib.uz сайтига ушбу турдаги адабиётларнинг электрон шакллари юкланса, ўқувчилар, талабалар ва кенг китобхонлар оммаси масофадан туриб зарур адабиётлардан фойдаланиш орқали ўз маблағ ва қимматли вақтларини тежашга эришади.
«Ҳужжатларни электрон етказиб беришни таҳлил ва назорат қилиш» сектори 2017 – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йилида АКМ фойдаланувчилари билан онлайн тарзда мулоқотлар уюштириш, уларнинг таклиф ва талабларини ўрганишни режалаштирган. Шу орқали кенг китобхонлар оммасига АКТ ёрдамида хизмат кўрсатиш тури ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Нилуфар ИСМОИЛОВА,
Республика ахборот-кутубхона маркази бўлим бошлиғи