Тошкентга илк бор келганимда, мени нафақат шаҳарнинг гўзаллиги, балки унинг бой тарихи ҳам лол қолдирди. Пойтахтнинг кўплаб музейларидан жой олган бой маданий мерос Ўзбекистоннинг замонавий цивилизациямизни шакллантирган савдо, тижорат ва тадқиқотлар ривожининг инсоният солномасида тутган марказий ўрнидан далолат бериб турибди.
Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум Ҳазрати Олийлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати билан янги стратегик муносабатларни белгилаш ҳақида бизга кўрсатма берганида (бу Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Амирликларга ташрифи чоғида таъкидланган эди), биз ҳамфикр мутахассислар жамоаси билан бирга ишлаётганимизни англаб етдик. Бу мутахассисларнинг ишга содиқлиги, ғайрат-шижоати ва ўз халқи учун энг яхши натижаларга эришиш истаги бизни ҳам илҳомлантирди.
Ўтган қисқа даврда биз замонавий технологияларнинг роли ва бошқарув жараёнини чинакамига ўзгартирган «Энг яхши интеллектуал ҳукумат» иловалари учун биринчи мукофотни жорий этишдан тортиб то «Бир миллион дастурчилар» лойиҳасигача, ҳукумат акселераторларидан тортиб то Future Foresight дастуригача кенг кўламли ташаббуслар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Кўплаб қўшма семинарлар, конференциялар ва илғор тажрибаларни алмашиш дастурлари самимий дўстлигимизни мустаҳкамлаш, бошқарув ва инновацияни ўзгартириш ҳамда иқтисодий, сиёсий ва инсон капитали тараққиёти учун илҳомлантирувчи, ўзаро манфаатли имкониятларни яратишга ёрдам берди.
Биз савдо алоқаларининг қадимий анъаналарини ҳам, ислом меросига асосланган қадриятларни ҳам, тинч ҳамкорлик ва инновациялар келажагига бўлган ишончни ҳам баҳам кўрамиз. Биз шунингдек, ўқитишнинг янги усулларини кашф этиш, аҳил ва тотув яшаш, ҳамкорликдаги фаолиятнинг истиқболларини кўриш муҳимлигига ишонамиз.
Ҳамкорлигимиз кўп жиҳатдан Яратганнинг марҳаматига лойиқ ва мустаҳкам ҳисобланади.