Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қатор ташкилотлар билан бирга ташкил қилган тадбирда парламент аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, дипломатик корпус вакиллари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ва «Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Онажоним табиат» ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган, табиат манзараларини тараннум этувчи расмлар билан бойитилган 100га яқин иншо, шеър ва расмлар орасидан саралаб олинган ижодий ишлар муаллифлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбирида XV Республика экожурналистика танлови, «Тиббиёт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва экология» мавзуидаги ижодий танлов ғолиблари эълон қилиниб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорлар ижросида она табиатни, олам ва одам уйғунлигини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Манба uza.uz