Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугун хусусий сектор нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришда ҳам алоҳида аҳамият касб этаётир. Айни пайтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш баробарида давлатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси ва унинг соҳа ривожидаги аҳамиятига бағишлаб Қаршида ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди, – дейилади ЎзА сайтида. Мазкур фармон мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва сунъий чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий ишлаб чиқарувчилар улушини изчил оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Чунки, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини орттириш муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда иштирок этган туман ва шаҳар ҳокимлари, тадбиркор ва фермерлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Яккабоғ тумани кенгаши қошида ташкил этилган “Китоблар уйи” ҳамда туман “Ягона ойна” маркази фаолияти билан танишди.
Тадбир доирасида тадбиркорлар Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан инвестиция мажбурияти эвазига “ноль” қийматида сотилиши мўлжалланган объектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улушлари стратегик хорижий инвесторларга сотилиши лозим бўлган акциядорлик жамиятлари, очиқ савдолар орқали тўлиқ хусусий мулк қилиб бериладиган объектлар билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани тадбиркорлик соҳасини янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.