Zulfiya tavalludining 100 yilligi

Ardoqli shoira, mehribon ustoz

     Халқимизнинг суюкли шоираси Зулфиянинг баҳор нафаси, табиатга, ҳаётга муҳаббат ғоялари билан лиммо-лим тўла ижоди қалбларга самимият бағишлайди. Унинг шеърлари она-табиатга, шу табаррук тупроққа, унинг меҳнатсевар, фидойи инсонларига, мунис опа-сингилларимизга чуқур эҳтиромга йўғрилгани билан ғоят қадрлидир.
 
    Давлатимиз раҳбарининг қарори билан ардоқли шоиранинг 100 йиллик таваллуд айёми кенг нишонлангани ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятини юксалтириш, улар қалбида ватанпарварлик, ибратли анъаналарга ҳурмат ва эҳтиром, миллий адабиётимизга бўлган меҳр ва иштиёқини тобора кучайтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
 
    “Туркистон” саройида 27 февраль куни Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
 
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева ва бошқалар мамлакатимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик адабиёт, санъат, маданият ва маънавиятимизни, илм-фанни тобора равнақ топтириш, янгича фикр ва дунёқарашга эга бўлган авлодни вояга етказиш, ижодкорларни янгидан-янги марралар сари руҳлантириш имконини бераётганини таъкидлади.
 
    Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларда миллий адабиётимиз ривожи йўлида самарали фаолият кўрсатган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини қадрлаш, хотирасини эъзозлаш, асарларида тараннум этилган ғояларнинг мазмун-моҳиятини китобхонлар орасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади.
 
    Зулфиянинг шеърияти навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, уларни она-Ватанга муҳаббат, эзгулик, юрт тақдирига дахлдорлик, инсонийлик, меҳр-садоқат, саховат, поклик ва ҳалоллик, меҳнатсеварлик ғояларида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади. Шоиранинг «Ҳаёт варақлари»,
 
    «Ҳижрон кунларида», «Юрагимга яқин кишилар», «Мушоира» каби шеърий тўпламлари миллий адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган. Соғинч, изтироб, ҳаётга чексиз муҳаббат билан йўғрилган «Баҳор келди сени сўроқлаб», «Халқимга айтар сўзларим», «Соғиниш», «Салом, тансиқ баҳор!», «Шарқнинг ўзи Она бўлган ҳамиша» каби шеърлари адабиёт мухлисларини гўзалликка, инсонни, ҳаётни қадрлашга ундаши билан бирга меҳр, садоқат, сабр-қаноат, матонатдан сўзлайди. Узоқ йиллар «Саодат» журналининг бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатган Зулфия моҳир таржимон, жамоат арбоби, журналист сифатида ҳам самарали меҳнат қилди. Камтарин, оддий, айни дамда теран маънавият соҳибаси, ўзбек зиёли аёлининг ёрқин тимсоли бўлган Зулфия қизларимиз учун чинакам ибратдир.
 
    Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида мамлакатимизнинг энг истеъдодли қизлари адабиёт, фан, таълим, маданият, санъат каби йўналишларда ушбу мукофот билан тақдирланмоқда.
2008 йилда пойтахтимизда шоира хотирасига бағишлаб маҳобатли монумент барпо этилгани Зулфиянинг миллий адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, бетакрор ижодий мероси, самарали фаолиятининг яна бир юксак эътирофидир.
 
   Шоиранинг «Сайланма» китоби чоп этилди. Инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима этилган шеърий тўпламлари китобхонлар учун ўзига хос туҳфа бўлди. «Зулфия замондошлари хотирасида» китобида адабиётшунослар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, мунаққидларнинг эл суйган ижодкор ҳақидаги ёрқин хотиралари, қимматли фикрлари келтирилган.
 
   Шоиранинг «Хотирам синиқлари» достони асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда спектакль тайёрланди. Зулфия ижодини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида «Саодат» журнали қошида «Зулфияхоним мактаби» тўгараги ташкил этилиб, шоиранинг ижтимоий фаолияти ҳақида ёшларга батафсил маълумот берилмоқда. Шоира ижоди акс эттирилган махсус веб-сайт ишга туширилди.
 
   Кечада ўзбек киноижодкорлари томонидан Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишлаб тасвирга олинган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тантанали кечада Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг келини Риоя Олимжонова юртимизда адабиёт, санъат ва маданият аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор, сўз санъати равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган ижодкорларнинг адабий меросини ўрганиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, хотирасини эъзозлаш йўлидаги бетимсол эзгу саъй-ҳаракатлар, меҳр ва
ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
 
    Кечада санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг концерт дастури намойиш этилди.
 
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.