Олий маълумотли мутахассис, бунёдкор ва ижодкор бўлган бугунги Ўзбекистон хотин-қизлари ўзининг меҳнаткашлиги, иқтидори ва салоҳияти билан улкан натижаларга эришмоқда. Айни пайтда улар оила ва жамиятимизда тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашдек масъулиятли вазифаларни ўзининг нозик елкасида кўтариб келмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз ижодий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, истеъдод ва интилишларини юзага чиқариш учун барча шароит яратиб берилмоқда. Давлатимиз хотин-қизларнинг нафақат замонавий билим олиши, касб эгаллаши ва саломатлигини мустаҳкамлаши, соғлом фарзандларни дунёга келтириши, балки оила ва рўзғор юмушларини енгиллатиш борасида катта ғамхўрлик кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури амалга оширилаётгани туфайли юртимизда ҳар бир оиланинг оғирини енгил қиладиган янги авлод маиший техника воситалари ишлаб чиқарилаётир.Ҳолбуки, яқин-яқинларгача оналаримиз ва бувиларимиз нафақат чанг, балки доғларни тозалаб, гиламни ҳам ювадиган чангютгичлар, кирни ўзи ювиб, ўзи дазмоллайдиган автомат кир ювиш машиналари, атиги бир неча дақиқада таомни иситиб берадиган микротўлқинли печлар ҳақида тасаввур ҳам қилмаган.
Илгари фақат орзу қилиш мумкин бўлган бундай маиший техника воситалари бугун ҳар бир оиланинг оддий дастёрига айланди. Бу борада ўтказилган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, айни пайтда мамлакатимизда оилаларнинг 94 фоизи музлатгич, 84 фоизи ошхона электр жиҳозлари, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангютгич ва микротўлқинли печлар, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда.
Эътиборли томони шундаки, ушбу техникаларнинг аксарияти юртимиз корхоналарида тайёрланмоқда. Бугунги кунда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси тизимида турли мулкчилик шаклидаги 36 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўн еттитаси «Shivaki», «Samsung», «Artel», «Sino», «Midea», «TCL», «Panda» савдо белгиси остида ўнлаб турдаги телевизор, музлатгич, кондиционер, микротўлқинли печ, газ ва электр плиталари, чангютгичлар, мобиль телефонлар ишлаб чиқармоқда.
Масалан, пойтахтимиздаги «Eko Elektron» ва «Martensit Investment» шўъба корхоналарида техник кўрсаткичлари ва ранги билан ажралиб турадиган «Artel» газ плиталарининг олти тури – «Comida», «Solana», «Fresco», «Gusto», «Appetito» ва «Maestro» ишлаб чиқарилмоқда. «Dream Production» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш майдонларида «Montana», «Gloriya», «Aurora» русумидаги «Artel» кондиционерлари тайёрланаётир. «White Machine Technology» Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси ва «Sky Wind Systems» қўшма корхонасида «Samsung» чангютгичлари ҳамда суюқ кристалл экранли «Artel» телевизорларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
– Маиший техника воситаларига талабнинг ортиб бораётгани ишлаб чиқаришни кенгайтиришни тақозо этмоқда, – дейди «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи Хуршид Юсупов. – Хусусан, ўтган йили мамлакатимиз корхоналари томонидан «Artel» бренди остида 70 мингта музлатгич, 160 минг LED телевизори, 100 мингдан зиёд автомат ва ярим автомат кир ювиш машинаси, 65,2 мингта кондиционер, 530 мингдан ортиқ мобиль телефон, 140 мингта чангютгич ва 165 мингта турли ошхона маиший техникалари етказиб берилди. Жорий йилда бу рақамни кўпайтириш режалаштирилмоқда. Негаки, истеъмолчиларимиз сифати ва дизайни бўйича хорижникидан қолишмайдиган, энг муҳими, нархи арзон Ўзбекистон маҳсулотларини афзал кўрмоқда.
Юртимизда ишлаб чиқарилаётган маиший техника воситалари мамлакатимиз ташқарисида ҳам харидоргир бўлиб бормоқда. Турли хил электр маиший техника маҳсулотлари қатор МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Бунинг самарасида мамлакатимиз корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириб, янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўймоқда. Яқинда «Zenith Electronics» қўшма корхонасида енгил ёруғлик диоди асосида ўзини ўзи бошқарадиган экранли «D-LED» телевизион қабул қилиш мосламасини тайёрлаш ўзлаштирилди. «Martensit Investment» қўшма корхонасида эса маиший техника, шунингдек, электр печлар учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компаниясидан маълум қилишларича, 2015 йилда мамлакатимиз корхоналарида янги русумдаги 24, 32,42 дюймли TV LED телевизорларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Йилига 107,1 мингта шундай телевизор ишлаб чиқарилади. «Oniks Tashkent» масъулияти чекланган жамиятида натрий-кальций шишасидан буюм ва идишлар, маиший ёритгичлар ишлаб чиқариш режалаштирилаётир. Жорий йилда «Sino Eko Plast» масъулияти чекланган жамиятида яхна ичимликлар, ҳаво ҳарорати ва намлигини ўзгартирадиган двигатель ҳамда мосламали вентелятор билан жиҳозланган ҳавони шамоллатиш қурилмалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. «Thermo Water Electric» масъулияти чекланган жамиятида эса электр сув иситгичлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган бундай маиший техника воситаларини махсус дўконлар, бозорлар, юқори технологияли техника воситаларини сотиш бўйича мунтазам фаолият кўрсатадиган ярмаркалардан харид қилса бўлади.
Шуниси эътиборлики, маиший техника воситаларини онлайн режимда сотиш ҳам йўлга қўйилган. Масалан, www.artelmarket.uz сайтида кенг турдаги маиший техника воситалари тақдим этилган. Уйдан чиқмасдан туриб, ушбу сайт орқали буюртма бериш ва товар етказиб берилгач, унинг ҳақини тўлаш мумкин.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда аёлларимиз учун оила ва рўзғор юмушларини тез ва осон бажариш, ўзи ҳамда яқинларига кўпроқ вақт ажратишга ёрдам берадиган маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса аёлларимизнинг ҳаётдан мамнун ҳолда бахтиёр умр кечириши учун хизмат қилади.
Меҳрибон МАМЕТОВА,
ЎзА мухбири