Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида Радик Азизовнинг «Баҳор вернисажи» деб номланган кўргазмаси очилди.
Унда ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, санъатшунослар, мусаввирлар, этнографлар, санъат ихлосмандлари, ёшлар иштирок этди.
Юртимизда миллий қадриятларни қайта тиклаш, уларга янгича маъно-мазмун бахш этиш, халқ амалий санъатининг нодир намуналаридан халқимиз, айниқса, ёш авлодни тўла баҳраманд этиш, улар маънавиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси графика шўъбаси раҳбари Р.Азизов ижодида баҳорий ёрқинлик, кўк ва қизил ранглар уйғунлашуви етакчилик қилади. У қатор танловларнинг ғолиби бўлган.
Мусаввирнинг кўргазмасида баҳор, Наврўз, табиат манзаралари, аёл гўзаллиги акс эттирилган юзга яқин картина намойиш этилмоқда. Унинг «Кўнгил яқинлиги», «Тумор», «Достон ва афсоналар», «Иқрорлик», «Ижод дунёси» каби асарлари томошабинларда қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Б.МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА мухбири