Андижон шаҳри Мустақиллик шоҳ кўчасининг ёнида барпо этиладиган Регистон майдонининг лойиҳасига кўра Жомеъ меъморий мажмуасидан то Девонабой жомеъ масжидигача бўлган майдонда бунёдкорлик ишлари олиб борилади, деб хабар тарқатмоқда telegraf.uz сайти.
Мазкур хабарда ёзишларича, эски қурилмалар бузилади. «Тадбиркорлар уйи», вилоят ўлкашунослик музейи учун янги бино ва «Экспомарказ» нинг Кўргазмалар зали барпо этилади. Мазкур бинолар жаҳон андозаларига мос энг сўнгги технологиялар асосида, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қурилади. Масалан, «Тадбиркорлар уйи»да анжуманлар тақдимот ва кутиш заллари вужудга келади. Ёш архитекторларнинг лойиҳалар устида ишлайдиган маркази шу ерда бўлади. Ўлкашунослик музейининг биноси ҳам экспонатларни сифатли сақлаш учун қулай махсус хоналар, интерьер ва жиҳозларга эга бўлади.
Вилоят ўлкашунослик музейининг ҳозирги биноси таъмирланиб, «Ёшлар маркази», унда 400 ўринли мажлислар зали бунёд этилади. «Камолот»чиларнинг талаб ва истакларига мос хоналар яратилиб, зарур жиҳозлар билан бойитилади, – дейди мазкур мақола муаллифи.