Yoqilg‘i-energetika

Energiya tizimi rivojlanmoqda

     Ҳар  куни табиий газ, сув ва электр энергиясидан фойдаланамиз ва бу қулайликларнинг қай йўсинда хонадонимизга кириб келаётгани ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз. Бизга шундай қулайликни яратиш, мавжуд  корхона ва ташкилотларнинг узлуксиз ишлаб туришини таъминлаш учун  биргина “Ўзбекэнерго” компанияси тизимида 60 мингга яқин мутахассис меҳнат қилмоқда.
 
     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 январда қабул қилинган «Саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компаниясида энергия ишлаб чиқариш қувватлари ва электр тармоқларини реконструкция  ва модернизациялаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
 
     Мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида электр таъминоти тармоқларига уланишда «ягона дарча» тамойилини амалиётга жорий этиш тобора кенгайиб бораётгани ва иқтисодиётни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжудлиги  алоҳида таъкидланди.
 
     Иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши, аҳоли ижтимоий ҳаётининг янада яхшиланиб бориши ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабни  оширмоқда.  Мутахассисларнинг  фикрига кўра,  ишлаб чиқариш кучларининг  имкониятларини янада ошириш мумкин. Бунда асосий эътибор кўп энергия сарфлайдиган, жисмонан ва маънан эскирган асбоб-ускуналарни технологик жиҳатдан замонавий, энерготежамкор ускуналарга алмаштириш, мавжуд технологияларни оптималлаштириш ва янгиларини  жорий қилишга қаратилмоғи зарур. Жумладан, Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигида 2015-2019 йилларда  иқтисодиётда ва ижтимоий соҳада энергия сарфини камайтириш,  замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш дастури ва унга кўра “йўл харитаси” тасдиқланиши мўлжалланмоқда.
 
     Бунда, энг аввало, тизимда ишлаб чиқарувчи қувватлар буғ-газ қурилмаларини жорий қилган ҳолда модернизация қилиниб, техник аудит натижаларига кўра,  жисмонан эскирган ускуналар янгисига – тежамлисига алмаштирилади. Шу боис янги лойиҳаларда ана шундай талабларга жавоб берадиган технологик ечимлардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришда хизматлар ҳажмини ошириш билан  бирга, маҳсулот учун сарфланаётган шартли ёқилғи миқдорини камайтириш, асосий қувватлар ва ёрдамчи хўжаликларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни  кенгайтириш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда шаҳарсозлик ва қурилиш  меъёрларига ўзгартиш киритиш  кўзда тутилган. Асосий мақсад табиий газ, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва  бошқа турдаги энергия ресурларидан тежамли фойдаланиб, иқтисодиётдаги барқарор  суръатларни таъминлашдан иборат.
 
     – Ишлаб чиқариш ҳажмларини оширмасдан, яъни энергия ҳосил қилиш учун сарфланаётган ёқилғи ҳажмлари доирасида  қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш имконини берадиган инвестиция лойиҳалари доимий эътиборда, – дейди “Ўзбекэнерго” компанияси энергетикани ривожлантириш истиқболлари бошқармаси бошлиғи Равшан Ортиқов. – Мавжуд иссиқлик  электр станцияларида бир  киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг солиштирма сарфи замонавий энергия манбаларникидан  камида 120 граммдан  кўпроқдир.  Мисол учун, икки йил олдин Навоий иссиқлик электр станциясида жорий этилган замонавий технологиялар эвазига компания 300 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришди. Тежалган иқтисодий маблағлар тежамкор технологияларни соҳага жалб этишда  қўл келади.
 
     Худди шундай турдаги энергия манбалари Тошкент, Толимаржон, Тахиатош ва бошқа бир қатор иссиқлик электр  станцияларида  жорий этилади. Ушбу иссиқлик электр станцияларини модернизация қилишда фойдаланиладиган буғ-газ қурилмаси замонавий илмий-техник ишланмалардан эканлиги билан аҳамиятлидир. Тошкент ИЭСда ана шундай буғ-газ қурилмасининг қуввати 370 мегаваттни ташкил қилади. 2,8 миллиард киловатт-соат электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган бундай қурилма  йилига 250-300 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Бошқа электр станцияларда ҳам энергия самарадорлиги ошиши ва катта ҳажмда табиий газ тежалиши кутилмоқда.
 
     Албатта, барча турдаги истеъмолчиларни, айниқса, аҳоли ва хусусий тадбиркорлик субъекти истеъмолчиларини  электр энергияси билан узлуксиз, сифатли  таъминлаш ҳамда уларнинг тармоқларида электр энергия истеъмоли сарфини камайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам  2019 йилгача барча ҳудудий тармоқларда модернизациялаш ҳамда реконструкция юмушларини бажариб, янги тарқатиш электр тармоқларини барпо этиш кўзда тутилган. Жорий қилинадиган изоляцияланган симлар кўмагида электр энергиясини етказиб бериш мустаҳкамлиги, эксплуатацион харажатлар, электр энергиясини узатишдаги сарфларни камайтириш ва, асосийси, истеъмолчилар томонидан энерготаъминот ишончлилиги масаласи юзасидан билдирилаётган ўринли эътирозларнинг олдини олиш имкониятлари туғилади.  Умуман  олганда, 2019-2020 йилларга  мўлжалланган дастурнинг амалга оширилиши натижасида бир неча юзлаб аҳоли яшаш пунктлари, маҳаллаларда истиқомат қилувчи истеъмолчиларнинг электр энергиясига талаби қондирилиб, бир миллиард  киловатт-соатга яқин электр энергиясини узатишдаги йўқотишлар камайтирилишига эришилади.
 
     Тизимдаги корхоналарда амалга оширилаётган ишлар натижасида тақсимловчи электр тармоқлари такомиллашмоқда, электр таъминоти ишончлилиги ошмоқда. Хусусан, 2 минг 864 маҳаллада яшовчи истеъмолчилар, вилоятлардаги истеъмолчилар ҳамда  ижтимоий объектларда электр таъминоти яхшиланди.
 
     Маҳсулот ишлаб чиқариш таннархида  электр ресурслари салмоқли ўрин эгаллайди. Улардан тежамли фойдаланиш ва иқтисод қилиш ҳар бир кишининг бурчига айланмоғи лозим. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш комиссияси  томонидан  олиб борилган ишлар самарасида истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида замонавий ускуналардан фойдаланиш эвазига электр захираси яратилмоқда. Шунингдек,  веб-сайт  яратилиб, ягона портал орқали интерактив хизматлар йўлга қўйилган.  Жумладан, тадбиркорларни текшириш жадваллари, улар фаолиятига тегишли меъёрий ҳужжатлар рўйхати ва онлайн  хизматлари эълон қилинган. Кичик бизнес вакиллари ушбу хизматлардан фойдаланган ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиши мумкин. Сайтда энергиядан тежамли фойдаланишга тааллуқли ўттиздан ортиқ турдаги методик қўлланма ва ишланмалар жойлаштирилган.
 
     Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 5 миллиондан кўпроқ маиший электр энергия истеъмолчиси бор. Инсоният тараққиётида муҳим  ва кашф этилганига бир неча асрлар бўлган чўғланма лампалар бугунги кунда анча эскирди. Агар ҳар бир хонадон  қуввати  100 ваттли  чўғланма лампа ўрнига  7-10 ваттли  замонавий светодиод электр ёритиш ускунасини қўлласа, истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли камайиб, ёритиш ускуналарининг ишлаш муддати узаяди, иқтисодий манфаатдорлик ортади.
 
     Ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишида энергия ресурслари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган мамлакат. Бироқ бу бизга қимматбаҳо табиий ресурсларга хўжасизларча муносабатда бўлиш ҳуқуқини бермайди. Улардан оқилона ва тежамли фойдалансак, келажак авлод ҳам бу бойликлардан  баҳраманд бўлади. Зеро, иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини кучайтириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш кўп жиҳатдан мавжуд ресурслардан, жумладан, электр энергиясидан қанчалик тежамли ва оқилона фойдаланишимизга ҳам боғлиқдир.
 
 
Сайёра ШОЕВА,
ЎзА мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.