Navro‘z - 2015

Hamjihatligimiz ifodasi

     Мамлакатимизда 14-15 март кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 18 миллиондан зиёд юртдошимиз иштирок этди
 
     Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 февралда қабул қилинган «2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори Наврўз байрами арафасида шаҳару қишлоқларимизни ободонлаштириш, ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, беғараз ёрдам ва меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
 
     Мазкур қарор ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 мартдаги фармойишига биноан мамлакатимизда эълон қилинган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари барча туман ва шаҳарлар, қишлоқ ва маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим масканларида уюшқоқлик билан ўтказилди.
 
     “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан олинган маълумотларга қараганда, ҳашар кунлари қирқ уч минг гектардан ортиқ майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Йигирма олти минг километр узунликдаги ариқ-зовур ва лотоклар тозаланиб, тўққиз мингдан ортиқ зиёратгоҳ ва қабристон тартибга келтирилди. Ўн олти мингга яқин махсус техника воситаси ёрдамида қарийб олтмиш минг тонна маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланган жойларга чиқариб ташланди.
 
     Ҳашар йўли билан бир юз элликдан ортиқ объектда амалга оширилаётган реконструкция ишлари якунига етказилиб, янги маҳалла идоралари, гузарлар, савдо дўконлари, “Гўзаллик салони”, “Оталар чойхонаси”, дорихона, тўйхоналар, болалар майдончалари, ишлаб чиқариш цехлари ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди.
 
     Ромитан туманидаги “Боғча”, Тўрақўрғон туманидаги “Ўзбекистон”, Деҳқонобод туманидаги “Истиқлол”, Боғдод туманидаги “Боғдод”, Бувайда туманидаги “Яшнаробод”, Миробод туманидаги “Чинор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида янги болалар майдончалари фойдаланишга топширилди.
 
     Бойсун туманининг “Тоқчи”, Данғара туманининг “Тўлабой”, Қува туманининг “Мингчинор”, Амударё туманининг “Гулзор”, Улуғнор туманининг “Деҳқонобод”, Марҳамат туманининг “Чилон”, Шофиркон туманининг “Доригар”, Бахмал туманининг “Новқа” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги маъмурий бинолари аҳолига хизмат кўрсата бошлади.
 
     Косонсой туманидаги Мажнунтол, Сардоба туманидаги Наврўз, Чиноз туманидаги Олмазор, Қибрай туманидаги Ёнариқ, Ғузор туманидаги Обод маҳаллаларида ишга туширилган “Оталар чойхоналари” Кексаларни эъзозлаш йилида нуроний отахонларга муносиб туҳфа бўлди.
 
    Термиз туманидаги “Қуёшли юрт”, Чуст туманидаги “Сероб” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида “Гўзаллик салони” очилгани аҳолига кўрсатилаётган маиший хизмат сифатини ошириш имконини беради.
 
    Ҳашар кунлари халқимизнинг меҳр-оқибат, мурувват, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу қадриятлари янада кенг намоён бўлди. Якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган кексалар ҳолидан хабар олиниб, уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашилди. “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчилар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, имконияти чекланган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
 
     – Биз, кексаларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароит умримизга умр қўшмоқда, – дейди Шофиркон туманидаги Бобоҳайдар маҳалласида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фронти фахрийси С.Деҳқонов. – Уй-жойимизни таъмирлашга келган ҳашарчиларнинг кўмагидан, қўллаб-қувватлашидан кўнглим тоғдек кўтарилди, дилим шукроналикка тўлди.
 
     Умумхалқ хайрия ҳашарида «Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига 24 туп кўчат» шиори остида корхона, ташкилот ва муассасаларнинг жамоалари томонидан ўн миллиондан ортиқ манзарали, саккиз миллиондан зиёд мевали дарахт, ўн икки миллионга яқин гул кўчати ўтқазилди. Дарахтларга шакл берилиб, оқланди.
 
     Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ўз иш жойлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторийлар ҳудудларига беш миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт, икки юз ўттиз беш мингдан ортиқ гул ниҳоли экди. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан 100 ёшга тўлган онахон ва отахонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.
 
     Оммавий ҳашарда айниқса, ёшлар фаол иштирок этди. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан амалга оширилаётган «Юртимни обод этаман» акцияси доирасида “Ҳар бир ёшга бир ниҳол” ҳамда “Ҳашар ёшларга ярашар” лойиҳалари минглаб ёшларни бирлаштирди. Фаол ва ташаббускор ёшлар ҳашар кунлари «Камолот» ва ёшлар боғлари, қабристон ва зиёратгоҳларни тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашди.
 
    – Янгиланиш ва яшариш айёми арафасида ўтказилаётган ҳашарда иштирок этаётганим, умумжамоа ишига ҳисса қўшганимдан мамнунман, – дейди Термиз давлат университети талабаси А.Каримов. – Ҳашарда миллий қадриятларимизнинг нақадар қадимий, бой ва ранг-баранг экани яққол намоён бўлди. Буларнинг барчаси юртимизда тинчлик-осойишталик ва ҳамжиҳатликни асраш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
 
   Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар «Маҳалла» жамоат фондининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Бу маблағлар кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар атрофи, гузарлар, мавзелар, болалар майдончалари, зиёратгоҳларни ободонлаштириш каби хайрли ишларга йўналтирилади.
 
Барно МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА мухбири

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.