Guardian нашрида нашр этилган хабарга кўра, бутун Британияда эпидемия авжига чиққан даврда 3 мингга яқин бемор нафас олиш мосламаларига уланган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 70 нафарни ташкил қилмоқда. Аммо ушбу мамлакатнинг кўплаб минтақаларида вирусга чалиниш ҳолатлари сони ортиб бормоқда.
Ушбу тенденциянинг сабаби нима бўлиши мумкин?
Guardian нашрига интервью берган шифокорлар ушбу тенденция юзасидан турли фикр-мулоҳаза билдиришди.
Баъзи мутахассисларининг фикрича, эндиликда беморларга дастлабки кунларга қараганда анча самарали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Масалан, дексаметазон препарати интубацияланган беморларнинг соғайиш даражасини оширмоқда.
Айрим олимларнинг фикрича, бу жараёнда бошқа бир омиллар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.
Яна бир қарашга кўра, Covid-19 ҳозирги кунда, асосан, ёшлар орасида тарқалмоқда ва шу боис ҳам ўлим кўрсаткичи камайган.
Бу энг ёмони ортда қолганини англатадими?
Йўқ. АҚШ экспертлари ушбу мамлакатда сўнгги пайтларда, айниқса, 20-30 ёшдагилар орасида эпидемия авж олганини билдиришди.
Аммо кўп ўтмай, ёшлардан касалликни юқтириб олган кексаларнинг сони ортиб, ўлим кўрсаткичида ҳам ўсиш кузатилган.
Эндиликда мутахассислар худди шунга ўхшаш ҳолат Европа мамлакатлари, хусусан, Британияда ҳам юз беришини, ўлим даражаси ушбу мамлакатда ҳам яна ортиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Коронавируснинг ўлим даражаси пасайиши мумкинми?
Бу қарашни қўллаб-қувватлайдиган баъзи олимлар бор.
Уларнинг сўзларига кўра, вирусларнинг аксариятида вақт ўтиши билан ўлим даражаси пасаяди ва Covid-19 ўзгаришга учрайди.
Аммо бу нуқтайи назарга қарши мутахассислар мазкур жараённинг у қадар тез содир бўлмаслигини айтишмоқда.
Яна бир қарашга кўра, ижтимоий масофа қоидаларига амал қилинган тақдирда инсонларнинг бир-бирига коронавирусни юқтириш дозаси сезиларли даражада камаяди. Унга кўра, иммунитет тизими паст дозаларда юқтириб олинган вирус билан осонроқ кураша олади. Бу эса, ўз навбатида, ўлим даражаси пасайишига сабаб бўлади.
Олимлар коронавирус билан боғлиқ саволларнинг ҳеч бирига ҳали аниқ жавоб топилмаганини ва тенденцияларнинг сабабларига ҳам йиллар давомида олиб бориладиган изланишлар натижасида жавоб топиш мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Манба: Kun.uz