16 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча боғчалар, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантинга ёпилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов коронавирус мавзусига бағишланган брифинг чоғида маълум қилди.
Kun.uz манбаси хабар қилишича, таълим муассасаларидаги карантин уч ҳафтагача давом этиши кўзда тутилган, вазиятга қараб муддат узайиши ҳам мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. У 11 март куни Франциядан қайтган, у билан бир рейсда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари тиббий назоратга олинган, беморнинг оила аъзолари ва у билан алоқада бўлган бошқа кишилар изоляция қилинган.
Бундан аввалроқ Kun.uz манбаси коронавирус туфайли Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим муассасалари вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берганди.