2020 йилнинг 5 март куни президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг “Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилганди.
Давлат раҳбари бошчилигида ўтган ушбу учрашувда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга ҳам тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 6 март куни президент томонидан берилган кўрсатма ва топшириқлар ижроси юзасидан “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви томонидан йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ҳудудида геология-қидирув соҳасида, углеводород конларини ўзлаштириш борасида кооперацияни мустаҳкамлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси ҳамкорлигининг янги босқичи белгилаб олинди ҳамда “Йўл харитаси” тузилди.
Унга кўра:
“Лукойл” компаниясининг ишлаб чиқариш ва қазиб олиш объектларини ўрганиш ва ушбу объектларда рақамли технологияларнинг қўлланиши билан танишиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси аъзолари, Россиянинг Перм ўлкасига ташриф буюради;
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси “Рақамли кон” концепцияси доирасида тажриба алмашишдан ташқари, ишлаб чиқариш давомида рақамли ERP тизимини қўллашда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди;
геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси ҳамкорлигида қўшма корхона, “Илмий-ўқув марказ ташкил этилиши, Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида эса ҳамкорликда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Билдирилишича, белгилаб олинган режаларни амалга оширилиши икки томоннинг келишуви асосида назорат қилинади.
Манба: Kun.uz