Марғилон ва Қўқон комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади

Фото: Advantour

Марғилон ва Қўқонда арзон уй-жойлар қурилади, иссиқлик тизими модернизация қилинади. Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, 2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарлари комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида инфратузилма объектларини янада ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар кўламини ошириш, урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, аҳолига кўп қаватли, шу жумладан арзон уй-жой комплексларини барпо этиш ва доимий иш ўринларини ташкил этиш бўйича келгуси 5 йилга мўлжалланган аниқ Дастур ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш зарур бўлмоқда.

Қарор билан Фарғона вилояти Қўқон ва Марғилон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши мўлжалланган. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Элёр Ғаниев, Жамшид Қўчқоров Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида инфратузилма объектларини ривожлантириш ва урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўлган халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилинишини таъминлайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жаҳон стандартлари асосида халқаро бозорларда талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, замонавий технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий инвестицияларни, биринчи галда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Туркия Республикасининг “ГЕБЗЕ” саноат зонаси тажрибасини “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жорий қилиш чораларини кўради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларига ер майдони ажратиш, инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, лойиҳа ташаббускорларига эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини беришни истисно тариқасида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” ДУК томонидан амалга оширилиши бўйича таклифига розилик берилиши мумкин.

Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат Божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги Фарғона вилоятидаги “Uzwoolentex” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқариладиган жун аралашмали матолар ва улардан тикиладиган кийимларни икки йил давомида тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиш бўйича зарурий тадбирларни амалга оширади.

Бунда, юқоридаги идораларга жун аралашмали матолардан кийим тикадиган республика ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларга зарур матоларни “Uzwoolentex” қўшма корхонасидан олиш тавсия этилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йил якунига қадар “Uzwoolentex” қўшма корхонасини тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш, лойиҳани иккинчи босқичида қўшимча ускуналарни олиб келиб ўрнатиш, биноларнинг қолган қисмидаги қурилиш ва реконструкция ишларини якунлаш, белгиланган миқдордаги инвестицияларни ўзлаштириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш чораларини кўради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги Марғилон ва Қўқон шаҳарларида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда 2020 йил якунига қадар камида иккитадан:

“Ўзчармсаноат” уюшмаси чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси;

“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси;

АТ “Алоқабанк” чинни ва керамик буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси;

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тикув-тўқимачилик корхонасини ташкил этиш чораларини кўради.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида қурилиши режалаштирилаётган янги кўп 9, 12 ва 16 қаватли арзон уй-жойлар учун “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК томонидан ишлаб чиқилган янги турар жой массивларининг бош режаларига асосан вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларидан танланган ер майдонларини белгиланган тартибда ажратилишини ва ушбу шаҳарлар ҳудудига ўтказилишини таъминлайди.

Қурилиш вазирлиги, “Ўзшаҳарқурилишинвест” ИК, “Қишлоққурилишинвест” ИК, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Марғилон ва Қўқон шаҳарларини 2020-2024 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида қурилиши белгиланган кўп қаватли (9, 12, 16 қаватли) уйларнинг 35 тасини жорий йилда қурилишини бошлаш чораларини кўради.

Қурилиш вазирлиги, Урбанизация агентлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларининг янги замонавий шаҳарчаларида аҳоли жойлашуви, талаб ва эҳтиёжлари ҳамда келгусида уларнинг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда, янги инфратузилма объектларини қуради ҳамда мавжудларини таъмирлайди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фарғона вилоят хокимлиги манфаатдор тармоқ хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Марғилон шаҳридаги Мотрудий, Айланма йўли, Ибрат кўчаларида жойлашган бўш турган ер майдонларини ўрганиб чиқиб, ушбу ҳудудларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Транспорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳридаги аэродромдан янада самаралари фойдаланишни ташкил этиш, эркин иқтисодий зона иштирокчилари ва ёндош ҳудуддаги тадбиркорлар учун логистика бўйича қулай шароит яратиш мақсадида маҳсулотларни тушириш, юклаш ва жўнатиш маркази (Cargo)ни ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифларни киритади.

Молия вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Хитойнинг “ССЕСС” компанияси ўртасида вилоятнинг Қўқон ва Марғилон шаҳарлари ва бошқа ҳудудларида оқава сув тизимларини модернизация қилиш учун Хитойнинг “Эксимбанк”дан маблағларни жалб қилиш юзасидан эришилган келишувга асосан 15 йил муддатга 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни олиш учун белгиланган тартибда кафиллик беради.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Хитойнинг “Эксимбанк”дан олинадиган 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағларни 15 йил давомида маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш чораларини кўради.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Korea District Heating” компанияси ўртасида Фарғона вилоятининг Қўқон ва Марғилон шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш мақсадида имзоланган умумий қиймати 67 млн. АҚШ долларлик келишувларни амалга ошириш учун Жанубий Кореянинг KOICA жамғармаси грант маблағларини жалб этиш бўйича музокараларни олиб боради.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг “Posco International Corporation” компанияси ўртасида “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси Қувасой филиалини давлат-шерикчилиги асосида модернизация қилиш орқали 50 мВт электр энергияси ҳамда 30 гКл иссиқлик ишлаб чиқариш лойиҳасини ўрганиб чиқиб, аниқ ҳисоб-китоблар асосида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.