Миллиардлаб йиллар муқаддам Марсда узоқ муддат давомида сув билан тўлган кўллар мавжуд бўлган. Олимлар Curiosity марсоходи ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб шундай хулосага келишди, дея хабар бермоқда НАСА.– дейилади kun.uz сайтида.
Мақолада ёзилишича, кузатувлар натижаси 3,8 ва 3,3 млрд йиллар муқаддам узоқ давр мобайнида сув оқимлари ва кўллар бўлган, деган хулоса чиқаришга имкон туғдирди. Жумладан, Шарп тоғларида сақланиб қолган чўкинди қатламлар қолдиқлари бунга гувоҳлик бермоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, чўкинди қатламларининг шаклланиши ярим миллиард йиллар давомида содир бўлган.
“Шубҳасиз, миллиард йиллар аввал Марс ҳозиргига қараганда Ерга кўп жиҳатдан ўхшаш бўлган. Бизнинг вазифамиз юмшоқроқ иқлим қай тарзда юзага келгани ва намлик билан боғлиқ қандай ҳодиса рўй берганини аниқлаштиришдан иборат”, – деди НАСАнинг Mars Exploration дастури етакчи олими Майкл Мейер матбуот анжуманида.
28 сентябрь куни НАСА Марс сатҳида суюқ ҳолатдаги сув мавжудлиги аниқланганини маълум қилган эди, – дейди хабар муаллифи.