Мазкур мақола qashqadaryogz.uz сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда
Статистик маълумотларга кўра, 2015 йилнинг 9 ойида вилоятимизда 99 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган. Бунда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ўсиш кузатилади. Ҳудудда ушбу турдаги саноат маҳсулотларига талаб ошаётгани шу соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сонининг тобора кўпайишига, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига сабаб бўлаяпти. Натижада ички бозор сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлаяпти. Аҳамиятлиси, ҳозирги вақтда вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 470 дан ортиқ корхона мавжуд.
Бундай тадбиркорлик субъектлари Қамаши туманида ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, бугунги кунда ҳудудда айни шу йўналишда самарали иш олиб бораётган “Исматиллаев Арслонбек” хусусий корхонаси фаолияти эътиборга молик.
– Фаолиятимизни 2011 йилда том ёпиш материали – полимер черепица ишлаб чиқаришдан бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Рашид Раҳматов. – Аввалига камроқ маҳсулот чиқардик. Полимер черепица пластмасса чиқиндилардан тайёрланади. Ушбу хомашёни топиш осон эмас. Шунда йўналишларни кўпайтириш ҳақида ўйлай бошладик. Бизнинг лойиҳа 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига киритилди. Натижада тижорат банкидан 77 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Ушбу маблағни Хитойдан янги ишлаб чиқариш линиялари, ускуналар ва хомашё харид қилиб келтиришга сарфладик. Эндиликда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз тури кўпайиб, уларнинг ёнига металл черепица ва профнастил ҳам қўшилган. Қолаверса, замонавий ускуна ёрдамида тарнов, нов ва қор ушлагич каби қўшимча қисмларни ҳам ишлаб чиқараяпмиз. 4 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур технологиялар энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради.
Маълумки, бугун юртимизда бизнес юритиш, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун кенг шароитлар яратилган. Тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ давлат муҳофазасида. Уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйилмоқда, юзага келган муаммо ва тўсиқлар эса дарҳол бартараф этилаяпти. Бунинг натижасида ўз мустақил фаолиятини бошлаш истагидаги ишбилармонлар сафи кенгайиб, уларнинг бизнес ғоялари амалиётга самарали татбиқ этилмоқда.
– Бугун тадбиркорга берилаётган қулайлик ва имтиёзларни санаб, адоғига етиб бўлмайди, – дейди Косон туманидаги “Макс фен плюс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Чори Жалолов. – Биз ҳам ҳар қадамда ана шундай енгилликлардан баҳраманд бўлаяпмиз. Ортиқча оворагарчилик бўлмагандан кейин асосий эътиборни бевосита ишлаб чиқаришга, маҳсулотларимиз сони ва сифатини оширишга қаратиш имкони пайдо бўлади. Ҳозирги кунда уч йўналиш – ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаяпмиз. Ўтган йили пишиқ ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик. Умумий қиймати 215 миллион сўмлик замонавий технологиялар бир кунда 50 минг донагача ғишт пишириш имкониятини бермоқда. Қўшимча 15 нафар кишини иш билан таъминладик. Заводимизда 18 камерали айланма печь ўрнатганмиз. Натижада ёқилғи тежалаяпти, иссиқлик бир меъёрда сақланаяпти. Ҳар бир камеранинг сиғими 6800 дона ғиштни пиширишга мўлжалланган.
Тадбиркорнинг айтишича, корхонанинг қурилиш соҳасидаги ишлари ҳам анча бароридан келган. Айни дамда жамият қурувчилари Косон туманидаги Қуйи Оброн массивида намунали лойиҳа асосида 8 та уй-жой бунёд этишмоқда. Шунингдек, корхона тасарруфидаги 2 та юк ташиш ва 1 та юк ортиш машинаси каби техника воситаларини ижарага бериш хизмати ҳам ташкил қилинган. Ишбилармон келгусида анчайин даромадли соҳа бўлган балиқчиликка қўл уришни мақсад қилган.