Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Суғурта – болалар нигоҳида» расмлар кўрик-танлови якунларига бағишланган матбуот анжумани ҳамда танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди. Бу жараёнда бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган суғурта хизматлари соҳаси муҳим ўрин тутади. Шу боис ёш авлодда суғурта маданиятини шакллантириш, уларга суғурта афзалликларини кенг тушунтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
«Кафолат» давлат акциядорлик суғурта компанияси Тошкент шаҳар бўлими томонидан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган «Суғурта – болалар нигоҳида» расмлар кўрик-танлови бу борада ёшларга яқиндан ёрдам беради.
Шу йилнинг январь ойида бошланган кўрик-танлов давомида «Камолот» фаоллари малакали мутахассислар билан биргаликда мактаб ўқувчилари учун интерфаол ўқув-семинарлари, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ташкил қилди. «Суғурта – болалар нигоҳида» расмлар танлови ўтказилди. Ижодий ишлар «Суғурта – менинг тасаввуримда», «Суғурта билан келажак сари» номинациялари бўйича баҳоланди.
– Лойиҳада қатнашиш давомида суғурта ҳақида ўз билимимни бойитдим, мамлакатимиздаги суғурта хизмат турлари билан танишдим, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактабнинг тўққизинчи синф ўқувчиси Раҳима Турғунова. – Мен чизган расм танлов номинацияларидан бирида иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
Танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
М.ҚАРШИБОЕВ,
ЎзА мухбири