Qashqadaryogz.uz сайтида ёзилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида Қашқадарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 5 триллион 288,9 миллиард сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоиз ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 6,2 фоизга, хизматлар 15,9 фоизга ошди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси солиқ юкини 20,1 фоиздан 19 фоизга босқичма-босқич камайтириш ҳисобидан янада мустаҳкамланди. Юқори иқтисодий ўсиш суръатлари аҳоли даромадларининг 23,5 фоиз ортишига ёрдам берди. Шунингдек, истеъмол талабини рағбатлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар чакана савдо айланмаси ҳажми 11,3 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 8,8 фоизга ошишида муҳим омил бўлди.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори технологияли муҳим қувватларни ишга туширишни жадаллаштириш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини изчил ривожлантириш асосида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштиришга қаратилган инвестиция сиёсати фаол амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2387,1 миллиард сўмни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 25,1 фоиз ўсди.
Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва ресурс базасини ривожлантириш бўйича 2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини оширишнинг устувор йўналишлари дастурининг амалга оширилиши ва жорий йил бошидан буён Марказий банк томонидан қайта молиялаш ставкасининг 10 фоиздан 9 фоизга туширилиши тегишли ҳисобот даврида тижорат банклари томонидан ажратилган умумий кредит портфели ҳажмига нисбатан узоқ муддатли кредитлар улуши 73,7 фоиз бўлишини таъминлади. Кредит қўйилмалари 31,2 фоизга, депозитлар 29,8 фоизга, аҳоли омонатлари 30,3 фоизга, кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар ҳажми 32,9 фоизга кўпайди.
Инвестиция фаоллигининг юқори суръатлари қурилиш-монтаж ишларини ташкил этишни такомиллаштириш, пудратчи ташкилотларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар билан бир қаторда қурилиш-пудрат ишлари ҳажмини 9,5 фоизга ошириш имконини берди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурларни амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариш соҳасида ҳисобот даврида 103,4 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобига 180 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. 95 та янги саноат корхонаси ишга туширилган бўлса, 85 тасида модернизация ишлари бажарилди. Натижада ўтган даврда 3 та янги турдаги саноат маҳсулоти – шпаклёвка, болалар пайпоқлари ва эркаклар пойабзаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган дастурдан жой олган 555 та лойиҳанинг 492 таси (87,8 фоизи) тўлиқ ҳаётга татбиқ этилди.
2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга ўсди. Жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ўсиш 9,2 фоизни ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 4,5 фоизни ташкил этди.
Жаҳон бозорида конъюнктурани олдиндан тахмин қилиб бўлмаслиги ва унинг беқарорлиги кучайиб бораётганига қарамасдан, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилиши натижасида ўтган даврда 158,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинишига эришилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ахборот-коммуникация тизимларини ташкил этиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. Хусусан, йил бошидан буён республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 113,6 миллиард сўм ўзлаштирилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти лойиҳалари бўйича темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш учун қиймати 41 миллиард сўмлик капитал қўйилмалар, жумладан, «Мароқанд – Қарши» ва «Қарши – Термиз» темир йўл участкаларини электрлаштириш лойиҳалари бўйича мос равишда 36,9 ҳамда 4,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Шунингдек, «Қарши» локомотив депоси қайта таъмирланди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйича жами 29,9 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.
Тегишли ҳисобот даврида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш дастурига мувофиқ, 174,9 миллиард сўмлик иш бажарилди.
2013-2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастури доирасида замонавий технологиялар асосида кенг миқёсда фойдаланиш учун 42,5 километрдан ортиқ оптик толали тармоқлар бунёд этилди ва захирага олинди.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоят бўйича 58,97 километр узунликдаги ОТАЛ (оптик толали алоқа линиялари) тортилиб, шундан 8,38 километри FTTx (уйгача ОТАЛ тортиш) лойиҳаси доирасида, 3,64 километри Wi-Fi интернет ҳудудларини ташкил этиш лойиҳаси доирасида ва 46,95 километри тармоқни ривожлантириш учун қўшимча ЭАТСларни ўрнатиш доирасида амалга оширилди.
Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни янада кучайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида 944 та янги кичик бизнес субъектини ташкил этиш имконини берди. Мазкур кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес субъектларига 375,8 миллиард сўм, жумладан, 176,6 миллиард сўмдан зиёд микрокредитлар ажратилди ва бу борада 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ўсиш кузатилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самараси ўлароқ жорий йил биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 44,4 фоиз, саноатда 15,2 фоиз, пуллик хизматлар кўрсатишда 54,4 фоиз, қурилиш ишларида 65,5 фоиз, чакана савдода 22,6 фоиз, асосий капиталга киритилган инвестицияларда 14,9 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда иш билан банд бўлган аҳоли қатламининг 78,3 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил бошидан буён Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги жамғарма томонидан 80 та тадбиркорлик субъектига ёрдам кўрсатилиб, шундан 19 та корхона томонидан 37 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинишига кўмаклашилди. Бундан ташқари, Китоб туманидаги «Вигит Импекс» фермер хўжалигига 500 миллион сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди.
2015-2016 йилларда давлат мулкини хусусийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида инвестиция киритиш мажбуриятини олиш шарти билан вилоятдаги 35 объект инвесторларга «ноль» қийматда сотилиши мўлжалланганди. Жорий йилнинг 26 июнь ҳамда 17 июль кунлари бўлиб ўтган танловда ушбу объектлар инвесторларга жами 39,4 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 731 та иш ўрни яратиш мажбурияти билан берилиши ташкил этилди.
Вилоятнинг саноат салоҳиятини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори янада кенг имконият яратди. Қарор асосида Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида кичик «саноат зонаси»ни ташкил этиш ишлари бошланган. Ҳозирги кунда жойларда муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Чироқчи туманининг Еттитом қўрғонидан ажратилган 20 гектар ер майдонида 151 та лойиҳа бўйича кичик «саноат зонаси» ташкил этиш ишлари бошланган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудда 40,7 минг янги иш ўрни яратилди. Уларнинг 4763 таси мақсадли дастурларни амалга ошириш, 11369 таси тижорат банклари томонидан кичик корхона ва микрофирмаларни кредитлаш, 7299 таси якка тартибдаги тадбиркорликни, 11916 таси касаначиликни ривожлантириш ҳисобидан ва бошқа соҳаларда ташкил этилди.
2014-2015 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада касб-ҳунар коллежларининг 46543 нафар битирувчиси корхона ва ташкилотларга бириктирилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида умумтаълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини жиҳозлаш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 42,3 миллиард сўм ўзлаштирилди, бу режадаги йиллик ҳажмнинг 63,3 фоизини ташкил этди.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг 6 ойи давомида вилоятда 167 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Сарфланган маблағнинг 15,3 миллиард сўми бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар, 83,8 миллиард сўми ҳомийлар ва ижрочилар ҳамда 67,9 миллиард сўми банк кредитлари ҳиссасига тўғри келади. Дастурда биринчи ярим йилликда амалга оширилиши режалаштирилган барча бандларнинг ижроси таъминланди.
Яккабоғ туманидаги Саховат ва Шаҳрисабз туманидаги Мурувват интернат уйларида яшовчи кекса кишиларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилиб, 213 миллион сўмдан ошиқ ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Реабилитация техника воситаларига муҳтож бўлган ногиронлардан 77 нафари аравачалар, 39 нафари эшитиш мосламалари, 122 нафари ҳасса ва 47 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан қўшимча тарзда 41 нафар эҳтиёжманд ногиронга аравача, ҳасса ва дори-дармон бепул тарқатилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 220 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийси ва 1496 нафар кекса пенсионер ва ногирон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги санаторияларда бепул соғломлаштирилди. 220 та корхона ва ташкилотлар томонидан 425 нафар шахс пенсияга чиқишдан олдин 1 миллиард 278 миллион 9 минг сўмлик моддий ёрдам ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди, дея таъкидланмоқда сайт мақоласида.