Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясида сайлов жараёнларини кузатиш учун мамлакатимизга келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси халқаро кузатувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Округ сайлов комиссияси раиси Ў.Мавлонов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ комиссияси фаолияти ва унинг ваколатлари, вилоятда ташкил этилган сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди.
Навоий вилоятида ташкил этилган 333 сайлов участкасининг барчаси сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда зарур жиҳозлар, техник воситалар ҳамда адабиётлар билан таъминланган. Президентликка номзодлар билан сайловчиларнинг учрашувлари ташкил этилаётир.
Номзодларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан ташвиқот мулоқотлари олиб бормоқда.
Учрашувда халқаро кузатувчиларга участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш тартиби, бунда ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни, сайлов комиссиялари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари хусусида сўзлаб берилди.
– Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жараёнини кузатишда иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – дейди кузатувчилар миссияси вакили Камилла Мичалсен. – Учрашувларда шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган сайловга пухта тайёргарлик кўрилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимий ва очиқ кўнгиллиги ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Н.РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири