Мазкур мақола qashqadaryogz.uz сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами барча соҳаларда ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ жорий этишни тақозо этмоқда. Шу боис айни пайтда Республика товар-хомашё биржасида ишларни жаҳоннинг илғор тажрибалари асосида ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, аввало, биржа фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, жумладан, электрон савдоларни ташкил этиш жараёнида яққол намоён бўлаяпти.
Президентимизнинг “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори электрон савдоларни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Айни шу мақсадда алоҳида товарлар, ишлар ва хизматларнинг давлат харидларини амалга ошириш жараёни электрон кўринишга ўтганлиги соҳада кенг кўламли ўзгаришлар қилиш имконини яратди. Хусусан, бу савдоларда соф рақобат муҳитини янада ривожлантириш билан бир қаторда, давлат буюртмаларида кичик бизнес иштирокини кенгайтирди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган меъёрий, ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши ишбилармонлар фаолиятини жадал ривожлантирди. Эндиликда юртимиз тадбиркорлари Республика товар-хомашё биржаси махсус ахборот порталида шахсий кабинет очиб, у орқали электрон савдоларда иштирок этиши мумкин. Қайд этиш жоизки, илгари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реклама қилиш ва унга харидор топиш тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор муаммоларни юзага келтирарди. Натижада чекка ҳудудлардаги тадбиркорлар фаолияти ривожланиши қийин кечарди. Ҳозирда мазкур йўналишдаги ишларнинг тўғри йўлга қўйилгани нафақат тадбиркорлар, балки давлат ва корпоратив харидлар иштирокчиларига ҳам катта қулайликлар берди. Бунда давлат хариди буюртмачилари порталдаги ўзларининг шахсий кабинетлари орқали буюртма берадилар, савдо якунланиши билан энг арзон нархда маҳсулот етказиб берувчи аниқланади ҳамда электрон шартномалар шакллантирилади.
Қолаверса, бу бюджет маблағларини тежаш ва улар устидан қатъий назоратни амалга ошириш механизмини шакллантирди, десак хато бўлмайди. Буни биргина давлат харидлари жорий этилган вақтдан бошлаб, яъни 2011 йилдан 2014 йилгача бўлган давлат харидлари мисолида олиб қараш кифоя. Тегишли даврда давлат харидларининг ҳажми 166 миллиард сўмдан 470 миллиард сўмга кўпайди, тежаб қолинган бюджет маблағлари эса аввалги 22 миллиард сўмдан 117,4 миллиард сўмга ўсди. Шунингдек, мавжуд таҳлиллар мазкур йиллар оралиғида давлат харидлари бўйича ўтказилган савдоларда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг сони 30 мингга ошгани, ушбу рақам дастлабки йилларга нисбатан уч мартага кўпайганини кўрсатди. Кичик бизнес вакилларининг товарлар етказиб беришдаги улуши эса 99 фоиздан кўпроқни ташкил этаяпти.
Давлат харидлари соҳасида эришилган ютуқлар натижасида уни қўллаш доираси корпоратив секторлар ҳисобига кенгайтирилди. 2013 йилдан бошлаб корпоратив харидлар тизимида ҳам бу механизм жорий этилди. Натижада монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва устав фондида 50 фоиздан ортиқ давлат улуши бўлган хўжаликлар учун ҳам электрон харидлар тизими жорий этилди. Бу йўналишда ҳам кичик бизнеснинг улуши катта эканлиги, яъни маҳсулотлар етказиб беришдаги бу кўрсаткич 96,5 фоизга етаётгани нафақат битимлар тузиш ҳажмини кенгайтириб, маблағларни тежаш имконини берди, балки тадбиркорларга ўз маҳсулотларини сотиш, фаолиятини кенгайтириш, фойдани ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга катта йўл очди.
Хулоса қилиб айтганда, ахборот-коммуникация технологияларини соҳага кенг жорий этиш биржа савдоларининг барча иштирокчиларига қатор қулайликлар туғдириши билан бирга дунё тажрибасининг энг самарали услубларини миллий иқтисодиётимиз тараққиёти учун қўллашга катта замин яратди.