Қорақалпоғистон Республикасида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланган ялпи ҳудудий маҳсулот 1 триллион 765 миллиард сўмни, ўсиш суръати 108,8 фоизни ташкил этди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг ҳиссаси 49,6 фоизни, хизмат кўрсатиш 55,1 фоизни ташкил этди, деб ёзмоқда telegraf.uz сайти. Шунингдек, мақолада эътироф этилишича, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўлами 110,4 фоизга етиб, ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда аҳоли жон бошига 19,5 фоизга ортди. Яна бир аҳамиятли масала, ҳисобот даврида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажми 107,4 фоизга етди.
Президентимизнинг «2015 йилги инвестиция дастури тўғрисида»ги махсус қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистонда барча манбалар ҳисобидан 5 триллион 799 миллиард сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. Бу, ижтимоий объектлар ҳисобланган шифохона, таълим муассасалари, болалар спорти объектларида олиб борилаётган қурилиш ва йирик қурилиш ишлари мисолида ўзининг амалий кўринишини топмоқда. Шунингдек, 88та сув таъминоти объектлари қурилиши олиб борилиб, натижада 113 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 81,6 миллиард сўмлик 1232 лойиҳа амалга оширилди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Президентимизнинг махсус Фармони асосида 2015-2019 йилларда 748,4 миллион АҚШ долларилик 8 лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган. Бу, «Тахиатош иссиқлик электр станцияси»да қурилаётган янги ускуналар, шунингдек бир қатор эски пахта тозалаш заводлари негизида замонавий енгил саноат корхоналарини ташкил этилади. Эътиборлиси, ушбу корхоналарни ишга тушириш орқали Қорақалпоғистонда пахта толасини қайта ишлаш қуввати камида 2 мартага ортиши ҳамда уларда беш мингга яқин иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Ҳисобот даврида ҳудудий корхоналар томонидан 14 миллион АҚШ долларига яқин маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган истиқбол кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди.